Германия терма жамоасининг собиқ футболчиси Қозоғистон клуби билан музокара олиб бормоқда
Германия терма жамоаси ва Дортмунднинг "Боруссия" клуби собиқ футболчиси Марко Ройс Қозоғистоннинг "Актобе" жамоасига ўтиши мумкин. Бу ҳақда россиялик инсайдер Иван Карпов хабар берди.
Манбага кўра, 36 ёшли ярим ҳимоячи Актюба вилояти клубидан жуда катта молиявий таклиф олган. Айни пайтда футболчи таклифни кўриб чиқмоқда ва яқин кунларда ўз қарорини маълум қилиши кутилмоқда.
Марко Ройс фаолиятининг деярли барча қисмини "асаларилар" сафида ўтказган бўлиб, клуб тарихидаги энг кўп ўйин ўтказган ўйинчилардан бири ҳисобланади. У дортмундликлар сафида 494 та учрашувда майдонга тушган. Шу билан бирга, Ройс Бундеслигада чемпионликни қўлга кирита олмаган бўлса-да, Германия Кубоги ва Суперкубокларини ютиб олган.
Сўнгги 1,5 йил мобайнида Марко АҚШнинг "Лос-Анжелес" клубида тўп сурган. Эндиликда эса у фаолиятини Қозоғистон Премьер-лигасида давом эттириши мумкин.
Фикрлар