"Ҳаммаси фақат менга боғлиқ эмас" - "Бунёдкор"ни қутқариб қолган Илёс Зейтуллаев билан катта суҳбат

  • 16 декабрь, 2024, 14:44
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 1
  • Футбол
BEPUL PROPAN

“Мавсум-2024”ни омадсиз бошлаган “Бунёдкор” клуби чемпионат ўрталарида ўзгаришларга қўл урди. Бош мураббийликка Илёс Зейтуллаев таклиф этилгач, “Қалдирғочлар”нинг натижалари ўзгара бошлади.

Айниқса, иккинчи даврада “Бунёдкор” ўйинини ҳам, натижасини ҳам ижобий тарафга ўзгаритиршга муваффақ бўлди. Бунда албатта бош мураббий Зейтуллаевнинг ҳиссаси катта бўлди.

Чемпионат мобайнида кўп вақтини лигада қолиш учун курашадиган ўринлар орасида ўтказган “Бунёдкор” якунда 10-поғонани банд қилди ва Илёс Зейтуллаев жамоани лигада сақлаб қолди. Sports.uz журналисти ушбу мутахассис билан боғланиб, бир қатор саволларни ўртага ташлади.

- Илёс Бекирович, “Бунёдкор” учун мавсум осон бўлмади. Ҳатто, келган пайтингизда ҳам натижалар у қадар қониқарли эмасди. Бироқ иккинчи даврада ўйиннинг барча жабҳаларида яхши томонга ўзгариш кузатилди. Бу ишни қандай уддаладингиз?

- Ҳа, дастлаб вазият сиз айтиб ўтганингиздек, анча мураккаб эди. Муаммолар бир эмас, балки бир нечта бўлди. Табиийки, муаммоларни ўнглаш учун вақт талаб қилинарди. Ишни футбол учун пойдевор саналадиган жамоани қайта қуриш орқали бошладик. “Бунёдкор”нинг ўйинига техник ва тактик жиҳатдан ўзгаришлар олиб кирдик. Ўз навбатида “Бунёдкор”дек шонли тарихга эга бўлган клубда иш олиб бораётганимизни бир сония бўлса ҳам ёддан чиқармадик. Йигитлар буни ҳис қилган ҳолда ўйнай бошладилар ва мавсумнинг иккинчи ярмида натижаларимиз анча яхши кўринишга келди. Биринчи даврада бизга етишмаган жиҳатларни ҳам ишқибозларимиз кўра бошладилар. Ўйинчилардан тортиб жамоа раҳбарлари ва ходимларига қадар бир ёқадан бош чиқариб, ишлашга тушдик. Яъни, клубни қутқариб қолиш умумий иш ҳисобланишини ҳамма тушуниб етди. Айнан шунинг эвазига биз иккинчи даврада яхши натижаларни қайд этдик. Бунинг учун ҳаммага миннатдорлик билдиришимиз керак.

- Футболчилик фаолиятингизнинг катта қисмини Италияда ўтказгансиз. Мураббийлик соҳасида иш бошлаш чоғида Ўзбекистонда фаолият юритиш режангизда бормиди?

- Футболчилик фаолиятимни якунлаган пайтимда, адашмасам бу 2012 ё 2013 йилда бўлса керак, мураббийлик курсини ўша жойда бошладим. Аввалига “Б” тоифага ўқидим ва дарҳол ўсмирлар футболида иш бошлашга киришдим. Сўнгра УЕФАнинг “А” лицензияси учун ўқишни бошладим. Шунинг ҳисобига катта футболда дебютимни ўтказиш имконига эга бўлдим. Табиийки, кун келиб Ўзбекистонга қайтиб, мураббий сифатида ишлаш ҳақидаги фикр хаёлимда бўлган. Аммо, ростини айтсам, Ўзбекистонга қайтишни кўп ҳам хоҳламагандим. Сабаби, аёлим италиялик, фарзандларим ҳам ўша жойда туғилишган. Италияда анча вақт яшаганим учун у ерни ташлаб кетиш қийин бўлгани рост. Албатта, “Бунёдкор”дек клубдан таклиф олганим менинг бир қарорга келишимга туртки бўлди. Нега деганда, бу клуб ўзига яраша тарихга эга ва ҳар қандай мураббий буни имтиёз деб билади. Юборилган таклифни қабул қилдим ва ҳаммаси силлиқ кечди.

- Аввалига сизга ишонмаганлар ҳам кўп бўлди. Лекин ўз кучингиз ва меҳнатсеварлигингиз эвазига қўлингиздан жамоани бошқариш кела олишини намойиш этдингиз. Бундай мураккаб вазиятда сизга кўпроқ нима илҳом берди?

- Ҳа, сиз тўғри илғабсиз. Бу бизнинг касбимиз. Чунки ҳаммага ҳам бирдек ёқишнинг иложи йўқ. Кимларгадир маъқул келасан, кимлардир эса сени ёқтиришмайди. Биз мураббийлар эса бунга парво қилмасдан танлаган йўлимиздан бормоғимиз даркор. Айниқса, шаънинга билдирилаётган танқидлар сени янада катта куч билан ишлашга ундайди. Отам мени шуғуллантиришни бошлаган пайтда футболда бирор нарсага эришмоқчи бўлсанг, аввало, меҳнат қилишинг ва сабр қилмоғинг даркор, деб уқтирарди. Меҳнат билан сабр ўзаро бирлашсагина киши нимагадир эриша олиши мумкин. Дарҳақиқат, отамнинг ўгитларига амал қилганим туфайли бу ҳаётда нимагадир эриша олдим, деб ўйлайман. Ўзбекистонда иш бошлаган дастлабки кунларимда ҳам сабрли бўлиш ва энг асосийси – Аллоҳга бўлган ишонч мени руҳлантирди. Айнан Яратганга бўлган ишонч катта куч билан ишга киришишимга мени илҳомлантиради. Айниқса, ҳаётингдаги энг оғир дамларда Худога илтижо қилар экансан, албатта у сенинг илтижоларингни эшитади.

- Италиялик таниқли мураббийлар билан яхши муносабатдасиз. Мисол учун, Гасперини билан. У билан қачон охирги марта гаплашдингиз?

- Ҳа, фаолиятимдан қониқиш ҳосил қиламан. Чунки ўйинчилик давримда бир қатор яхши мутахассислар қўл остида тўп сурдим. Агар сизга ростини айтадиган бўлсам, мен кўпроқ Гасперини билан эмас, унинг штабида футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигига масъул бўлган мураббий билан кўп гаплашаман. Ўртамизда дўстона муносабат юзага келган. Албатта, Гасперини билан ҳам учрашишни жуда хоҳлаган бўлардим. Негаки, у билан кўришмаганимга анча бўлди. “Бунёдкор”га келган пайтимда у билан ниманидир маслаҳатлашишни хоҳладим. Насиб қилса, Италияда Гасперини билан кўришиб, юзма-юз суҳбатлашишни мақсад қилганман. Ҳозир бизда чемпионат тугаган ва таътил даври. Эҳтимол, шу вақт оралиғида Италияга бориб у билан кўришиб қайтарман.

- “Бунёдкор” клубидаги режаларингиз қандай? Янги мавсумда ҳам жамоада қолиш истагингиз борми?

- Режаларга тўхталадиган бўлсам, “Пахтакор” билан охирги учрашувда яхши натижа қайд этган ҳолда лигада ўрнимизни сақлаб қолишдан умид қилгандим. Муҳими, бу вазифа уддаланди ва “Бунёдкор” Суперлигадаги ўрнини сақлай олди. Бундан кейин ҳам клубда қоламанми ё йўқми, ҳаммаси фақат менга боғлиқ эмас. Бу вазиятда раҳбариятнинг бир қарорга келиши, бундан ташқари, оилавий ҳолат ҳам вазиятга таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Агар “Бунёдкор”да қолиб фаолиятимни давом эттирадиган бўлсам, бу ишни бажонидил бажаришга тайёрман. Бунинг учун раҳбариятнинг кейинчалик ҳам ҳамкорликни давом эттиришга мойиллиги асосий ролни ўйнайди. Жамоада қолиб ишлаш фақат менинг истак-хоҳишимга боғлиқ нарса эмас.

- Таркибда қандай ўзгаришлар бўлади? Масалан, легионерлар қолишадими ёки улар билан хайрлашасизларми?

- Юқорида айтганимдек, агар раҳбарият ҳамкорликни давом эттириш юзасидан таклиф билан чиқса, биринчи навбатда мураббийлар штабини шакллантирамиз ва иш режасини маслаҳатлашиб оламиз. Табиийки, бундай жараёнда раҳбарият билан клубда кимларни олиб қолиш, кимлар билан хайрлашиш ва таркибга қайси ўйинчиларни жалб этишни маслаҳатлашамиз. Мураббий учун қўл остидаги ўйинчилардан айримларига хайрлашиш вақти келганини айтиш жуда оғир ишдир. Лекин касбимиз тақозоси туфайли шунга ҳам мажбур бўлишимизга тўғри келади. Агар ўзимга қолса, ҳозирги таркибдаги йигитлардан бирортаси билан хайрлашишни истамаган бўлардим. Лекин ҳозирча бу ҳақида гапиришга анча эрта. Ҳаммаси ойдинлашса, иш режаси ҳам ўз-ўзидан юзага чиқади.

- Янги мавсум учун тайёргарлик ишлари режаси билан ўртоқлаша оласизми? Йиғин қачон бошланади?

- Бундай оғир ўтган мавсумдан кейин клуб ўзига келиб олиши даркор. Чунки нафақат ўйинчиларда, балки барчада руҳий босим юқори даражада бўлди. Оғир вазифани бажариш йўлида йигитлар жонларини жабборга бергудек тўп сурдилар ва улардан миннатдор бўлмоғимиз керак. Амалга оширган ишлари билан ўйинчиларимиз ҳар қандай мақтовга муносиб. Таътил чоғида улар ҳам энди яхшилаб дам олиб, янги мавсумга куч йиғиб олишсин.

- Сиз учун Ўзбекистондаги энг яхши мураббийлар учлигига кимлар киради?

- Ҳамкасбларимнинг ишига баҳо бериш ва ўзига хос учликни танлаш – бу мен учун анча оғир. Агар шундай қилсам кимларнидир ранжитиб, кимларнидир эса хурсанд этишим мумкин. Лекин мен кўпроқ шогирдларим ҳақида тўхталишни маъқул кўраман. Боя айтганимдек, “Бунёдкор”нинг лигада қолиши йўлида улар катта кўламдаги ишни бажардилар. Менда катта таассурот қолдирган ўйинчилар – “Сўғдиёна”дан Йовович ва Дориев, кейин бизнинг Асад Раҳимжонов. Мен Раҳимжоновни клубимиз ўйинчиси бўлгани учунгина танлаётганим йўқ. Унда катта потенциал мавжуд. Шунингдек, “Динамо”даги Ҳожимирзаевни ҳам алоҳида кўрсатиб ўтган бўлардим. Ўзим санаб ўтган бу футболчилар менга жуда ҳам ёқишди.

- Суперлиганинг савияси ҳақида нима деган бўлардингиз?

- Ҳаётимнинг катта қисмини Италияда ўтказганим боис Суперлиганинг даражаси қандай эканлиги юзасидан бир нарса дейишга қийналаман. Суперлиганинг даражаси анча юқорилиги мен учун сюрприз бўлди, десам муболаға қилмасам керак. Ҳа, лиганинг даражаси анча кучли. Менга бу ёқди. Чемпионат яхши ташкил этилган. Бу чемпионат яхши шаклланишдан ташқари унда малакали мутахассислар, қобилиятли футболчилар фаолият юритишяпти. Тизим ҳам яхши томонга ўзгарганлиги яққол кўзга ташланмоқда. Умуман айтганда, Суперлигадаги ҳамма нарса менга ёқди. Айниқса, водийдаги учрашувлар чоғида стадионларга мухлисларнинг ёғилиб келиши жуда ҳам ёқимли бўлди. Наманган ва Андижонда ишқибозлар ўйинга ўзгача кайфият бағишлай оладилар. Стадионларга кўплаб мухлисларнинг ташрифи эса клуб устозлари ва футболчиларига ёқади, албатта. Бундан кейин ҳам Суперлига доирасидаги ўйинларда иштирокчи жамоаларнинг мухлислари стадионларга кўпчилик бўлиб ташриф буюришларида давом этишини истайман. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Суперлигаси менга ёқди.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Baxil Alihuja
16/12/2024 15:41
жуда яхши мурвббий! малакаси юкори, фикри теран.