Файзуллаев Россияда, Ҳамробеков Ўзбекистонда йил рекордини ўрнатди!

Футбол тадқиқодлари маркази – CIES Football Observatory бутун жаҳон бўйича миллий лигалар ва терма жамоалар (миллий, U-23, U-21) учун 2024 йилда энг кўп ўйин ўтказган футболчилар рейтингини эълон қилди.

Рейтингга тадқиқот объекти бўлган жами 66 та лигадан энг кўп ўйин вақтига эга бўлган йигирма нафардан футболчи киритилди.

Жаҳон миқёсида майдонда энг кўп вақт ўтказган футболчи “Барселона” ва Франция терма жамоаси ҳимоячиси Жюль Кунде бўлди. 2024 йилнинг бошидан 15 декабригача бўлган даврда тажрибали футболчи ҳаммаси бўлиб 69 та учрашувда иштирок этиб, 5872 дақиқа майдонда ҳаракат қилган.

Кучли учликдан Бразилиянинг “Флуминенсе” клубида ўйнаётган Колубия терма жамоаси ўйинчиси Жон Ариас (67 та ўйин, 5599 дақиқа) ҳамда “Реал” ҳамда Уругвай терма жамоаси ярим ҳимоячиси Федерико Вальверде (66 та ўйин, 5573 дақиқа) жой олди.

Хорижда тўп тепаётган ўзбекистонлик чарм тўп усталари орасида энг кўп ўйин ўтказиш бўйича ЦСКА ҳужумкор футболчиси Аббосбек Файзуллаевга тенг келадигани топилмади.

21 ёшли ярим ҳимоячимиз Россия Премьер-лигасида иштирок этаётгани боис, рейтингга мана шу чемпионат вакили сифатида киритилди. Файзуллаев Россия Премьер-лигаси вакиллари орасида 2024 йил давомида энг кўп майдонда ҳаракат қилган футболчи сифатида рекорд ўрнатди.

Легионеримиз жами 58 та учрашувда иштирок этиб, 3942 дақиқа тўп тепган. Бу рейтингда Аббоснинг нафақат ЦСКА, балки Ўзбекистон миллий ва U-23 терма жамоаларида ўтказган беллашувлари кўрсаткичлари ҳам киритилган.

Россия Премьер лигаси ўйинчилари орасида Файзуллаевдан кейинги ўринларни “Спартак Москва” ва Коста-Рике терма жамоаси ҳужумчиси Манфред Угальде (53 та ўйин, 3799 дақиқа), “Краснодар”нинг бразилиялик легионери Диего Коста (50 та ўйин, 3787 дақиқа), “Динамо Москва” ва Парагвай терма жамоаси ҳимоячиси Фабиан Бальбуэна (43 та ўйин, 3707 дақиқа) ҳамда “Краснодар” ва Арманистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Эдуард Сперцян (46 та ўйин, 3691 дақиқа) эгаллади.

CIES Football Observatory экспертлари Ўзбекистон Суперлигаси ўйинчлари рейтингини ҳам эълон қилди.

Унга кўра, мавсумни “Навбаҳор”да ўтказган Одилбек Ҳамробеков биринчи ўринга лойиқ кўрилди. Тажрибали ярим ҳимоячи наманганликлар сафидаги ўйинлардан ташқари Ўзбекистон миллий терма жамоаси учрашувларида ҳам фаол қатнашди. 28 ёшли футболчимиз йил давомида жами 47 маротаба майдонга тушиб, жами 4114 дақиқа ўйнаган.

Бошқа бирор футболчимиз йил давомида Ҳамробековдан кўп ўйнагани йўқ. Суперлигамиз вакиллари орасидан кучли учликка Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари – “Насаф”  ҳимоячиси Шерзод Насруллаев (41 та ўйин, 3462 дақиқа) ҳамда “Навбаҳор” ўйинчиси Фаррух Сайфиев (40 та ўйин, 3435 дақиқа) киритилди.

Голи Нзолага ёзилган, қоши ёрилган Ҳусановнинг ўйинини Европада қандай баҳолашди? (фото)

Ана холос: Ҳусановнинг трансферига қарши чиқишмоқда!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!