Ҳусанов фаолиятида бунақаси биринчи бор юз берди!

  • 19 сентября, 17:25
  • Zohir Toshxo’jayev
  • 1
  • Футбол
CHERY AUTO

Европа Чемпионлар лигаси клублар миқёсидаги энг нуфузли мусобақа ҳисобланади. Чунки бу турнирда қитъанинг энг қудратли клублари ғолиблик учун куч синашади.

Tecno

Тўғриси, ҳар бир футболчининг орзуларида Европа Чемпионлар лигасида мунтазам иштирок этиш, ўз маҳоратини намойиш қилиш, нуфузли совринларни қўлга киритиш истаги ётади.

Ўзбекистонлик чарм тўп усталари орасида ҳозирча фақатгина Абдуқодир Ҳусановда Чемпионлар лигасида мунтазам қатнашиш имконияти бор холос. Шу боис, юртимиздаги футбол ишқибозлари Абдуқодир ўйнаётган “Манчестер Сити”нинг халқаро турнирдаги иштирокини алоҳида қизиқиш билан кузатиб боряпти.

Чемпионлар лигасининг янги мавсумидаги илк учрашув Абдуқодир Ҳусанов бу гал халқаро мусобақада жамоасининг асосий фигураларидан бири сифатида тўп тепишини кўрсатди. Sports.uz портали вазиятдан фойдаланган ҳолда, 21 ёшли марказий ҳимоячининг ҳозиргача “кўҳна қитъа”нинг энг зўр турнирида ўтказган ўйинларини эътибор қаратди.

Профессионал футболчилик фаолиятини 2022 йилда Беларуснинг “Энергетик-БГУ” клубида  бошлаган Абдуқодир Европа Чемпионлар лигаси дебютини нишонлашига жуда қисқа вақт кифоя қилди. Бир йилдан кейин Франциянинг ўша пайтдаги вице-чемпиони “Ланс”га кўчиб зтган легионеримиз эски форматдаги охирги мусобақада иккита учрашув ўтказишга улгурди.

2023 йилнинг 29 ноябрь куни “Ланс” Англиянинг қудратли клуби “Арсенал”дан 0:6 ҳисобида енгилган ўйинда Ҳусанов 28 дақиқа тўп тепди. Демак, нуфузли мусобақадаги дебют Абдуқодир учун унутилмас даражада хунук бошланди.

Ўша йилнинг 12 декабрида “Ланс” ўз майдонида Испаниянинг “Севилья” жамоасини 2:1 ҳисобида енгди. Бу баҳсда Ҳусанов сўнгги дақиқада захирадан ўйинга қўшилди ва хатто терлашга ҳам улгурмади.

2025 йилнинг январида “Манчестер Сити” футболчисига айланган Абдуқодир Ҳусановнинг бир ойдан кейин янги форматдаги Чемпионлар лигасининг плей-оффида “Реал”га қарши учрашувни тўлиқ ўтказганини ҳақиқий дебют деса бўлади. 19 февраль куни “Сантьяго Бернабеу”да “шаҳарликлар” 1:3 ҳисобида енгилган бўлса-да, ўзбекистонлик футболчининг мезбонлар юлдузи Винисиус Жуниорга умуман ўйин бермагани ҳали ҳамон кенг муҳокама қилинади.

Мадриддаги учрашувда Хосеп Гвардиола Абдуқодир Ҳусанов илк бор ўнг қанотда ўйнатди. Асли марказий ҳимоячи бўлган легионеримиз ўз олдига қўйилган вазифани тўлиқ уддалаб, универсал ҳимоячи эканини яна бир карра исботлади. Ўша баҳсдан кейин мураббийлар штаби Абдуқодирни зарурат туғилганда қўрқмай ўнг қанотга қўйиш мумкинлигини билиб олди.

Ҳусановнинг бу хусусияти янги мавсумда қўл келмоқда. Мавсум бошида Матеуш Нуньеш ва Рико Льюиснинг ўнг қанот ҳимоясида йўл қўйган хатолари мағлубиятга сабаб бўлганидан кейин Гвардиола Манчестер дербисида бу позицияни Ҳусановга топширди.

Абдуқодир “Манчестер Юнайтед”га қарши баҳсда бирорта хатога йўл қўймади, жуда юқори савияда ўйнади, жамоа дарвозаси дахлсиз қолишига ҳисса қўшди. Ўша ўйиндан кейин Гвардиола ўзбекистонлик чарм тўп устасини Чемпионлар лигасида “Наполи”га қарши кечган биринчи тур учрашувида ўнг қанотда майдонга туширди.

Бу гал ҳам Ҳусанов ўзига билдирилган ишончни тўлиқ оқлади. Жамоа яна “қуруқ” ўйин ўтказди ва бунда ҳимоячиларнинг ҳам ҳиссаси катта бўлди. Қолаверса, экспертлар Ҳусанов ҳужум ташкил қилиш ва олдинга ўтиш каби вазифаларни ҳам ўз зиммасига ола бошлаганини алоҳида эътироф эта бошлади.

Хулоса қилиб айтганда, Абдуқодир Ҳусанов Европа Чемпионлар лигасида тўртинчи бор тўп тепди ва бу гал биринчи бор жамоанинг асосий фигураларидан бири сифатида ғалабага таъсир ўтказди.

Ҳусановнинг бутун дунёдаги мухлислари ҳам Ҳусанов кейинги ўйинларда ҳам мунтазам бошланғич таркибда майдонга тушиши ва жамоага ёрдам беришидан умид қиляпти.

Ҳусановнинг ўйинини экспертлар қандай баҳолади?

Гвардиола Ҳусанов келажагига ойдинлик киритди: Бу узоқ давом этмайди!

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию
&
Olim
19/09/2025 20:02
Omad tilayman Abduqodirga. Olloh yuzini yorug‘ qilsin.