Ҳаким Фузайлов: "Ҳали кураш тугамади"

“Андижон” ҳамда “Бухоро” (2:1) ўртасидаги учрашувдан кейинги ташкил қилинган матбуот анжуманида дастлаб меҳмонлар бош мураббийи Ҳаким Фузайлов қатнашди.

- Биз “Андижон”дан шундай ўйинни, асосан стандартларга мослашган ўйинни кутгандик. Афсуски, ҳимоямиздаги қўпол хатоларимиз бизга қимматга тушди. Бундан ҳеч қанақа фожеа ясаш шарт эмас. Фақатгина ҳимоядаги хатоларимиз ҳисобига мағлубиятга учрадик. Биз Суперлигага чиқиш йўлида 2-ўрин учун курашамиз.

- Мухлисларсиз ўйин сизда қандай таассурот қолдирди?

- Албатта, мухлисларсиз стадионда ўйнаш яхши эмас. Футболчилар мухлислар учун ўйнашади ва улар билан тўла стадионда янада яхшироқ ҳаракат қилишади. Лекин ишқибозларнинг йўқлиги футболчиларга қўшимча куч бағишламайди, деб ўйлайман.

- “Турон” очко йўқотяпти. “Бухоро” эса очко тўплаб яқинлашиб қолди. “Турон”нинг очко йўқотиши жамоангизга мотивация беряптими?

- Фақат мотивация беряпти, деб ўйламайман. Ўйинчиларимиз учрашувларга яхши тайёргарлик кўришяпти. Тўғри, бугунгидек ўйин билан очко йўқотяпмиз. Лекин ўйлайманки, ҳали ҳеч нимани бой бермадик ва 2-ўрин учун кураш давом этади. Олдиндаги 5 та турда биз охиригача курашамиз. Хатоларимизни тўғрилаб вазифамизни бажаришга ҳаракат қиламиз.

- “Бухоро” “Андижон” билан ўзаро учта ўйинда фақат 1 очко олди. Бунга нима сабаб?

- Ўйлайманки, биз бугун “Андижон”га ўйин бўйича ютқазмадик. Қайсидир маънода баъзи жабҳаларда кучли ҳам ўйнадик. Худди шундай ўйин Бухорода ҳам бўлганди. Ўшанда ҳам яхши ўйнаб туриб мағлубиятга учрагандик.

- Жасур Ҳасанов нега майдонга туширилмади?

- “Турон” билан ўйинда қўпол хатога йўл қўйганди. Шундан сўнг “Машъал” билан учрашувдан биз ёшларга имконият беришга қарор қилдик. Миржалол Жумаев ишончимизни оқлай бошлади. У “Машъал”га қарши чиройли ўйнади ва ҳаттоки гол ҳам урди. Шу боис бугунги баҳсда ҳам унга имконият бердик.

- “Бухоро” билан “Андижон” ўртасидаги очколар фарқи энди 10 тани ташкил қилмоқда. Жамоангизни Суперлигага чиқишига ишонасизми?

- Сиз 1-ўринни назарда тутяпсиз, тўғрими? Бироқ дастлабки иккита ўринни эгаллаган жамоалар Суперлигага чиқади. Шундай экан, яна 5 та тур бор ва кўп нарса ўзгариб кетиши мумкин. Ўйлайманки, барчаси олдинда. Биз кейинги турда дам оламиз ва кейин “Хоразм”ни қабул қиламиз. Сўнгра, “Турон” билан ўйнаймиз. Жуда ҳам муҳим ўйинлар ва биз албатта очколарни жамғаришимиз керак. Яна қайтараман: ҳали кураш тугамади.

- “Бухоро” 3-ўринни қўлга киритадиган бўлса, Суперлига жамоаси билан плей-оффда ўйнайди. Бунга “Бухоро”ни кучи етадими?

- Ҳали ҳеч нима демайман. Чунки кураш ўз якунига етмади. Ҳозирча 3-ўринда кетяпмиз ва ҳали имкониятимиз бор. Олдиндаги 5 та турдан кейин барчаси ойдинлашади. 2-ўрин ёки 3-ўрин ҳақида гапиришга эрта. Фақатгина тайёргарлик кўриш ва ютиш лозим. Балки 1-ўрин масаласи 90 фоизга аниқ бўлгандир, аммо 2-ўрин масаласи ҳали ҳал бўлмади.

“Андижон” матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
салахидин
11/10/2022 11:53
Фузайлов жуда хам латта мурабий факат дурангни уйлайди олдинги хужумкор Нурафшондай эмас