Ҳусанов Европада трансфер қарашларини ўзгартирди

Трансферлар Европа футболининг энг муҳим бўлаги ҳисобланади. Гранд клублар ўзларига керакли ўйинчи трансфери учун ҳар қандай сумма тикишга тайёр. Одатда, маошлар ҳам шунга яраша белгиланади.

Баъзи бир футболчиларнинг трансфер нархи бутун бир жамоаникидан қиммат бўлиши ҳам табиий ҳолга айланган. Бунга Эрлинг Холанд, Килиан Мбаппе, Жуд Беллингем, Винисиус Жуниор каби қимматбаҳо ўйинчиларни мисол қилиш мумкин.  

Бироқ “Топ-5” лигаларида ҳам “кўрпасига қараб оёқ узатадиган” ва “чўнтагига қараб харажат” қиладиган клублар кўп.

Бундай клублар асосий эътиборини дунёнинг турли нуқталаридан истеъдодли ва юқори салоҳиятга эга ёш ўйинчиларни қидириб топишна қаради, уларни ўзлари учун қулай суммага олиб келади ва маълум муддат ўйнатиб, номини чиқаради ва бир неча баравар қимматига сотиб юборади.

Бу молиявий имконияти чегараланган клублар учун бюджетни кенгайтириш, даромадни ошириш ва харажатларни қоплашнинг энг мақбул усулидир.

Айни пайтда Европада “Ланс”нинг икки трансфери муҳокамалар нишонига айланди. Бу ҳақда jeunesfooteux.com сайти эксперти Лоик Жего қуйидаги таҳлилни келтирди.

- “Ланс” камхарж футболчилар билан ҳам яхши натижаларга эришиши мумкинлигини кўрсатди. 2023 йилнинг ёзида лансликлар Абдуқодир Ҳусанов ва Нил Эл-Айнауини ўз сафига қўшиб олганди.

Эл-Айнауи ўтган мавсум кашфиёти бўлди. Бу ўйинчини олиш учун Ланс шаҳри клуби Франциянинг  “Нанси” жамоасига 600 минг евро тўлаганди.

Жорий йилнинг март ойида янгиланган рейтингда марказий ярим ҳимоячининг трансфер суммаси 8 миллион еврога кўтарилди. Ёзда “Ланс” Нил Эл-Айнауини “Монако”га 20 миллион евро эвазига  сотиб юборишга келишди. Бироқ бу трансфер номаълум сабабларга кўра охирига етмай қолди.

Айни пайтда Францияда ҳамманинг тилига Абдуқодир Ҳусанов тушган. Ўзбек легионери бу мавсум бошиданоқ ҳақиқий кашфиётга айланди. Марказий ҳимоячини “Ланс” клуби 100 минг евро эвазига Беларуснинг “Энергетик-БГУ” жамоасидан олиб келган.

20 ёшли футболчи ҳозир бош мураббий Уилл Стилл жамоасининг энг яхши ўйинчиси даражасига кўтарилиб олди ва назарга тушди.

“Ланс” арзонга олган бу икки ўйинчи Европада трансфер сиёсатига таъсир кўрсата бошлади. Буларнинг ўйинига қараб, “трансферлар ойнаси даврида кўп миллионли харажатларга қўл уриш шартмикин?”,  деган ҳақли савол туғилади, - деб ёзди jeunesfooteux.com сайти эксперти Лоик Жего.

Абдуқодир Ҳусанов янги мавсумда мунтазам бошланғич таркибда ўйнамоқда. Ҳозирга қадар Франция чемпионатида еттита ва Конференциялар лигасида иккита учрашувда иштирок этиб, аксарият ўйинларда жамоасининг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди.

Шомуродов гол урмаса бўлмайди...

Шомуродов ва 178 нафар футболчи бўйича маълумот чиқди

Файзуллаев Европага кетсин!

Ҳусанов “Ланс”ни Францияда биринчи, Европада тўртинчи ўринга кўтарди

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!