Футболчилар қарздорлик туфайли майдонга чиқишни истамасди, "Бухоро"ни Суперлигага қайтаришга тайёрман - клуб устози Жамшид Саидовдан муваффақиятсизликнинг сабаблари ҳақида
26 та ўйинда 14 очко тўплай олган “Бухоро” Суперлигани тарк этди. Клуб бутун бошли мавсум давомида бор-йўғи битта ўйиндагина ғалаба қозонди холос.
Мавсумнинг ярмидан бош мураббийликка олиб келинган маҳаллий мутахассис Жамшид Саидов ҳам ҳар қанча уринмасин барибир муаммолар гирдобидаги “Бухоро”ни кучлилар орасида сақлаб қола олмади. У муваффақиятсизлик сабаблари юзасидан sports.uz мухбири билан суҳбатда бўлди.
- Биласизми, мен бош мураббий сифатида ҳаракат қилдим, қўлимдан келганича ишладим, - деб гап бошлади Саидов. - Футболчилардан ҳам максимал даражада талаб қилдик. Ўзингиз биласиз, кўпроқ ёшлар билан ишладик. 70-80 фоиз ўйинчиларни ўринбосарлар жамоамиздан олдик. 3-4 киши кетиб қолди. Футболчиларга тажриба етишмади-да. Бу нарса ўйинларимиз давомида билиниб турди.
- Мавсум давомида клубда молиявий муаммолар борлиги ҳақида эшитиб турдик. Бу ҳам барибир жамоа ўйинига ва натижаларига таъсир қилмасдан қолмайди. Айни пайтда клубнинг қанча қарзи бор?
- Ҳа, таъсири бор. Айрим футболчилар олти ой, яна айримлар беш ойдан бери маош олмаган. Шунинг учун уларга мотивация бериш ҳам қийин бўлди. Неча марта ўйинчилар ўйинга ва машғулотга чиқмаймиз, деб туриб олди. Мана шундай ҳолатлар ҳам бўлди. Пул йўқлиги таъсир кўрсатди.
- “Бухоро” футболчилари қарздорлик масаласи бўйича ПФЛга арз қилишаётгани ҳақида эшитяпмиз. Ҳозир вазият қандай?
- Футболчиларни шартномалари бор. Унда кўрсатилган пулларни албатта тўлаш керак. Бу нормаль ҳолат. Бошқа клубларда ҳам шунга ўхшаш вазиятлар бўлиб туради. Шунчаки ўйинчилар ўзининг иш ҳақларини олиши керак.
- Статистикага қарасак, жамоангиз бир қатор ўйинларнинг 90-дақиқасидан кейин гол уриб мағлубиятдан қутилиб қолганини кўриш мумкин. Бу эса “Бухоро”нинг охиригача курашганини кўрсатиб турибди.
- 11 та дуранг ўйнадик ва 1 та ғалаба бор, холос. Футболчиларга охиригача курашгани учун раҳмат. Бизга қаердадир битта ғалаба етмай қолди. Охирги ўриндалигимизни футболчилар яхши ҳис қилишди ва бундан қутулиш учун астойдил курашишди, фақат таркибимизда ёшлар кўп эди.
- “Бухоро”да иш бошлаётганингизда ҳам вазият мураккаб эди ва бу сиз учун таваккалчилик бўлганди...
- Биз мураббийларнинг ишимиз шу – доим таваккал ҳаракат қиламиз, қўлимиздан келганича ишлаймиз. Бизга ҳеч қачон 1-2-3 ёки 4-ўриндаги жамоани беришмайди. Мана қаранг, охирги ўриндаги жамоаларда нечтадан мураббий алмашди-а? “Бухоро”, “Андижон” ва “Сурхон”да ўзгаришлар бўлиб турди. Табиийки, клуб пастки поғоналардами, унда мураббийлар алмашиб туради. Бу бир томондан яхши, яна бир томондан салбий бўлади. Фақат бизга бироз омад етмади. Бир сўз билан айтсак, ўйинчиларимизда тажриба камлик қилди.
- Таркибни кучайтириш учун молиявий муаммо ҳам таъсир қилдими?
- Ҳа. Жамоамизнинг федерациядан, меҳмонхоналардан ва яна бошқа жойлардан қарзи бор. Буни ҳам таъсири бор эди. Ёзги трансфер ойнаси вақтида эса яхши ўйинчиларни рўйхатдан ўтказа олмадик. Чунки ПФЛ янгиларни олишимизга рухсат бермади. Шунда ҳам бир амаллаб икки-учта футболчини олдик. Аммо улар ҳам ишончимизни оқлай олмади.
- Мана шундай қийин пайтда ҳам “Бухоро”ни Суперлигада сақлаб қолишга қанчалик ишонаётгандингиз?
- Охиригача ишонгандик. Ўзингиз кўрдингиз-ку, мавсум сўнгигача курашдик. Орқага йўл йўқ эди. Яна шуни ҳам айтишим керак, биз барча ўйинларни сафарда ўтказдик. “Бухоро”нинг стадиони таъмирланяпти, келаси йилга тайёр бўлади. Ўз майдонимизда ўйнай олмаганимиз бизга катта минус бўлди. Шунинг учун чемпионатдаги барча – 26 та турни меҳмонда ўтказдик. Бухорода футболни яхши кўришади. Ўз уйимизда ўйнаганимизда барибир ишқибозлар келарди, қўллаб-қувватлашарди. Уларнинг далдаси ҳам бизга қўл келарди ва балки қийин вазиятдан чиқиб олган бўлардик ҳам. Айнан мухлисларимизнинг қўллаб-қувватлаши етишмади, бизга.
- Охирги пайтларда “Бухоро” клубида пасайиш кузатилаётганди ва бу йил про-лигага равона бўлди. Умуман айтганда, вилоят футболи орқага кетаётгандик. Бунинг илдизи нимага бориб тақалади? Бухоро футболи нима учун оғир ҳолатга тушиб қолди?
- Футболдан узоқ одамларнинг аралашувлари ҳам кузатилди. Ҳар бир инсон ўз иши билан шуғулланиши керак. Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин дейишади-ку. Айримлари футболда ишлаш осон деб ўйлашади. Бу муаммолардан бири. Шунингдек, футболда молиявий имкониятга ҳам кўп нарса боғлиқ. Чунки бунинг ўзига яраша чиқимлари бор.
- “Бухоро” про-лигага тушиб кетди. Энди нима қилмоқчисиз?
- Клубда қолишга ва яна Суперлигага қайтаришга тайёрман. Ҳаммасини вақт кўрсатади.
- Сизга яқиндан ёрдам берган Александр Хомяков кетадими?
- Билмадим, буни ҳам вақт кўрсатади.
- Охирги пайтларда Суперлигада жамоалар сони 16 тага ошилиши мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар юрибди...
- 16 та бўлса бизга албатта қулай. Ана шунда жамоамизни қолдиришарди. Барибир иштирокчилар кўпроқ бўлса, яхши футболчилар чиқаверади. Ўйинлар ҳам кўпаяди. Бошқа чемпионатларга қарасангиз ҳам камида 16 та клублар бор. Иштирокчилар кўпайса, рақобат ҳам ортади-да. Аммо жамоаларда молиявий барқарорлик бўлиши ҳам керак. Афсуски, ҳамма клубларимизда ҳам ҳолат бундай эмас. Тушунамиз, пандемиянинг ҳам футболга таъсири бўлди.
- “Бухоро”даги салбий натижалар мураббийлик фаолиятингизга қанчалик таъсир қилади, деб ўйлайсиз?
- Бундай вазиятга биринчи марта дуч келмаяпман, бу учинчиси. Барибир ҳаммаси мураббий учун тажриба мактаби бўлади. Ҳар қандай клубга борсангиз ҳам қандайдир тажриба оласиз. Албатта, Суперлигада молиявий имконият яхши бўлган, тажрибали ўйинчиларга эга жамоада ишлаш осонроқ. Эсимда, шунга ўхшаш жамоада 2016 йили ишлаганман. Ўшанда “Бухоро” билан 4-ўринни эгаллагандик. Вилоят ҳокими катта ёрдам кўрсатганди. Барибир футболчи пул сўрайди, агар у хоҳлаганини бера олмасангиз, унда чўнтагингизга қараб ўйинчи оласиз-да.
Фикрлар