Гана МТЖнинг Ўзбекистонга иккинчи таркиб билан келишига сабаб нима? Рақиб мураббийи жавоб берди

Хабарингиз бор, 26 март куни Ўзбекистон ва Гана терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказилади. Намангандаги "Марказий" стадионида бўлиб ўтадиган ўйин 18:00 да старт олади.

Бугун ушбу баҳс олдидан матбуот анжумани ташкил этилди. Унинг биринчи қисмида Гана МТЖ бош мураббийи Ибраҳим Танко иштирок этди.

-Гана МТЖнинг Ўзбекистонга иккинчи таркиб билан келишига сабаб нима?

"Биз Ўзбекистон терма жамоасининг яқин орада ўтказган ўйинларини кузатдик. Айнан Иордания 2:0 ҳисобида мағлуб этилган учрашувни синчиклаб ўргандик. Ушбу баҳсда Ўзбекистон жуда яхши ҳаракат қилган экан. Биз сизлар намойиш этаётган футбол сифатини яхши биламиз. Фақатгина, бизда Африка Миллатлар кубоги доирасида расмий ўйин борлиги туфайли таркибни иккига бўлишга мажбур бўлдик ва улардан бирини Ўзбекистонга олиб келдик".

-Бу сизнинг Осиё яшил майдонларида ўтказаган илк ўйинингизми?

"Йўқ, биз Мисрда бўлиб ўтган Африка Миллатлар кубогида иштирок этишдан олдин Япония терма жамоасига қарши назорат учрашувида майдонга тушганмиз. Токио шаҳрида ўтказилган ушбу ўйин аксарият футболчиларимиз учун қитъангизга илк сафар бўлганди. Шунингдек, мен ўзим бир неча йиллар мобайнида "Урава Редс" жамоасида ёрдамчи мураббий бўлиб ишлаганман. Шунинг учун, Осиё шахсан мен учун бегона эмас".

-Ўзбекистон терма жамоаси таркибидан кимларни алоҳида эътироф эта оласиз?

"Ўзбекистон терма жамоасида истеъдодли футболчилар етарлича. Шундай бўлсада, улар орасидан Темурхўжа Абдухолиқов, Одил Ҳамробеков ва яна бир неча ажойиб ўйин намойиш этадиган футболчиларни эътироф этган бўлардим".

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!