Ҳусанов катта янгилик кутмоқда
Жорий мавсум "Манчестер Сити"да ўйнаётган Ўзбекистоннинг бугунги кундаги энг машҳур футболчиси Абдуқодир Ҳусанов учун жуда муваффақиятли давом этмоқда.
22 ёшли футболчимиз “Манчестер Сити”да захирада ўйинчисидан асосий таркибнинг энг муҳим фигурасига айланди. Ҳусанов мавсумнинг энг қизғин ва масъулиятли палласида ҳимоя чизиғи етакчиси ҳисобланади.
Жорий чемпионат давомида легионеримиз икки мураккаб позиция – ҳам ўнг қанот, ҳам ҳимоя марказида ҳам ишончли ўйнай олишини намойиш қилиб, Хосеп Гвардиола ва унинг мураббийлар штабидаги мутахассислар ишончини оқлай олди.
Абдуқодир Ҳусанов топ-лигалардаги дастлабки ютуғи – Англия лигаси кубогини қўлга киритди ва айни пайтда совринлари сонини ошириш учун жамоаси билан курашни давом эттирмоқда.
Шу билан бирга ҳамюртимиз индивидуал совринларини кўпайтириб олиш имкониятига эга бўлмоқда.
“Манчестер Сити” расмий сайти орқали 2025-2026 йилги мавсум якунлари бўйича Etihad Player of the Season мукофоти – клубнинг мавсумдаги энг яхши ўйинчисини аниқлаш учун номзодлар рўйхатини эълон қилди.
25 нафра номзодлар қаторига Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Хусанов ҳам киритилди. Жамоанинг энг яхши футболчиси учун овоз бериш жараёни аллақачон бошланган ва 15 майгача давом этади. Шундан сўнг ҳал қилувчи босқичга чиқадиган уч нафар финалчи аниқланади.
Таъкидлаш жоизки, жорий мавсумда Ҳусанов “шаҳарликлар” сафида икки марта ойнинг энг яхши футболчиси соврини қўлга киритган икки футболчидан бири ҳисобланади. Абдуқодир январь ва март ойларида ойнинг энг яхши футболчиси, деб топилган.
Умуман олганда, мавсум бошланганидан бери жамоада ойнинг энг яхши ўйинчилари соврини эгалари қуйидагича кўриниш олган.
Август: Тижани Рейндерс
Сентябрь: Жереми Доку
Октябрь: Эрлинг Холанд
Ноябрь: Фил Фоден
Декабрь: Райан Шерки
Январь: Абдуқодир Ҳусанов
Февраль: Нико О’Райли
Март: Абдуқодир Ҳусанов
Апрель: Нико О’Райли
Бундан ташқари, Абдуқодир Ҳусанов Англия Премьер-лигаси футболчилари ўртасида рақиб футболчиларининг пасини кесиш (“interceptions”) бўйича етакчи ҳисобланади. Ҳамюртимиз ҳар ўйинда ўртача 2.30 та узатма берилган пайтда тўп манзилга етиб бормасидан аввал унга эгалик қилади ва бу кўрсаткич бўйича ҳаммани ортда қолдирган.
Энди Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити”нинг жорий мавсумдаги энг зўр футболчиси бўлишга даъвогар. Ўтган мавсумда «Манчестер Сити»нинг энг яхши футболчиси совринини хорватиялик марказий ҳимоячи Йошко Гвардиол қўлга киритган эди.

Фикрлар