Ҳиндистон бош мураббийи: "Ўзбекистон ғалабага ҳақли ўйин намойиш этди, терма жамоа ва ўзбек халқини 3 очко билан табриклайман!"

Осиё кубоги 2-туридан ўрин олган Ҳиндистон - Ўзбекистон баҳси бўлиб ўтди. Унда вакилларимиз йирик 3:0 ҳисобида рақибдан устун келди. 

Мазкур ўйин якунига етгач, матбуот анжуманида Ҳиндистон терма жамоаси бош мураббийи Игорь Стимак ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

"Ажойиб учрашув! Аввало, ушбу ғалаба билан Ўзбекистон терма жамоаси ва халқини 3 очко билан табриклайман!!! Улар ғалабага ҳақли ўйин намойиш этди.

Биз иккала ўйинда ҳам ғалаба учун ҳаракат қилдик. Гол уриш учун имкониятларимиз бўлди. Бироқ улардан унумли фойдалана олмадик ва ҳаққоний равишда гол ўтказиб юбориш билан жазоландик.

Тўғри, хато ва камчиликларимиз кўп экани яққол кўриниб турибди. Аммо муҳими, биз мана шу заифликларимиз ўрнини қоплашимиз ва хатолардан сабоқ олмоғимиз даркор.

Йигитлар яхши ҳаракат қилишди. Улар машғулотларда ҳам бор кучларини ишга солишди. Лекин бизда тажриба йўқлиги ва ҳамон ривожланиш жараёнидаги жамоа эканимиз сабаб ўйлаган барча режаларимиз амалга ошавермаяпти.

Агар биз мусобақада ажойиб иштирок этишни истасак, таркибимизда юқори савиядаги футболчилар жамланган бўлиши лозим. Ҳозирги таркибда тезлик, аниқ пас, кучли прессинг каби тушунчалар деярли йўқ. Ҳар қадамда камчилик бўлиши табиий. Бироқ бу қадар кўп бўлиши бизнинг ҳам ишимизни қийинлаштиради", - деди ҳиндистонликлар бош мураббийи.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!