ФИФА футзал рейтинги. Ўзбекистон 100 очко йўқотиб, 10 поғона пастлади
ФИФА футзал бўйича терма жамоаларнинг янгиланган рейтингини эълон қилди. Жаҳон чемпионати баҳслари ўз якунига етгандан сўнг, жадвалда катта ўзгаришлар содир бўлди.
Ҳусусан, Ўзбекистон футзал миллий терма жамоаси мундиалдаги ўта омадсиз иштирокдан сўнг, оз эмас, кўп эмас нақд 100 рейтинг очко йўқотиб, 10 поғона пастлади. 4 йилликнинг энг нуфузли мусобақасидан аввал терма жамоамиз 11-ўринда кетаётган эди. Аммо янгиланган рейтингда 21-ўринда жойлашган. Афсуски, бутун рейтингда фақат бизнинг терма жамоамиз энг кўп очко ва ўрнини бой берган.
Осиё жамоаларини ўзини ҳисоблаганда термамиз бир поғона пастга тушиб, 4-ўринда бормоқда. Гарчи Жаҳон чемпионатида қатнашмаган бўлса ҳам, Япония терма жамоаси вакиллари ўртоқлик учрашувларидаги ғалабалар сабабли +8 очко жамғариб, қитъада 1 поғона, дунё рейтингида эса 2 ўринга кўтарилиб олди ва айнан Осиё қитъасида бизни қувиб ўтди.
Марказий Осиё минтақасида ҳозирча бизга тенг келадигани йўқ. Афғонистон умумий рейтингда 30-ўринни(қитъада 6) банд этган бўлса, Тожикистон 42(10), Қирғиз Республикаси 43(11), Туркманистон 66(17) ўринларда боришмоқда.
Гарчи Осиё қитъасига кирмаса-да, яна бир ён қўшниларимиз Қозоғистон терма жамоаси мундиалда анча яхши иштирок этиб, умумий жадвалда 3 поғона юқорига кўтарилиб олди. Шунингдек, ўз ҳисобларига қимматли +77 очкони қўшиб қўйди. Қозоғистон бу натижалари эвазига жаҳон рейтингида 8-ўриндан 5-ўринга қадар юқорилашга муваффақ бўлди.
Аёллар рейтингида эса, Фаррух Зокиров бошчилигидаги қизларимиз ўтган ой якунларига кўра +23 очко ишлаб олди ва +7 ўринга кўтарилиб, умумий рейтингда 18-поғонага жойлашди. Бу Осиё қитъасида бизни 5-ўринга чиқиб олишимизга замин яратди.
Фикрлар