Флик: "Атлетико"га қарши ўйинларда майда хатолар ҳам қимматга тушиши мумкин"
"Барселона" бош мураббийи Ханс-Дитер Флик "Атлетико"га қарши бўлажак муҳим учрашувлар олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Эслатиб ўтамиз, жамоалар эртага Мадридда Испания чемпионатининг 30-тури доирасида майдонга тушади. Шунингдек, улар яқин кунларда Чемпионлар лигаси чорак финалида ҳам ўзаро куч синашади.
Флик, аввало, "Атлетико"га қарши илк ўйин ҳақида тўхталиб ўтди:
"Ҳа, бу Ла Лига ва Европадаги энг кучли жамоалардан бирига қарши баҳс. Уларда маҳорати жуда юқори футболчилар бор ва ҳар қандай ўйинчи учрашув тақдирини ҳал қилиши мумкин. Энг муҳими, уларнинг майдонидаги сўнгги ўйиндагидек хатоларни такрорламаслигимиз керак. Бугунги машғулот менга ёқди, олдимизда жуда муҳим икки ой турибди".
Шунингдек, у бу рақибга қарши ҳар доим ўйнаш қийин бўлишини таъкидлади:
"Йўқ, уларга қарши ҳеч қачон осон бўлмайди. Уларда дунёнинг энг яхши мураббийларидан бири бор. Мен уларнинг ўйини ва ҳаракатларида кўраётган нарсалар менга жуда ёқади. Жамоада Гризманн каби дунёнинг энг яхши футболчилари бор. Уларнинг ўйинчилари ажойиб, стадионидаги муҳит ҳам жуда юқори даражада".
Флик "Метрополитано" стадиони майсаси ҳақида ҳам алоҳида фикр билдирди:
"Биз бу ҳақда гаплашдик. Мен футболчиларга бунга алоҳида эътибор бериш кераклигини айтдим — эҳтимол, бутса шипларини ўзгартиришга тўғри келади. Улар ҳар қандай шароитга тайёр бўлиши ва тез мослаша олиши шарт", — деди Флик.
Фикрлар