Goal нашри: Абдуқодир Ҳусанов Роналду ва Луис Диас каби юлдузларни тўхтата олиши лозим бўлади!
Нуфузли Goal нашри 2026 йилда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида ғолиб бўлиши мумкин бўлган терма жамоаларнинг рейтингини эълон қилди. Ушбу рўйхатда Ўзбекистон 32-ўринни эгаллади ва Фабио Каннаваро шогирдларининг мусобақадаги имкониятлари қуйидагича баҳоланди.
"Узоқ кутилган ва бир қатор аламли лаҳзалардан сўнг, Ўзбекистон ниҳоят келаси ёзда Жаҳон чемпионатининг финал босқичида илк бор иштирок этади. Саралаш босқичи эса осон кечмади: бош мураббий Сречко Катанец соғлиги билан боғлиқ муаммолар боис январь ойида истеъфога чиқишга мажбур бўлди. Шундан сўнг терма жамоанинг собиқ футболчиси Тимур Kападзе словениялик мутахассис бошлаб берган ишни давом эттирди ва 5 июнь куни БААга қарши 0:0 ҳисобидаги дурранг натижаси Ўзбекистонга мундиал йўлланмасини тақдим этди.
Бироқ Жаҳон чемпионати финал босқичида жамоани Италия футболи афсонаси Фабио Каннаваро бошқаради. ЖЧ ғолиби бўлган мураббий қўл остида жамоа яхши ўйин кўрсатмоқда. “Оқ бўрилар” ўтган ой Ал Айн халқаро кубогида (ўртоқлик турнири) Мисрни ярим финалда мағлуб этди. Финалда Эронга қарши пенальтилар сериясида ғалаба қозониб, мусобақа ғолиби бўлди.
Шу нарса аниқки, Ўзбекистоннинг ЖЧда плей-офф босқичига чиқиш умидлари кучли ҳимоя ўйинига боғлиқ бўлади. Мудофаа чизиғининг марказида эса “Манчестер Сити” футболчиси Абдуқодир Ҳусанов етакчилик қилиши кутилмоқда. Ҳусанов Португалия ва Колумбия билан ўйинларда мос равишда Криштиану Роналду ва Луис Диас каби юлдузларни тўхтата олиши лозим бўлади."
Нашр таълиқига кўра, Испания, Аргентина ва Англия мундиалнинг асосий фаворитлари сифатида баҳоланмоқда.



Фикрлар