Футболчи "Бухоро"ни тарк этиши, нега "Машъал"ни танлагани, нима учун Суперлигадан тушган таклифни қабул қилмагани ҳақида очиқ айтди
Сайтимиз орқали “Бухоро” клубида юз бераётган ўзгаришлар ҳақида маъумотлар бериб боряпмиз. Клубни бир қатор футболчилар тарк этди. Уларнинг орасида ярим ҳимоячи Собит Синдаров ҳам бор. 25 ёшли ўйинчи Муборакнинг “Машъал” жамоасига кўчиб ўтгани маълум бўлди.
У мавсумнинг дастлабки қисмида “Бухоро” сафида про лигада 13 та учрашувда майдонга тушиб, 1 та гол урди. Ўзбекистон Кубогида эса 3 та беллашувда “Бухоро” шарафини ҳимоя қилди. Футболчи Sports.uz мухбирининг саволларига жавоб берар экан, клубдан кетиши ва “Машъал”га ўтиши сабаблари ҳақида гапирди.
- “Бухоро” билан хайрлашганингизни эшитдик. Клубни тарк этишингиз сабаби нимада? Ёки ўртада ишонч йўқолдими? Билишимча, “Машъал”да экансиз...
- Кетганим сабаби, клуб директори билан ўртамизда гаплашган гаплар бор эди. Лафз берганди, лекин бажармади. Шу сабабли у ердан кетдим. Йил бошида ҳам “Машъал” менга қизиқиш билдирганди. Фақат улардан аввал “Бухоро”дан таклиф бўлгани учун уларга сўз бериб қўйгандим. “Бухоро”га қўшилганимдан кейин “Машал”дан қўнғироқ қилишган. Хуллас, юқоридаги сабаб туфайли бу клубдан кетишга мажбур бўлдим. Аммо “Бухоро”да менда ҳаммаси яхши эди. Мураббий ҳам менга ишонч билдираётганди. Шунчаки, директор билан келиша олмадим.
- “Бухоро”да ярим йиллик фаолиятингиз ўзингизга ёқдими? Натижаларни кутилганидек бўлмагани ўз таъсирини кўрсатдими?
- Коллектив яхши эди. Натижага келадиган бўлсак, ҳали чемпионат тугамаганди. Ҳаммаси ўз қўлимизда эди. “Бухоро”да таркиб ҳам, ўйинчилар ҳам яхши даражада эди.
- “Бухоро”дан кейин балки сизни Суперлигада кўрармиз, деб ўйлагандик. Бу борада олдингизда вариант бормиди?
- Суперлигадан ҳам вариантим бор эди. Аммо “Машъал”ни танладим.
- Нега айнан “Машъал”ни танладингиз? Суперлигада тўп суриш қизиқроқ эмасмиди?
- “Машъал” жамоасидан деярли икки йил қизиқиш бўлгани сабаб бўлди. Шунинг учун муборакликларни кўпроқ хоҳладим. Ўз навбатида бу клуб ҳам мени кўпроқ истади. Шуларни ҳисобга олиб “Машъал”га келишга қарор қилдим.
- Суперлигадан қайси клублар таклиф билан чиқишганди?
- Кўпроқ “Сурхон”дан қизиқиш бўлди.
- Демак, “Машъал”ни “Сурхон”дан афзал кўрдингиз ва энди у ерда қандай мақсадни ўз олдингизга қўйяпсиз?
- Худо хоҳласа, пешқадамликни қўлга киритиб, Суперлигага чиқмоқчимиз.
- “Бухоро”да ярим йил тўп суриб ниманидир хато қилдим, деган хаёлга берилмадингизми? У ерда сизга ёққан ва ёқмаган жиҳатлар нимада бўлди?
- “Бухоро” жамоасида ҳаммаси яхши эди. Қўлимдан келганича клубга ёрдам бердим.
- Про лигада рақобат кучли. “Машъал” билан элитага қайтишга қанчалик ишоняпсиз?
- Жамоага 100 фоиз ишонаман. Ҳамма нарса Худодан. Қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз. 100 фоиз Суперлигага чиқамиз десам нотўғри бўлади. Яна қайтараман: барчаси Худодан.
- “Машъал”ни “Бухоро”дан фарқи нимада?
- Фарқи шароити бўйича. “Машъал”да ҳамма нарса тартибли йўлга қўйилган. Ишлар режа бўйича бўлади.
Фикрлар