ФР: "Андижон" ҳеч ким қилолмаётган ишни уддалади
Coca-Cola Суперлига баҳслари давом этади. Якунига етган 4-турдан кейин баъзи қизиқ маълумотларни келтирамиз:
1. "Андижон" ортда қолган турда "Олимпик" меҳмони бўлиб, ортга 3 очко билан қайтди. Бу Хомяков шогирдларининг мавсумдаги 2-ғалабаси ҳисобланади. Дастлабки ютуқ Қаршида, "Насаф" майдонида қўлга киритилган эди. Шу тариқа водий клуби сўнгги 2 йилда Ўзбекистон чемпионати баҳсларида ҳам "Насаф", ҳам "Олимпик" устидан зафар қучган биринчи клубга айланди.
2. "Андижон" "Олимпик"ни Суперлигада мағлубиятга учратишни уддалаган 5-жамоага айланди. Бунгача Кападзе шогирдларини фақат "Қўқон-1912", "Локомотив", "Қизилқум" ҳамда ОКМК енгган эди.
3. Ўз майдонида "Турон" билан дурангга эришган "Бунёдкор" қаторасига 4-ўйинни мағлубиятсиз якунлади. Бунақаси сўнгги бор 2021 йилги мавсум охирида, Шуҳрат Мақсудов даврида рўй берган эди.
4. "Турон" Суперлига доирасидаги 15-сафар учрашувини ўтказди. Ҳозирча Яйпан клуби ҳисобида бирорта ғалаба йўқ.
5. "Пахтакор" қаторасига 15-ўйинда "Металлург" устидан зафар қучди. Ўзаро тўқнашувларда бекободликларнинг охирги ғалабаси 2016 йилги мавсумнинг 2-даврасида қайд этилган бўлиб, Муроджон Тошматов билан Ислом Қобиловнинг голи "Металлург"га 3 очко келтирган эди.
6. "Қизилқум" "Насаф"ни Суперлигада қаторасига 9-ўйинда ҳам мағлуб қила олмади. Бундай воқеа сўнгги бор 2018 йилги мавсум охирида содир бўлган. Ўшанда собиқ насафчилар Артур Геворкян ва Эркин Байдуллаевнинг голлари Навоий клубига ғалаба келтирган.
7. Остон Ўрунов "Навбаҳор" либосида 4-голини урди. У бунга қадар наманганликлар учун ОКМК, "Қўқон-1912" ва "Пахтакор" дарвозасини ишғол қилган эди.
8. "Навбаҳор" 3 йиллик танаффусдан кейин, ниҳоят, "Сўғдиёна"ни мағлуб қилди. Бундай воқеа сўнгги бор 2020 йилги мавсумнинг биринчи даврасида содир бўлган. Ўшанда Иван Соловьёв билан Руслан Боловнинг голлари "лочинлар"га ғалаба келтирган эди.
9. "Нефтчи" кетма-кет 4-ўйинда ОКМКни мағлуб қилолмади. Фарғоналикларнинг ўзаро ўйинлардаги охирги ғалабаси 2018 йилда қайд этилган бўлиб, Игорь Тараннинг голи эвазига қўлга киритилган эди.
10. "Сурхон" ва "Бухоро" ўртасида XXI асрда ўтказилган учрашувларнинг ҳеч бири голсиз тугамаяпти. Ўз навбатида бухороликлар Термиз клубига қарши ўтаётган сафар ўйинларида жиддий қийинчиликларга дуч келмоқда.
Фахриддин Рўзиев тайёрлади
Фикрлар