ФИФА таснифидаги мусобақалар финалида хет-трик қайд этганлар
Ads

Японияда бўлиб ўтган Клублар ўртасидаги ЖЧ финалида “Реал” ҳужумчиси Криштиану Роналду хет-трик қайд этишга муваффақ бўлди ва ФИФА таснифидаги мусобақаларнинг финалида 3 та гол киритишга эришган тўртинчи футболчига айланди. Шу муносабат билан эса бугун биз сизларни Роналду ва ундан олдин бу ишни уддалаган 3 футболчи билан таништирамиз.

Жеффри Херст

Англия мезбонлигида ўтган 1966 йилги жаҳон чемпионати айнан “уч шерлар”нинг ғалабаси билан якунлангани маълум. 30 июнь санасида бўлиб ўтган баҳсда мезбонлар Жеффри Херстнинг хет-триги эвазига “немис машинаси”ни тўхтатишнинг уддасидан чиққан эдилар. Умуман ушбу мундиалнинг финали ҳақида турли гап-сўзлар юради, бироқ факт шуки, Херст ЖЧ финалида хет-трик қайд этган дастлабки ва ягона футболчи саналади.

Ромарио

Romario

1997 йилнинг 12 декабридан 21 декабрига қадар Саудия Арабистонида ФИФА томонидан ташкил этилган илк Конфедерациялар кубоги бўлиб ўтган. Ушбу мусобақада Бразилия терма жамоаси бош соврин эгасига айланишган. Финалда “пентакампеонлар” ўша вақтларда Океания минтақасида фаолият юритган Австралияни “илма тешик” қилиб юборган эди. Ромарио эса бутун мусобақа давомида 7 та тўп киритишнинг уддасидан чиқишга муваффақ бўлган ва турнир тўпурари учун аталган совринни ўзиники қилган. Жумладан, голларининг 3 тасини у финалда киритган ва финалнинг энг яхши футболчиси деб топилган.

Роналдо

Ronaldo

Кўпчилигимиз “сўйлоқ” деб аташга ўрганганимиз - Роналдо ҳам 1997 йилги Конфедерациялар кубоги финалида Ромарио сингари хет-трик қайд этган. Фақат Ромариодан фарқли равишда 3 та голдан бирини у пенальтидан киритган. Айтганча, ўшанда “сўйлоқ” турнирда 4 та гол киритишга муваффақ бўлган эди.

Криштиану Роналду

Cristiano Ronaldo

Роналду эса клублар ўртасидаги ЖЧ финалида хет-трик қайд этган илк футболчига айланди. “Кашима Антлерс”га қарши ўйиннинг биринчи бўлимда 4 карра “Олтин тўп” эгасининг ўйини чиқмаган бўлса, қолган дақиқаларда португалиялик юлдуз ўзини “кўрсата олди”. Дастлаб, Васкесга нисбатан ишлатилган қўполлик учун белгиланган пенальтини аниқ амалга оширган “CR7” қўшимча бўлимларда яна икки бор мезбонлар дарвозасини аниқ нишонга олишга эришди.

Изоҳ: Ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги ЖЧлардаги натижалар қўшилмаган

Шаҳзод Холбоев тайёрлади