Футболчи қизлар. Туркияда тўп тепадиган Солиҳа Ҳусниддинова ҳақида
Навбатдаги футболчи қизимиз айни вақтда Туркия аёллар Суперлигаси клуби "Кожаели Баян ФК" ва Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси ҳисобланган Солиҳа Ҳусниддинова. Қаҳрамонимиз 1998 йил 22 январь куни Қашқадарё вилояти Қамаши туманида туғилган.
Футболчилик фаолияти
24 ёшли ҳимоячимиз илк футболчилик фаолиятини кўплаб иқтидорли қизларга академия вазифасини ўтаган "Қушбеги" клубида бошлайди. Сўнг туғилган вилоятининг номдор клуби "Севинч"да тўп тепди. Кўп ўтмай, чиройли ҳаракатлари ва ажойиб ўйини туфайли "Бунёдкор - W"дан таклиф олади. Қайсидир маънода бу клубда ҳам жуда яхши давр ўтказади. Аммо CАFА турнирида оёғидан жароҳат олади. Бу эса уни узоқ вақтга сафдан четга чиқариб қўяди. На терма жамоа, на ўз клубидан ёрдам олган Солиҳага "қалдирғочлар" клуби мураббийлар штаби даволанишга ёрдам беради. Бир йиллар чамаси қайта тикланиш ишларини олиб борди ва ўз омадини излаб, Туркияга йўл олди. Яхши футболчи ҳеч қачон четда қолиб кетмайди, Солиҳа ҳам у ерда аввалроқ айтганимиздек, "Кожаели Баян ФК"да профессионал фаолиятига яна янги қадам ташлайди. Бугун япониялик Мидори Хонда ҳар бир ўқув-йиғин машғулотига жалб қилаётган ҳимоячимиз бошидан жуда оғир кунларни ўтказди. Аммо ўсишдан, ривожланишдан тўхтамайди.
Оила қуриш ҳақидаги фикри ва шахсий ҳаёти
Солиҳа Ҳусниддинова оилага жуда жиддий қараши ва бу мавзуни энг биринчи ўринга қўйишини айтиб ўтган. Футбол ёки оила танлови бўлса, турмуш қуриш оғир тош босади. Қолаверса, футболчимиз спортчи қизларни кўпчилик уй ишларини қилишни билмайди, деб ўйлайди дейди ва "Бу буткул хато, нима бўлган тақдирда ҳам биз қиз боламиз, спорт ўз йўлига", - деб айтади. Аммо ҳозир футбол ўйнашга вақти ва имконияти бор эканлигида бундан фойдаланишини мақсад қилган.
Мақсади
Ҳусниддинова яқин келажакда Европа клубларида тўп тепишни ният қилган. Туркия эса бу йўлда унга катта ёрдам беради. Чунки бу давлатда футбол жуда ривожланган ва 3 Лига клублари футболчилари ҳам Европа томон ҳаракат қилади.
Маоши қанча?
Солиҳа Ҳусниддинова Ўзбекистон Аёллар Олий лигасида ўйнаган вақтлари яъни, 2020 йилларда маошлар "Пахтакор - W"да 1 ёки 1,5 миллион сўм атрофида тўланса, "Бунёдкор-W", "Севинч", "Сўғдиёна - W" клубларида 2 баробар кўп берилишини таъкидлаб ўтган. Туркия клубларида қанча маош олиши ҳақида эса аниқ маълумотлар йўқ.
Дилноза Мустафоқулова тайёрлади
Фикрлар