"Ҳужумчисиз ўйнаса ҳам бўларкан". У келмасидан олдин жамоаси аутсайдер эди, ҳозир эса...ёхуд про лиганинг энг ёш мураббийидан ўзгача услуб

Бу йилги про лига қанчалик шиддатли ва томошабоп ўтаётганини кўриб турибсиз. Суперлига учун кураш бир-иккита клуб эмас, балки бир нечта жамоалар иштирокида давом этяпти.

Қизиғи, уларнинг орасига янги номлар ҳам қўшиляпти. Мавсумни қониқарсиз бошлаган “Янгиер” ҳозирги келиб кучли бешталикка кириб олди. Айниқса, бош мураббий ўзгаргани жамоа ўйини ва натижаларига ижобий таъсир кўрсатди.

Яқинда 37 ёшни қаршилаган Диёр Мирзабоев “Янгиер” бош мураббийига айланганидан кейин ҳозиргача 5 та ўйин ўтказишди. Шулардан 4 тасида ғалаба ва 1 тасида мағлуб бўлишди. 15 очко билан клуби 5-ўринга кўтарилиб олди.

Энди уларда ҳам Суперлига учун курашиш имконияти пайдо бўлди. Эътиборлиси, жамоа таркибида муаммолар бор, шунга қарамай, ёш мутахассис ғалаба қозониш йўлини топа оляпти. Қуйида Sports.uz мухбирининг ушбу мураббий билан уюштирган суҳбатини ўқишингиз мумкин. Унда Диёр Мирзабоев бир қатор муҳим фикрларни айтиб ўтди.

- “Янгиер” жамоаси бош мураббийи сифатида иш бошлаганингиздан сўнг натижалар яхши томонга ўзгарди. Унгача эса клуб аутсайдерлар орасига тушиб қолганди. Айтинг-чи, “Янгиер”да биринчи ўзгаришни нимадан бошладингиз?

- Мендан олдин ишлаган мураббийларни ҳурмат қиламан. Клубни ёмон бошқарибди, деган гаплар менда бўлмайди. Шундай тарбия олганман. Бу – футбол, турли хил вазиятлар ҳаммани бошидан бўлади. Охирги марта “Машъал”да Александр Хомяков билан ишладим. Иккимиз у ердан кетганимиздан кейин уйда эдим. Лекин про лигани доим кузатаман. Чунки “Андижон” ва “Машъал” менга бегона эмасди. Кейин “Янгиер” клуби яхши савиядаги ўйинчиларни чақирди. Бу менинг эътиборимни тортди. Ўшанда ўзимча жамоа узоққа боради деб ўйладим. Негаки, футболчиларнинг имкониятларини яхши биламан. Тақдир тақозоси билан “Янгиер”га мураббий керак бўлиб қолди. Раҳбарият менга қўнғироқ қилиб, бош мураббийлик лавозимини таклиф қилди. Дарҳол рози бўлдим, шарт-шароитларни ҳам сўраб ўтирмадим. Негаки, менга иш керак эди. Уйда 4 ой ўтириб зериккандим. Мураббийлик ишимни давом эттиришни жуда хоҳлаб тургандим. “Янгиер”даги кўплаб ўйинчилар билан илгари бирга ишлаганман. Сирож Мелиев, Саид Абдужабборов, Қаҳрамон Баҳодиров, Шохруҳ Холматов, Тимур Усмонов ва яна бошқаларни айтишим мумкин. Уларнинг характери ҳамда имкониятларини яхши чамалай оламан. Шуни алоҳида айтишим керакки, менгача ишлаган мураббийлар штаби зўр таркиб тўплаган. Уларнинг ишлари юришмагани, натижалари ўхшамаганини шундай ўйлаяпманки, кўп футболчилар чемпионатга яқин келишган. Балки тайёргарлик учун керакли вақт бўлмагандир. Шунда ҳам “Андижон”, “Бухоро”, “Машъал” каби клублар билан муносиб ўйин кўрсатди. Натижа бўлмагач, ким жавобгар? Албатта, бош мураббий. Аммо яна қайтараман: олдинги мураббийлар яхши таркиб йиғган. Мен келгач, кўпроқ ўйинни ташкил қилишга ва камроқ гол ўтказишга эътибор қаратдик. Жамоа ютқазавериб, ишонч ҳам йўқолаётганди. Йигитлар мен айтган кўрсатмаларга амал қилишни бошлашди. Олдинги учрашувларни кўриб чиқиб, қандай хатолар бўлганини тушунтирдим. Мен келиб ҳам масалан бир ўйинда ютқазиб қўйсак қўлни туширмасдан ишлашимиз кераклигини ва меҳнатимизга яраша албатта натижа бўлишини уларга уқтирдим. Бундай футболчилар билан жамоадаги вазиятни тўғрилай олишимни билдим. Агар шундай даражадаги ўйинчилар билан натижаларни яхшилай олмасак унда ишлашни кераги йўқ эди.

диёр3_2

- “Янгиер” қийин аҳволда қолганди. Клубда иш бошлаганингизда бу сиз учун таваккалчилик эмасмиди?

- Футбол жамоавий ўйин, 11 киши ўйнайди. Унда бир футболчи ўз вазифасини бажара олмаса, бу жамоа ўйинига таъсир қилади. Ҳар бир ўйин таваккалчилик. Мақтаняпти деманггу, аммо бу ерга келиб ўз ишимни қилсам, машғулотларда бир нималарни ўзгартирсак ва футболчиларни яхши тайёрлай олсам, натижа беришини билардим. Жамоанинг охирги ўринда юрганига ҳам қараганим йўқ. Аксинча, “Янгиер”ни қуйи поғонадан юқорига кўтара оламанми-йўқми, нимага қодирман? Бу ўзим учун ҳам синов эди. Қаедадир омадимиз келди, қаердадир режаларимиз ўхшади. Бу ерга ўзимга ишонч билан келгандим.

- Раҳбарият томонидан олдингизга қандай вазифа қўйилганди?

- Раҳбар билан биринчи суҳбатлашганимизда Сирдарёда битта клуб борлиги у ҳам бўлса, “Янгиер” бўлиб, агар қўлларингда келса ғалабалар қозониб, Суперлигага чиқинглар, вилоят жамоани Суперлигада қатнашинини таъминлашга тайёр, деган фикрларни айтди. Гарчи про лигада “Янгиер” учун “Андижон”, “Бухоро” ёки бошқа клублардагидек шароитлар яратиб берилмаган бўлса ҳам ўз имкониятимиздан келиб чиқиб муваффақиятга эриша олсак, вилоят раҳбарияти “Янгиер”ни Суперлигада қатнашишини қўллаб-қувватлашини алоҳида айтди. Шу гаплардан кейин амин бўлдимки, вилоят раҳбарининг ўзи ўйинларимизга келишни бошлади. Ишларимиз ҳам юришиб кетди. Биринчи мақсадимиз шундай эдики, бошида клуб пастки ўринларда эди, иложи бўлса жамоалар иккига ажралганида кучли бешталикка киришни ният қилдик. Ана шундан кейин бизда ҳам имкониятлар бошқача бўлиши мумкин ва трансфер ойнаси очилганида таркибни янада кучайтиришимиз мумкин. Биз Суперлигага чиқамиз, деган асосий мақсад йўқ. Бироқ имкониятимиз бўлса, ўз ўйинимизни кўрсатиб ғалабалар қозониш учун курашамиз. Боя айтдим, раҳбарият “Янгиер”ни Суперлигада кўришни истайди. Агар шундай бўлса, клубни Гулистонга кўчиришларини ҳам айтдилар.

диёр_2

- Дарҳақиқат, жамоада энди умид учқунлари уйғона бошлади. Ўзингизда ҳам Суперлига учун ишонч кучлими?

- Биринчи ўриндаги клубда 22 очко, иккинчи ўриндаги жамоада эса 21. Кейинги ўринлардагиларда 17 очкодан бор. “Турон” билан ўз майдонимиздаги учрашувда ютқазганимизни халигача хазм қила олмаяпман. Ўйин ва голли вазиятларни яратиш борасида улардан анча устунлик қилгандик. Ҳатто, дуранг ўйнаганимизда ҳам натижадан хафа бўлардим. Афсуски, ютқазиб қўйдик. “Турон”ни ютишимиз керак эди. Аммо стандарт вазиятдан гол ўтказиб юбордик. Акс ҳолда ҳозир 18 очко билан “Машъал” ва “Бухоро”дан юқорида турардик. Ғалабалардан руҳланиб, футболчиларда ҳам ишонч кучайган. Энди янада юқорироққа интиляпмиз. Клуб раҳбарияти шунга яраша шароит ҳам яратиб беряпти. Қаранг, ғалабалар бўлса, шароитлар ҳам яхшиланаверар экан.

- Қизиғи, “Янгиер” 10 та ўйинда 5 та ғалаба ва 5 та мағлубият қайд этди, дуранг йўқ. Ё ютяпти, ё ютқазяпти...

- Менинг қўл остимда бешта ўйин ўтказган бўлсак, дебют учрашувим сафарда “Зомин” билан баҳсга тўғри келди. Ўшанда дуранг бўлиши мумкин эди. “Зомин” охирги дақиқаларда ўзи яратган имкониятдан фойдалана олмади. Тўп тўсинга тегди, яна бир ҳолатда дарвозабон қутқарди. Дуранг бўлганида ҳаққоний бўларди, деб ҳисоблардим. Масалан, “Ғиждувон”га қарши ҳам оғир учрашувни ўтказдик. 0:1 га ютаётганимизда Сирож Мелиев билан Нодир Йўлдошевда ўта қулай вазиятлар бўлди, гол уришлари керак эди. Ана шунда хотиржам бўлардик. Аммо кейин мезбонлар дарвозамиз олдида хавфли вазиятларга эга бўлишди. Бу – футболда, гол уришганида дуранг бўлиши мумкин эди. Ўйинчиларга доим айтаман: ҳимояда яхши ўйнаб, дарвозамиздан гол ўтказиб юбормасак, демак биз бугун ютқазмаймиз. Ҳужумда имкониятлар бўлиши бу бошқа масала. Бизда ҳозир ҳужумчилар йўқ. Иккита асосий ҳужумчимиз жароҳат олган. Айнан охирги тўртта беллашувда ҳужумчисиз ўйнадик. Суҳроб Бердиев ўзи қанотда ҳужумкор ярим ҳимоячи. Уни ҳужумда синаб кўрмаганман. Менга Бердиевни ҳозирги ўйнаётган жойи маъқул. Натижада марказий ҳимоячини ҳужумчига айлантирдим. Қаҳрамон Баҳодиров айнан олдинги чизиқда тўп сурди. Вазифаларини эплашди. Бири гол урди, яна бири голли пас узатди.

диёр5_1

- У ҳолда охирги ўйин – “Ғиждувон”га қарши қандай тактика қўлладингиз?

- У ерда ҳам марказий ҳимоячи Нодир Йўлдошев ҳужумда ўйнади. Бизда айнан ҳужум позициясида ўйнайдиган ўйинчи гол уради, деган нарса йўқ. Ўйин услубим шундайки, исталган вақтда ўйинчиларни ўрнини алмаштириб, бошқасини чиқаришимиз мумкин. Гол урадиган вазиятда хоҳлаган футболчи пайдо бўлиб қолиши ҳам мумкин. Ҳеч кимга сен ҳужумчисанг, гол урасан, деган кўрсатма йўқ. Айтмоқчиманки, ҳужумчисиз ўйнаса ҳам бўларкан.

- Демак, ҳужумчи Тимур Усмоновнинг кўринмаётгани ҳам жароҳат билан боғлиқми?

- Ҳа, жароҳати бор. “Турон” билан учрашувдан кейин ўзини ёмон ҳис қилди. Ҳали тайёр эмас. Жаҳонгир Абдусаломов ҳам айнан “Турон”га қарши баҳсда жароҳат олган. У сафга энди қўшилди. Тўлиқ ўйнашга тайёр эмас.

диёр4_1

- Ҳар бир мураббийнинг иш услуби бор. Айтинг-чи, “Янгиер”да иш бошлагач, натижага олиб борувчи йўл тариқасида асосан қандай тактика бўйича ишлаяпсизлар?

- Биринчи ўринда футболчиларнинг имкониятидан келиб чиқаман. “Машъал”да ишлаганимда бошқача фикрда бўлардим. “Андижон”да меҳнат қилганимда эса яна бошқача фикр...Футболчиларнинг имконияти ҳамда малакасидан келиб чиқиб схема танлаганмиз, ҳозирча шу бўйича ўйнаяпмиз. Улар бунгача 4-2-3-1 схемасида ўйнашмаган. Авваллари 4-1-4-1 ёки 4-4-2 тактикасида ҳаракат қилишган. Бу ерга келиб янги схема қўллашга вақтим етарли бўлди. Футболчилар ҳам мени тушунди. Суперлигани кўрган йигитлар. Гапимни биттада тушунишади.

- Демак, жамоани ўзгача услубда ва керак бўлса ҳужумчисиз бўлса ҳам юта олишингизни кўрсатяпсиз...

- Албатта, ўйинчиларнинг малакасидан келиб чиқиб иш тутяпмиз. Агар шу таркиб билан 5 та ҳимоячи тактикасида ҳам ўйнасам нотўғри бўлади. Бизда тезкор ўйинчилар бор. Элёр Мамасолиев, Суҳроб Бердиев, Сирож Мелиев каби йигитларни ўйин ташкил қилиш қобилятлари яхши. Улар мени мана шундай схемада ўйнашимга мажбур қилади. Агар бошқа тактика қўлласам, уларнинг имкониятларини чеклаб қўйган бўламан. Мураббийни ёқтирган услуби билан ўйнаш нотўғри. Яна қайтараман: услуб футболчиларнинг имкониятидан келиб чиқиб танланади. Қайси схема натижа берса, ўша менинг ёқтирган услубимга айланаверади.

диёр2_2

- Бунгача сафарда кетма-кет иккита ўйин ўйнадинглар, “Арал Самали” ҳамда “Ғиждувон”га қарши. Ҳозирги вазиятда эса меҳмонда бирин-кетин ғалабаларга эришиш ҳам осон эмас...

- Илгари ҳам про лигада ишлаганман. Нафақат “Арал Самали”, балки қорақалпоқ футболчилари шундай ўйинчилар сирасига кирадиларки, улар ўз уйида ҳар қанақа рақибни юта олади. Шу боис мезбонларга қарши ўйнаш қийин. Боз устига майдони сунъий. Йўл ҳам узоқ. Шу боис ўйинга таъсир қилувчи факторлар бисёр. “Арал Самали” босимсиз ўйнайди. Бизга очко керак, ҳар бир клубнинг мақсади ўзгача. Ўша куни ҳам матбуот анжуманида айтдим, “Арал Самали”га келиб биров осонликча очко олиб кетмайди. Сунъий майдонда ўйинимиз чиқмади, қийналдик. Яна футболчиларнинг индивидуал маҳорати эвазига голлар уриб ютиб кетдик. “Ғиждувон” эса ҳали ўз уйида ҳеч кимга ютқазмаганди. Масалан, “Андижон” ва “Машъал” билан дуранг ўйнади. “Бухоро” майдонида ҳам бир очко ишлади. Биринчи уй очилиш ўйини биз билан баҳсга тўғри келди. Шу боис оғир бўлишини билардик. Ҳаммасини ҳисобга олиб, футболчиларимни огоҳлантиргандим, ўйин биз ўйлагандек кечмаслиги мумкин, агар рақибга имконият берсанглар, ўзимизга қийин бўлади. Бунинг учун “Ғиждувон”га умуман имконият бермаслик кераклиги ҳақида айтдим. Рақиб жамоа қанақа ўйнайди? Биз қандай имконият тақдим этсак, шунга яраша ўйнайди-да. “Турон”, “Андижон” каби сафарда ўйнаган даражада қийин бўлди. Про лига анча ўсган. “Ғиждувон”ни ҳам ўйинини яхшилаб ўргангандик. Қанотдан тўп оширилганида ҳимоячилари рақиб ўйинчиларни “йўқотиб” қўйишини пайқадик. Гол уриш учун энг асосий омил сифатида шу нарсани футболчиларимга тушунтирдим. Ўзи марказдан ҳужум ташкил қилиш қийин. Европа футболини ҳам кўринг, аксарият голлар асосан қанотлардан узатилган паслардан кейин уриляпти. “Ғиждувон” ўйинчилари қанотдан тўп узатилганида фақат тўпга қараяптида, қўриқлаётган футболчиларини эътибордан четда қолдиряпти. Шу боис бизда гол уриш учун айнан қанотлардан уюштириладиган ҳужумларимизда имконият кўпроқ бўлишини билдик. Машғулотларимизни шу йўналиш бўйича олиб бордик. Машғулотларимизда ҳар куни қанотлар бўйича ишладик. Бир куни ўйинчиларимга нимага менга ҳар куни шу услубда ишлаяпмиз, деб савол бермадинглар дедим. Кейин уларга рақибни ўша ожиз нуқтасини айтдим. Натижада ўша учрашувда голимизни қанотдан узатилган тўп орқали киритдик ва Нодир Йўлдошев ўзини кўрсатди.   

диёр8

- “Янгиер”даги фаолиятингиз сизга трамплин бўлади. Мураббий сифатидаги аниқ мақсадингиз қандай?

- Ўтган йилгидан кўра, яхшироқ натижа кўрсатиб, кучли бешталикка кирмоқчимиз ва у ёғига яна курашамиз. Ҳамма мураббий ҳам ўзини кўрсатгиси келади. Таркибда яхши футболчилар йиғилган. Раҳбарият эса менга мана шундай таркиб билан ўзимни кўрсатишим учун имконият яратиб беришди. Мендан олдин таниқли мураббийлар билан музокаралар ҳам ўтказишган. Охири менда тўхталишган, улардан миннатдорман. Аввало ишонч билдиришди. Кимдир бу ҳали ёш мураббий, тузук-қуруқ ишламаган деб айтиши мумкин. Ишонинг, тажрибам етарли. Яхши устозларни дарсини олганман. Элдор Сакаев, Виктор Кумиков, Александр Хомяков сингари мутахассисларни олдида юриб, анча тажриба ўргандим. Қачондир ўрганганларимни ишга солишим керак эди. Бу менга имконият. Мени футболга алоҳида тушунчам бор. Масалан, Кумиков ва Хомяков билан ишлаган бўлсам, айнан уларнинг услубида ўйнамайман. Аммо уларни менга берган билимларини ишга солиш вақти келганди. Бу мен учун чақирув. Ишлаш учун қўрқмаслик керак. Ҳамма қачондир бошлайди.

- Адашмасам, про лигада энг ёш мураббийсиз...

- Шунақа. 2017 йили ҳам шунақа савол беришганди. Ўша мавсумда “Машъал-2” билан биринчи лигада ишлаб, энг ёш мураббий бўлгандим.     

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!