Шомуродов гол урмаса бўлмайди...

Европа лигаларида ФИФА кунлари муносабати билан икки ҳафталик танаффус эълон қилинганидан фойдаланиб, турли таҳлиллар натижалари эълон қилинмоқда.

Маълумот ўрнидан таъкидлаш лозимки, А Сериядан жами 179 нафар футболчи ўз мамлакатлари  терма жамоаларига қўшилган. Энг кўп футболчи жўнатган клублар “Рома” ва “Милан” бўлиб турибди. Бу клублардан 15 нафардан ўйинчи халқаро учрашувларда иштирок этиш учун кетган.  

Италия футболини таҳлил қилаётган манбалар Европа Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашаётган жамоалар орасида “Рома”нинг самарадорлиги сезиларли даражада паст эканига эътибор қаратди.

Ана шундай манбалардан calciomercato.com портали эксперти Даниэле Алоизи Рим клуби ҳужум чизиғидаги вазиятни ўрганиб чиқиб қуйидаги таҳлилларни мхлислар эътиборига ҳавола этди.

- Мавсум боши “Рома” учун барқарор бўлгани йўқ. Зўр ўйинлар қатори ўта зерикарлиларини ҳам кўрдик, ўсиш ҳам, пасайиш ҳам бўлди. Бош мураббий вазифасидан Даниэле Де Россининг олиниб, унинг ўрнига Иван Юричнинг келгани ҳам кутилган самарани бермади.

“Рома” очко олиш учун гол уришни ўрганиши керак. “Бўрилар” дастлабки етти турда атиги саккизта тўп киритди. Кўрсаткич ижобий эмас. Ҳужум чизиғидагиларга эътироз кўп, фақатгина Артём Довбик вазифасини уддалаяпти.

Украиналик футболчи учта – жамоаси голларининг деярли ярмига муаллифлик қилди. Иван Юричнинг ўзи ҳам ҳужумдаги самарадорликни ошириш кераклигини эътироф этди .

Фактларга эътибор қаратилса, “Рома” дарвоза томон йўлланган зарбалар сони бўйича лигада етакчи. Улар 117 маротаба зарба берган. Лекин дарвозага тўғри етиб борган зарбалар 37 тани ташкил қилади.

“Рома” фақатгина Довбикка суяна олмайди. Бошқа ҳужумчилар ҳам гол урмаса бўлмайди. Икки аргентиналик ҳужумчилар – Пауло Дибала ва Матиас Суле ҳаракатини кучайтириши керак. Дибала янги мавсумда пенальтидан битта тўп киритди холос. Катта умидлар билан олиб келинган Суле ҳали Рим клубида бирорта самарали ҳаракатни амалга оширмади.

Ҳужум чизиғи вакилларидан Довбикдан бошқа Элдор Шомуродов гол урди холос. Стефан Эл-Шаарави ҳам ҳозирча жим.

“Рома”нинг қолган голлари ярим ҳимоя вакиллари Томмазо Балданьци, Брайан Кристанте ва Николо Пизилли ҳисобга тўғри келади, - деб ёзди calciomercato.com портали эксперти Даниэле Алоизи.

Таъкидлаш жоизки, Рим клуби ҳужумчилари орасида энг кам ўйин вақтига эга бўлган ўйинчи Элдор Шомуродов ҳисобланади. 29 ёшли форвардимиз жами тўртта учрашувда қатнашиб, ҳаммаси бўлиб атиги 34 дақиқа ҳаракат қилган ва “Рома”нинг биринчи тўпини киритган.

Айтиш мумкинки, янги бош мураббий ҳам Элдорга тайёргарлигига яраша етарли ўйин амалиёти бермаяпти. Энди легионеримиз бор маҳоратини Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 10 ва 15 октябрь кунлари Эрон ва Бирлашган Араб Амирликлари билан бўладишган ўта муҳим учрашувларда кўрсатишига тўғри келади.

Шундай экан, Шомуродов Ўзбекистон миллий терма жамоасида ҳам, “Рома”да ҳам гол урмаса бўлмайди.  

Шомуродов ва 178 нафар футболчи бўйича маълумот чиқди

Файзуллаев Европага кетсин!

Ҳусанов “Ланс”ни Францияда биринчи, Европада тўртинчи ўринга кўтарди

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!