Ҳусановнинг баёнотидан кейин унинг “Сити”даги келажаги қандай бўлади?

Абдуқодир Ҳусанов яқинда Setanta Sports Uzbekistan платформасига берган интервьюсида ҳимоянинг ўнг қанотидан кўра, марказида ўйнашни маъқул кўришини очиқ айтди. Марказий ҳимоя – “Манчестер Сити”да энг кўп маҳоратли ўйинчилар жамланган ва рақобат ўта кучли позиция ҳисобланади.

Хўш, бу баёнотидан кейин Абдуқодир Ҳусановнинг “Сити”даги келажаги қандай бўлади? Бошланғич таркибдаги жойини сақлаб қолади? Қайси марказий ҳимоячи асосий таркибдаги жойидан узоқлашади?

Бу каби саволларга вазиятни синчковлик билан таҳлил қилиб бораётган  cityxtra.co.uk сайти экспертлари  жавоб тайёрлади. Sports.uz портали ушбу манбанинг таҳлилий маълумотларини ўзбекистонлик ўқувчилар эътиборига ҳавола этади.

- Абдуқодир Ҳусанов 2025 йилнинг 20 январида “Ланс”дан 33,5 миллион фунт стерлинг эвазига “Манчестер Сити”га ўтганидан сўнг, Пеп Гвардиола қўл остида яхши таассурот қолдирди. У ҳимоядаги инқироз кучайган пайтда жамоага келиб қўшилди ва “шаҳарликлар” сафидаги илк 12 ойи давомида барча мусобақаларда 32 та ўйинда иштирок этди.

Ҳусанов Англияга келганидан бир неча кун ўтиб, асосий таркибдаги илк ўйинини “Челси”га қарши ўтказди ва учрашув бошланганидан уч дақиқа ҳам ўтмай хатога йўл қўйди. Бу хато натижасида Нони Мадуэке ўйин бошидаёқ лондонликларни ҳисобда олдинга олиб чиққан эди.

Шу вазиятдан кейин ўзбекистонлик футболчининг ўйини яхшиланиб борди. Аммо 54-дақиқада Ҳусанов тажрибали Жон Стоунзга алмаштирилди.

Шундан кейин у ўзини тўлиқ тиклаб, барча кутилмалардан устун чиқди. Абдуқодир  Рубен Диаш ва Йошко Гвардиол каби ҳимоячилар учун жуда қобилиятли ва ишончли захирачи сифатида ўзини намоён қила олди.

Жорий мавсумда эса, 21 ёшли ўзбек ҳимоячиси Англия Премьер-лигаси, мамлакат кубоги, Карабао кубоги ва Европа Чемпионлар лигаси доирасидаги 22 та учрашувда майдонга тушиб, жами 1589 дақиқа ҳаракат қилди. Манчестерликлар мана шу тўртта нуфузли турнирнинг барчасида иштирокини давом эттирмоқда.

Хосеп Гвардиола жамоаси Премьер-лигада иккинчи ўринда бормоқда, Лига кубоги финалига, Англия кубогининг бешинчи босқичига ва Чемпионлар лигасининг 1/8 финалига чиққан.

Бу мавсум Жон Стоунз айни пайтда доимий асосий таркиб футболчиси эмас. Жароҳатлар сабаб у марказий ҳимоячи ва қанот ҳимоячиси сифатида камроқ ўйин вақтига эга бўлди. Шу билан бирга, Матеуш Нуньеш ўнг ҳимоячи позициясида мустаҳкам ўрнашиб олгандек кўринмоқда.

Жорий йилнинг январида “Манчестер Сити” ҳимоя чизиғида яна кадрлар инқирозига дуч келди. “Челси”га қарши 1:1 ҳисобида тугаган ўйинда асосий марказий ҳимоячилар – Йошко Гвардиол ва Рубен Диаш жароҳат олди.

Бу клуб раҳбариятини академия тарбияланувчиси Макс Аллейнни “Уотфорд”дан ижарадан чақириб олишга мажбур қилди. Шунингдек, клуб “Кристал Пэлас”дан Марк Гехини олиш учун  20 миллион фунтлик трансфер амалиётига қўл уришга мажбур бўлди.

Жароҳатини даволатаётганлардан Рубен Диаш ва Жон Стоунз сафга қайтди ва учрашувларда иштирок эта бошлади.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Жон Стоунз мавсум охирида эркин агент сифатида клубни тарк этади. Натан Акенинг шартномаси келаси мавсумдан кейин тугайди ва унинг ҳам келажаги мавҳум.

Клуб раҳбарияти қарорига кўра,  Макс Аллейн эса жамоада қолиб, келаси мавсумда асосий таркибга тўлиқ қўшилиши тахмин қилинмоқда.

Мавсум охирига келиб “Сити” ҳимоя чизиғида яна кучли ҳимоячилар етарли даражада кўпаяди. Хосеп Гвардиола ихтиёрида Рубен Диаш, Йошко Гвардиол, Жон Стоунз, Натан  Аке ва Макс Аллейн бўлса, Абдуқодир Ҳусанов жамоа иерархиясида қайси ўринни эгаллаши ҳақида савол туғилади.

Бу масалага Manchester Evening News нашрининг “Манчестер Сити” бўйича эксперти Саймон Байковски ойдинлик киритди.

Унинг таъкидлашича, ўзбек юлдузи ўзи учун идеал позиция сифатида танлаган марказий ҳимояда муҳим роль ўнайди ва етарлича ўйин вақтига эга бўла олади. Чунки “Манчестер Сити” келаси мавсумда ҳам яна барча фронтларда кураш олиб боради.

Шунингдек, “Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола Ҳусановнинг Англиядаги ҳаётга мослашуви, жамоада муҳим аҳамияти ва келажакдаги уни ёрқин фаолият кутаётганига ишониши ҳақида катта мамнуният билан гапирди.

Бундан келиб чиқиб,  Рубен Диаш ва Жон Стоунз сафга қайтганидан кейин ҳам жамоа бош мураббийи мавсумнинг ҳал қилувчи қисмида таркибдаги энг ишончли марказий ҳимоячига айланиб бораётган Абдуқодир Ҳусановга таяниши шубҳасиз, - деб ёзди cityxtra.co.uk сайти эксперти Ваям Лахоти.

Европалик агент Ҳусанов мисолида ўзбек футболчиларига баҳо берди
Ҳусанов энг яхши ўйинчи бўлган учрашув бир ярим асрлик рекордни урди

Европада Шомуродовга эътибор қаратишди

Супергол урган Шомуродов: Овора бўлма, барибир етолмайсан!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Давлат
18/02/2026 11:27
Офарин. Омад тилайман. Биз Сен билан фахрланамиз