Endi bizga faqat Husonovdaqasi kerak!

  • 13.05.2026 06:37
  • Zohir Toshxo’jayev
  • 0
  • Futbol
Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг 2025 йилнинг 20 январидан “Ланс”дан “Манчестер Сити”га ўтгани ва Хосеп Гвардиола жамоасида ўзини кўрсата олгани “шаҳарликлар” трансфер сиёсатига катта таъсир ўтказди.

Сўнгги маълумотларга қараганда, “Манчестер Сити” ёзги трансферлар ойнаси даврида “Ланс”дан яна бир марказий ҳимоячини олмоқчи. Бу гал манчестерликлар нишонига Самсон Баиду тушган. Бу футболчи учун Европанинг йирик клублари ўртасида ҳақиқий кураш бошланиши кутилмоқда.

Ҳозирда Баидунинг бозор қиймати 30 миллион еврони ташкил этмоқда ва “Ланс”нинг муаффақиятли ўтаётган жорий мавсумидаги ўйинларидан кейин унинг нархи тез суръатларда ошиб бормоқда.

Франция футболида янги иқтидор порлаётгани ҳақидаги хабар “Манчестер Сити” селекция бўлими учун ҳал қилувчи паллада пайдо бўлди. Ҳозир ушбу йўналишга спорт директори Угу Виана раҳбарлик қилмоқда, клуб эса жорий мавсумда учта ички совринни қўлга киритиш учун курашни давом эттирмоқда.

Клубнинг спорт раҳбарияти бир вақтнинг ўзида келажак режаларини ҳам тузмоқда. Чунки таркибдан кетадиганлар бор. Хусусан, марказий ҳимоячилардан Натан Аке А Серияга йўл олиши кутилмоқда. Шунингдек, жорий мавсум охирида клубни тарк этадиган Жон Стоунз ҳам жамоада қолмайди.

- Сўнгги 18 ой давомида “Манчестер Сити”нинг ҳимоя сиёсати жисмонан кучли ва тўп билан яхши муомала қила оладиган ёш футболчиларга устувор аҳамият бермоқда. Бу Витор Рейс ва Абдуқодир Ҳусанов каби футболчиларнинг трансфери орқали тасдиқланди.

Ланс клуби Премьер-лига грандлари кузатувчилари тез-тез ташриф буюрадиган жойга айланди. Айниқса, Ҳусановнинг “Этиҳод”даги муваффақиятларидан кейин бу масала долзарб аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистонлик ҳимоячи 2025 йил қишки трансфер ойнасида “Манчестер Сити” томонидан “Ланс”дан сотиб олинган эди, - деб ёзди cityxtra.co.uk сайти эксперти Фредди Пай.

Италия футболидаги йирик манбалардан TuttoJuve нашри маълумотига кўра, ёзда “Ланс” марказий ҳимоячиси Самсон Баидунинг бозори чаққон бўлади. Бу марказий ҳимоячига “Манчестер Сити”дан ташқари “Ливерпуль”, “Астон Вилла”, “Ювентус” ва “Интер” ҳам жиддий қизиқмоқда.

Sport Witness нашри келтирган дастлабки маълумотда ҳимоячи “Европадаги энг қизиқарли ёш футболчилардан бири” деб таърифланган. Бу эса яқин ойларда унинг трансфер қиймати янада ошиб кетишига сабаб бўлиши мумкин.

Айни пайтда Самсон Баиду ва Абдуқодир Ҳусановнинг “Манчестер Сити”да биргаликда ўйнаши ҳақидаги фикрлар, шубҳасиз, жуда қизиқарли кўринмоқда. Угу Виана олиб бораётган ишлар ёзда клубдан кетадиган тажрибали футболчилар ўрнини қоплаш учун трансфер бозорида қатъий ҳаракат қилиш ниятида эканини кўрсатмоқда.

Fikrlar

Fikr qoldirish uchun avtorizatsiyadan o'ting!