«Ферги тайм» сабабли «Бавария» раҳбарлари лифтда қандай аҳволга тушиб қолганидан хабарингиз борми?

«Манчестер Юнайтед»нинг сэр Алекс давридаги шиддатли футбол намойиш этишига барча ўрганиб қолган. Айниқса, сўнгги дақиқаларда натижани ўз томонига оғдириши сабабли, мухлислар орасида «Ферги тайм» атамаси пайдо бўлди. Хўш, аслида ҳам шундайми?

Термин «Бавария»га қарши ўйиндан аввал пайдо бўлган

«Камп Ноу» аренасининг баландлиги 48 метр. 1999 йилги финалнинг 89 дақиқасида «Бавария» раҳбарлари - Карл-Хайнц Румменигге ва Ули Хёнесс вип зонадан кийиниш хонасига тушишга қарор қилади. Улар футболчиларни улкан ғалаба билан табрикламоқчи эди. Улар лифтга кириб кетаётганида таблодаги ҳисоб 1:0 кўринишида эди. 3 дақиқадан сўнг, Лифт эшиклари стадионда очилди. Бу пайтга келиб, «қизил иблислар» ҳисобни 1:2 га айлантириб қўйган эди. Айнан ўша оқшом футбол оламида «Ферги тайм» ибораси пайдо бўлди.

Кейинроқ, сўнгги дақиқаларда киритилган голлар Алекс Фергюссоннинг олтин давридан эсдалик бўлиб қолди. Худди Бекхэмга  учган бутса ёки Эрик Контананинг кўтарилган ёқалари сингари «Ферги тайм» ҳам клуб тарихидан муқим ўрин эгаллади.

Аслида, бунинг ортида ҳеч қандай сир йўқ. Шунчаки, сэр Алекс ўз футболчиларини замоннинг энг жисмонан бақувват йигитлари бўлишини таъминлай олган. Шу боис, рақиб чарчаб қолгач, жамоа ўйин тақдирини ҳал қилиб ташлаган. Ваҳоланки, бу воқеаларга қадар ҳам сўнгги дақиқаларда ғалаба қозонган жамоалар етарлича топилади. Хўш, сэр Алекснинг фишкасига айланган голларнинг бошқалардан ажралиб турадиган қандай хислатлари бор?

- Мураббий атайин ҳамманинг кўз ўнгида қўлидаги соатга тикилиши ва унга қўли билан бир неча бор тегиниши керак!

- Бундан сўнг, ҳакам учрашувга керагидан ортиқроқ вақт қўшиб бериши талаб этилади;

- Термин барча жамоаларга қўлланиши мумкин, фақат «Манчестер Юнайтед»га қарши эмас!

567568568

Футбол тарихидаги илк «Ферги тайм»

Қизиқувчан инглиз журналистлари берган маълумотларга қараганда, шотландиялик мутахассис ўз фишкасини илк бор 1992/93 йилги мавсумда амалга оширган. 1993 йилнинг апрелида «Манчестер Юнайтед» «Шеффилд Уэнсдей»ни қабул қилади. Сўнгги дақиқаларга  қадар «Олд Траффорд» эгалари минимал ҳисобда мағлуб бўлаётган эди. Аввалига 88-дақиқада Стив Брюс ҳисобни тенглаштирган бўлса, 97-дақиқада айнан Брюснинг ўзи ғалаба голини уради. Айнан шу ғалаба сабабли, клуб АПЛ жадвалида биринчи поғонага кўтарилади. Мавсум сўнггига қадар, бу ўринни клуб ҳеч кимга бериб қўйгани йўқ. Якунда, 26 йиллик паузадан сўнг, чемпионат олтин медаллари «Юнайтед»га топширилади.

Тарихий камбек ҳақида гап очилган экан, қизиқ бир маълумотни бериб ўтиш лозим. Ўша даврларда ёрдамчи ҳакам томонидан ўйинга неча дақиқа қўшиб берилгани таблода акс этмас эди. Боз устига, бош ҳакамдан бошқа ҳеч ким 90-дақиқадан сўнг, яна қанча ўйин давом этишини билмаган. Бу фактор барча мураббийларни «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйинда асабийлашишга мажбур қилган десак, адашмаган бўламиз.

567568568

Бошқа улкан ғалабалар

Сэр Алекс бир нечта авлод вакилларидан кучли таркиб тузишга муваффақ бўлгани рост. Эътиборлиси шундаки, бу авлодларнинг барчаси сўнгги дақиқаларда ғалабани илиб кетишда бирдек абжир бўлган. Мисол учун: 1998/99 йилги мавсумни олайлик. Агар Англия Кубоги чорак финалида «Ливерпуль» билан ўйинда характер кўрсатилмаганида, афсонавий требл қайд этилмаган бўлар эди. Азалий рақиблар ўртасидаги баҳснинг 80-дақиқасида Дуайт Йорк ҳисобни тенглаштиради. 90+3: Оле Гуннар Сульшер ўйинга сўнгги нуқтани қўяди. Орадан бир неча ой ўтиб, Сульшер яна сўнгги 10 дақиқа учун майдонга туширилади ва «Бавария» дарвозасини ишғол этади. Ҳар бир улкан ғалаба ортида ажиб воқеа мавжуд эканлиги рост. Ўша йилги ички биринчилик баҳсларида, клуб бир нечта учрашувларни сўнгги дақиқалардаги голлар эвазига натижани ўз томонига оғдирган. Бундан кўриниб турибдики, «Ферги тайм» бўлмаганида, 1999 йилги требл ҳам бўлмас эди.

Янги асрга келиб, сэр Алекс Англияда тўлиқ ҳукмронлик ўрнатди десак, адашмаган бўламиз. 2009/10 йилги мавсумни олайлик. Майкл Оуэн «Манчестер Сити»га қарши баҳсда (4:3) катта саҳнага чиққан бўлса, Федерико Македа 2008/09 йилги мавсумда (3:2) «Астон Вилла» билан тўқнашувда олтин очколарни келтирган. Агар сўнгги дақиқаларда керакли натижа қайд этилмаса, шотландиялик мутахассис албатта ҳакамларни ўйинга жуда ҳам кам вақт қўшиб берганидан нолиган:

«Нима учун ўйинга қўшиб берилиши керак бўлган вақтни биригина бош ҳакам белгилаб бериши керак? Бу қандай аҳмоқлик?»

54647568568568

Сэр Алекс трюкининг сири нимада?

2015 йилнинг май ойида шотландияликдан айнан шу масала ҳақида савол берилади. У эса, юзда табассум билан чорак аср сақланган сирни ошкор қилади:

«Менинг соатларимга тикилишим ва уни йигитларга кўрсатишим кўпчиликда қўрқув уйғотгани рост. Бу психологик босим ўтказибгина қолмай, атроф-муҳитга ўз таъсирини кўрсатар эди.

Тан олиш лозим, мен фақат шу нарса учунгина соат тақар эдим. Очиғи, 90 дақиқа давомида ҳеч қачон қўлларимдаги соатга эътибор бермаганман. Ўйиннинг нечанчи дақиқаси кетаётгани ҳам менга қизиқ бўлмаган. Шунга қарамай, соатимга чизиқча ёнида тикилиб турганимни кўрган ҳакам ва футболчилар бу сигнални дарров англаган. Йигитлар соатга қараб турганимни сезса, ўзидаги сўнгги кучни майдонга ташлаш пайти бўлганини англашар эди. Шу важдан бўлса керак, бу трюк деярли ҳар сафар иш берган. Бунда ҳеч қандай олдиндан ўйланган ёки тайёрланган нарса бўлмаган. Шунчаки, сигнал узатишнинг бир йўли холос».

Бу интервью омма юзини кўргач, «Манчестер Сити»нинг собиқ устози - Роберто Манчини дарров жавоб қайтарди:

«Ферги тайм» қандай ишлашини биласизми? Агар «Юнайтед» енгилаётган бўлса, ҳакам албатта 5 дақиқадан кам вақт қўшиб бермаган. Агар улар ғалаба қозонаётган бўлса, максимум 2 минут. Бу омилни айтиб ўтиш билан биргаликда, сэр Алекснинг чинакам буюк мураббий эканлигини ҳам тан оламан».

«Ферги тайм» афсонами?

Эътиборингизга ҳавола этмоқчи бўлган бошқа бир статистикамиз «Ферги тайм» шунчаки оғиздан-оғизга кўчиб юрган стереотип эканлигини исботлаб беради. 1992-2013 йиллар оралиғида АПЛ баҳсларида «қизил иблислар» 90+ дан кейин 16 бор рақиб дарвозасини ишғол қилган. Бу борада улар Англияда 4-кўрсатгичга (!) эга холос. Биринчи поғонани «Ливерпуль» 24 гол билан банд қилиб турибди. Ундан кейинги ўринларда «Арсенал» (19) ва «Челси» (18) кетмоқда. Бундан чиқди, «Ферги тайм»нинг асосий кучи сэр Алекснинг харизмаси машҳурлиги билан боғлиқ.

Энг ажабланарлиси шундаки, шотландиялик мутахассис истеъфога чиққач, клуб сўнгги дақиқаларда кўпроқ гол киритишни бошлади. Сэр Алекс даврида 4,8 фоиз голлар сўнгги 10 минутда киритилган бўлса, ҳозир бу 6,7 фоизни ташкил этмоқда. Ўсиш бор, аммо сэр Алекссиз «Ферги тайм» бўлиши мумкинми? Албатта, йўқ.

Кейинчалик, Рамос-тайм ёки Клопп-тайм сингари атамаларни журналистлар ўз мақолаларида ўқувчиларига тақдим этди, бироқ ҳеч бири кутилган даражада оммалашиб кетгани йўқ. Ҳозирга қадар бирор-бир жамоа сўнгги дақиқаларда гол киритиб ғалаба қозонса, айнан «Ферги тайм» атамаси ишлатилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!