Ҳасанбой Дўсматов: Кучимиз нафақат 3 раунд, балки ундан ошиб ҳам қоляпти
Тошкентдаги "Ҳумо арена"да бокс бўйича эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионати давом этмоқда.
Бугун вакилларимиздан биринчи бўлиб -51 кг вазн тоифасида Ҳасанбой Дўсматов кубалик Ромеро Рейес Эрисланга қарши рингга кўтарилди. Ҳамюртимиз жангда 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва чорак финалга йўл олди.
Ушбу муваффақиятдан сўнг Ҳасанбой Дўсматов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- 2017 йилги финалда кубалик бошқа рақибим билан тўқнаш келганман ва ўшанда ютган жангимни унга бериб юборишганди. Мана энди ғалаба қозондим.
Қўрқув йўқ, ҳаяжон бўлади. Ромеро Рейес билан икки уч марта машғулотларни бирга ўтказдик. Бу бизга фойда берди. Ромеро Рейесни расмий жангда биринчи марта кўриб турибман. Лекин мураббийларимиз қўллаган тактика туфайли зафар қучдим.
Кучимиз нафақат 3 раунд, балки ундан ошиб ҳам қоляпти. Ўйлайманки, эртанги жаҳон чемпионига қарши жанг ҳам яхши ўтади, - деди Ҳасанбой Дўсматов.
Фикрлар