
Ҳусанов бўйича муҳим қарор!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов клублар миқёсидаги фаолиятини “Манчестер Сити”да давом эттираётгани боис ўзбекистонлик мухлислар ушбу жамоага оид хабарларни алоҳида қизиқиш билан кузатиб бормоқда.
Sports.uz портали буни инобатга олган ҳолда “шаҳарликлар” атрофида бўлаётган қизиқарли маълумотларни ўқувчилар эътиборига ҳавола қилишни давом эттиради.
Абдуқодир Ҳусанов 2025 йилнинг 20 январида Франциянинг “Ланс” клубидан “Манчестер Сити”га кўчиб ўтгани ўзбек футболи учун тарихий воқеа бўлди.
Манчестер клуби “шов-шувли” трансферни амалга ошириш мақсадида ёш ўйинчи учун 40 миллион евро бадал пули ва яна 10 миллион евро бонус беришни таклиф қилди. Шу тариқа, Абдуқодир Ҳусанов Англия Премьер-лигасига келди.
Манчестердаги фаолиятининг дастлабки ойларида асосий таркиб ўйинчиси сифатида Англия Премьер-лигаси, мамлакат кубоги, Европа Чемпионлар лигасида тўққизта учрашув ўтказган ва февраль ойида “Манчестер Сити”нинг энг яхши футболчиси деб топилган Ҳусановни Хосеп Гвардиола апрель ойидан бошлаб, умуман майдонга туширмай қўйди.
Кейинчалик маълум бўлишича, клуб бу ишни қўшимча бонуслардан қочиш учун қилгани айтилди. “Ланс” билан келишувга кўра, агар Ҳусанов дастлабки ярим мавсумда ўн марта майдонга тушса, манчестерликлар беш миллион евро қўшимча бонус тўлаши кўзда тутилган экан.
Шунга қарамай, бу ҳолат Абдуқодирнинг “Манчестер Сити”даги келажаги бўйича кўплаб саволларни келтириб чиқарди. АҚШда ўтказилган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам мураббийлар штаби Ҳусанов хизматидан атиги битта учрашувда фойдалангани бу мавсумни яна қиздириб юборди.
“Манчестер Сити” раҳбарияти ва мураббийлар штабининг ўзбек легионерига бўлган муносабатига таниқли журналист Симон Байковски ойдинлик киритди.
Унинг таъкидлашича, “шаҳарликлар” мутасаддилари янги мавсумда Абдуқодир Ҳусановни ҳеч қаерга қўйиб юбормайди. Мураббийлар штаби 21 ёшли марказий ҳимоячи хизматидан фойдаланишни режалаштирмоқда.
Холанд Месси ва Роналду рекордларини уролмаслигини тан олди
“Манчестер Сити”нинг кейинги йиллардаги энг зўр тўпурари Эрлинг Холанд ўзини замонавий футболнинг энг зўр ўйинчиларидан бири эканини таъкидлаб, Криштиану Роналду ва Лионель Месси натижаларини такрорлай олмаслигини таъкидлади.
- Мен дунёнинг энг зўр футболчисиманми? Йўқ, албатта, улардан бириман холос. Криштиану Роналду ва Лионель Мессининг рекордларини ҳеч ким уролмайди. Ҳатто мен ҳам, - деди Эрлинг Холанд.
Таъкидлаш лозимки, саккиз карра “Олтин тўп” соҳиби бўлган Месси ҳозиргача профессионал фаолиятида 1114 та учрашувда учрашувда қатнашиб, рақиблар дарвозасини 874 маротаба ишғол қилган ва жамоадошларига 386 та голли пас узатган.
Жаҳон футболида энг кўп тўп киритган Криштиану Роналду ҳисобида 1281 та ўйинда урилган 938 та гол ва 257 та ассист бор. 25 ёшли Эрлинг Холанд ҳозирга қадар рақиблар дарвозасига жами 301 гол урган.
“Манчестер Сити”нинг янги дарвозабони рақобатчиси Эдерсондан ҳайратда
“Манчестер Сити” янги мавсум олдидан Жеймс Траффордни жамоага қайтарди. 22 ёшли дарвозабон аслида “шаҳарликлар” тарбияланувчиси ҳисобланади.
Клуб иқтидорли голкиперни “Бёрнли”га сотиб юборган эди. Манчестерликлар уни қайтариш учун 30 миллион евро атрофида пул сарфлади.
Жеймс Траффорд трансфердан кейин “Манчестер Сити”нинг асосий дарвозабони Эдерсон ҳақида гапирди.
- Эдерсон тўп билан ишлашга уста ва бу ишни ажойиб тарзда бажаради. 17 ёшимда асосий таркиб машғулотларида қатнаша бошлаганимда Эдерсондан ҳайратланардим. Ўшанда ўз ўйинимни яхшилаш мақсадида ундан кўп нарса ўрганганман.
“Манчестер Сити”нинг барча дарвозабонлари билан бирга ишлашдан мамнунман. Биз бир биримизнинг ўсишимиз ва ривожланиб боришимизга туртки берамиз, - деди Жеймс Траффорд.
Жеймс Траффорд ўтган мавсумда Англия Чемпионшипида “Бёрнли” дарвозасини 45 та учрашувда қўриқлаб, атиги 16 та тўп ўтказиб юборди холос.
“Манчестер Сити” 25 миллион фунтни қабул қилмади
Англия Премьер-лигасида юқори ўринлар учун курашиш мақсадида таркибини кучайтиришга ҳаракат қилаётган “Ноттингем Форест” мутасаддилари “Манчестер Сити”дан ўйинчи сўради.
“Ўрмончилар” манчестерликлар истеъдодли ҳужумкор футболчиси Жеймс МакЭйти учун 25 миллион фунт миқдорида бадал пули таклиф қилди.
Журналист Пит Грейвснинг хабар беришича, бу сумма “шаҳарликлар”ни қониқтирмаган ва клуб харидорга рад жавобини берган.
Аслида “Манчестер Сити” бу ярим ҳимоячини сотиб юборишга қарши эмас. Бироқ бу ишни клубга каттароқ даромад келтирадиган таклиф асосийда амалга оширмоқчи.
Таъкидлаш жоизки, ўтган мавсум ўз талантини намойиш қила олган Жеймс МакЭйтига Англия Премьер-лигасининг бошқа клублари, шунингдек, Бундеслиганинг “Байер” жамоасидан ҳам жиддий қизиқиш бўляпти.
Фикрлар