Саудия Арабистони ва дунёда кенг қамровли бокс турнирлари ташкил қилиб келаётган Турки Ал аш Шейх яна бир лойиҳанинг бир қисмига айланди

Турки Ал аш Шейх Саудия Арабистонида нафақат сиёсат ва кўнгилочар саноатида, балки спорт оламида салмоқли ишлар қилиб келаётган шахсдир. У спортни профессионал даражада глобал платформага кўтариш, улкан жангларни ташкил этиш, халқаро клубларда инвестор сифатида иштирок этиш ва кўплаб жанг санъати турларининг машҳурлигини ошириш орқали дунё спортида чуқур таъсир кўрсатмоқда. Футбол, бокс ҳамда ММА спорт турларининг ташкилий масалаларида доимий жонбозлик кўрсатувчи қаҳрамонимиз яна бир муҳим лойиҳанинг бир қисмига айланди: 

Мадина вилояти амири  “Ala Khutah” лойиҳасини Турки Ал аш-Шайх ва юқори мартабали расмийлар иштирокида ишга туширди. Мадинаи Мунаввара, Саудия Арабистони, 2026 йил 15 февраль – Мадина вилояти амири ва Мадина вилоятини ривожлантириш бошқармаси бошқарув кенгаши раиси, Олий Ҳазратлари шаҳзода Салмон бин Султон бин Абдулазиз “Ala Khutah” лойиҳасини расман ишга туширди. Тантанали маросимда Макка вилояти амири ўринбосари Олий Ҳазратлари шаҳзода Сауд бин Мишъал бин Абдулазиз ҳамда Кўнгилочар тадбирлар бош бошқармаси (GEA) раиси, маслаҳатчи Турки бин Абдулмуҳсин Ал аш-Шайх ва қатор юқори мартабали расмийлар иштирок этди.



Мазкур лойиҳа зиёратчиларга Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) муборак Ҳижрат йўлини тартибли ва мазмунли тарзда босиб ўтиш имконини яратишни мақсад қилади. У ушбу тарихий воқеанинг чуқур маънавий ва тарихий аҳамиятини акс эттирган ҳолда, Набий (с.а.в.) сийратини янада кенгроқ тарғиб этиш, шунингдек, йўл бўйлаб жойлашган ҳудудларни ривожлантириш орқали барқарор маданий ва иқтисодий таъсирни юзага келтиришни кўзлайди.

Шаҳзода Салмон бин Султон таъкидлашича, “Ala Khutah” лойиҳаси Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз – Икки Муқаддас масжид Ходими ҳамда Валиаҳд шаҳзода ва Бош вазир Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил қўллаб-қувватлаш сиёсатининг мантиқий давомидир. У Саудия Арабистони ислом оламининг юраги сифатидаги мавқеига таянган ҳолда, муқаддас масканларга хизмат қилиш ва зиёратчилар тажрибасини бойитишга қаратилганини, бу эса "Saudi Vision 2030" мақсадларига ҳамоҳанг эканини қайд этди.

Олий Ҳазратлари ўз нутқида Қироллик ўз тарихини асраб-авайлаб, уни бағрикенглик, тинчлик ва ҳамжиҳатлик қадриятларини тараннум этувчи тирик хабар сифатида дунёга тақдим этаётганини таъкидлади. “Ala Khutah” эса имон ва илмни, асл қадриятлар ва тараққиётни уйғунлаштирган илғор миллий намуна бўлиб, унинг таъсири Мадинаи Мунавварадан бутун дунёга ёйилишини билдирди. Шунингдек, у Ҳижратни инсоният тарихидаги бурилиш нуқтаси дея баҳолаб, уни шунчаки бир жойдан бошқасига кўчиш эмас, балки адолат, раҳм-шафқат ва ҳамжиҳатлик тамойилларига асосланган буюк сивилизациянинг бошланиши сифатида таърифлади.

Лойиҳа илк бор тақвога асос солинган биринчи масжид – Қубо масжиди яқинида эълон қилинди. Бу эса Ҳижрат йўли инфратузилмасини ривожлантириш бошланганининг рамзий ифодаси бўлди. Таъкидланишича, Мадина шаҳри ҳанузгача сийрат маркази ва Исломнинг тирик хотираси сифатида ўзининг цивилизацион ўрнини сақлаб келмоқда. Ўз навбатида, маслаҳатчи Турки Ал аш-Шайх ““Ala Khutah”” лойиҳаси Аллоҳнинг марҳамати ва мамлакат раҳбариятининг қўллаб-қувватлаши натижаси эканини айтиб, бу ташаббус зиёратчиларга хизмат кўрсатиш ва Саудия Арабистонининг тарихий-маданий салоҳиятини кенг намоён этишда муҳим қадам эканини билдирди.

У ўзининг 20 йилдан ортиқ хизмат фаолияти давомида Ҳижрат йўлини икки бор босиб ўтганини, Ҳаж мавсумларида ҳожиларга хизмат қилиш шарафини муяссар бўлганини эслаб, айнан шу тажриба зиёратчилар эҳтиёжини чуқурроқ англаш ва хизматларни янада такомиллаштиришга туртки бўлганини таъкидлади. Лойиҳанинг биринчи босқичи бир миллион нафар зиёратчини қабул қилишни кўзда тутади. 2030 йилга бориб бу кўрсаткични 5 миллионга, келгусида эса 10 миллионга етказиш режалаштирилган. Савр ғори ҳудудида соатига 3 минг кишига хизмат кўрсатиш қувватига эга канат йўли  ўрнатиш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Маълум қилинишича, фақат Индонезиянинг ўзидан икки миллиондан ортиқ мурожаат келиб тушган. Бу эса мазкур лойиҳа маданий, сайёҳлик ва тижорий жиҳатдан катта қизиқиш уйғотаётганини кўрсатади. Лойиҳа иқтисодий жиҳатдан ҳам салмоқли натижа бериши кутилмоқда. Биринчи босқичда 25 минг, келгусида эса 200 минггача бевосита ва билвосита иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.

Ишга қабул қилиш жараёнлари Мадина ва Макка вилоятлари амирликлари ҳамда “Sela” компанияси билан ҳамкорликда, шариат талаблари асосида махсус тайёргарлик дастурлари орқали амалга оширилади.
Маросим давомида “Ala Khutah” лойиҳасига бағишланган тақдимот намойиш этилди. Лойиҳа Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ва у зотнинг ҳамроҳлари томонидан Маккадан Мадинага амалга оширилган муборак Ҳижрат йўлини қайта жонлантиради. 470 километрдан ортиқ масофани қамраб олган йўл 41 та тарихий манзилни, жумладан, Ҳижрат воқеалари билан боғлиқ бешта муҳим масканни ўз ичига олади.
Шунингдек, “Ala Khutah” мобил иловаси ҳам ишга туширилди. У орқали зиёратчилар махсус саёҳат пакетларини брон қилиш, йўл харитаси ва манзиллар ҳақида маълумот олиш имконига эга бўлади. “Ala Khutah” лойиҳаси сийрат билан боғлиқ тарихий масканларни асраш ва зиёратчиларнинг Ислом тарихидаги муҳим воқеалар билан боғланишини мустаҳкамлашга қаратилган миллий ташаббусларнинг бир қисмидир. Бу эса “Saudi Vision – 2030” дастури доирасида диний ва маданий тажрибаларни бойитиш, тарихни замонавий ва интерактив шаклда тақдим этиш, шу билан бирга муқаддас масканлар ҳурмати ва Исломий ўзликни асраб-авайлаш мақсадларига хизмат қилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
kenjebaev
18/02/2026 21:24
Salom