![](https://static.sports.uz/crop/9a211fc7f01dbba114b729e46213e06b.jpg)
Гвардиола “Реал”дан учралган мағлубият сабаби ва айбдорини айтди
Европа Чемпионлар лигаси плей-офф ўтиш босқичининг дастлабки ўйинида “Манчестер Сити” ўз мухлислари кўз ўнгида “Реал”ни қабул қилди.
Гарчи учрашувда Эрлинг Холанд мезбонларни икки маротаба олдинга олиб чиққан бўлса-да, мадридликлар ғалабани илиб кетди. Карло Анчелотти шогирдлари урган учта гол Килиан Мбаппе, Браим Диас ва Жуд Беллингем ҳисобига ёзилди.
Беллашувдан кейин Хосеп Гвардиола мағлубият сабабини айтиб, жавобгарликни биринчи навбатда ўз зиммасига олди.
- Бунақаси жорий мавсумда жуда кўп содир бўлмоқда. Ҳаддан ташқари кўп. Гап шундаки, буларнинг ҳаммаси мураббийнинг ёмон қарорлари натижасидир. Бори шу.
Биз ижобий натижани қўлга киритишга жуда яқин турган эдик, лекин сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб юбордик ва ҳатто дурангни ҳам ушлаб қола олмадик. Бунга жавобгарлик ҳаммамизнинг бўйнимизда. Ўйин тизимларимиз аввалгидек самара бермаётганини тан оламан. Айбни бир ўйинчига тўнкаш осон, лекин бундай қилиб бўлмайди. Ҳамма айбдор, биринчи навбатда, ўзим. Ҳамма гап биз барқарорликка эриша олмаётганимизда,- деди Хосеп Гвардиола.
Европа Чемпионлар лигасида иштирок этиш имконияга эга бўлган ягона ўзбек футболчиси Абдуқодир Ҳусанов бу гал захирада қолдирилди.
Энди легионеримизни 19 февраль куни Мадридда бўладиган жавоб учрашувида майдонга тушишини кутиб қоламиз.
Фикрлар