Husanov Liverpulda o‘ynaydi!
Англия кубогида кетма-кет тўртинчи маротаба финалга чиқиб, рекорд ўрнатган Пеп Гвардиола жамоаси энди яна Премьер-лига чемпионлиги учун курашга эътибор қаратади. Навбатда уларни 4 май куни сафарда ўтказиладиган “Эвертон”га қарши оғир синов кутмоқда.
“Манчестер Сити” ўтган ҳафта Чемпионшип вакили “Саутгемптон”ни драматик тарзда 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, Англия кубоги финалига йўл олди. Таъкидлаш жоизки, бу баҳсда мураббийлар штаби таркибда жиддий ўзгаришлар қилиб, захирада қолиб кетаётган ўйинчиларга имкон берди.
Шунга қарамай, “шаҳарликлар” қийинчилик билан бўлса-да, рақиб устидан зафар қучди. Бу Гвардиоланинг мазкур мусобақадаги 51 ўйиндаги 43-ғалабаси бўлди.
Энди “Манчестер Сити” Премьер-лига чемпионлиги учун курашга қайтиши керак. Улар “Эвертон”га қарши баҳс учун Ливерпуль шаҳридаги “Хилл Дикинсон” стадионига сафар қилади.
Айни пайтда «Эвертон» 11-ўринда бормоқда ва келаси мавсум Европа мусобақаларига чиқиш зонасидан атиги икки очко ортда қолмоқда. Жамоа охирги уч ўйинда ғалаба қозона олмади. Шу боис душанба кунги тўқнашувда уч очко улар учун жуда муҳим аҳамиятга эга.
“Манчестер Сити” эса Мерсисайдга барча мусобақалардаги охирги олти ўйиндаги ғалабалар серияси билан етиб келмоқда. Улар Премьер-лигада пешқадам “Арсенал”дан уч очко ортда қолмоқда. Бироқ манчестерликлар “канонирлар”дан бир ўйин кам ўтказган.
“Манчестер Сити” фаолиятини ёритиб келаётган нуфузли манба – cityxtra.co.uk сайти экспертлари Хосеп Гвардиола муҳим учрашувда яна жанговар таркибга суянишини тахмин қилди.
Жанлуижи Доннарумма
Дарвозага Жанлуиджи Доннарумма қайтади. Айрим хатолари танқид қилинса-да, италиялик посбон бу мавсум чемпионлик курашида жамоа учун жуда муҳим фигурага айланган.
Доннарумма Премьер-лигада 30 ўйинда 13 та қуруқ ўйин ўтказди. Бу деярли ҳар икки ўйиндан бирида гол ўтказмаганини англатади ва унинг аҳамияти ортиб бораётганини кўрсатади.
У “Олтин қўлқоп” пойгасида “Арсенал” посбони Давид Райядан фақат уч очкога ортда. Яна бир ишончли ўйин уни нафақат шахсий совринга яқинлаштиради, балки “Сити”нинг чемпионлик йўлида ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин.
Матеуш Нуньеш
Яқиндаги матбуот анжуманида Гвардиола Матеуш Нуньешни “дунёнинг энг яхши ўнг қанот ҳимоячиларидан бири” деб атади ва унинг ҳозирги формасига қараганда, бу мақтов тўлиқ асосли.
Мавсум давомида Нуньеш жамоа учун деярли алмаштириб бўлмас футболчига айланди. Бир вақтлар мухлислар Кайл Уокер кетганидан кейин тўғридан-тўғри ўринбосар излашган эди. Энди бу позицияни тўлиқ Неньеш эгаллади.
Абдуқодир Ҳусанов ва Марк Гехи
Абдуқодир Ҳусанов ва Марк Гехи мавсумнинг ҳал қилувчи қисмида марказий ҳимояда жуда кучли жуфтликка айланди. Улар январга қадар бирга ўйнамаганини ҳисобга олсак, бу янада таъсирли кўринади.
Иккаласи ҳам ҳафта охирида дам олди ва Англия кубоги доирасида “Саутгемптон”га қарши ўйинда захирада қолдирилди. Уларга қўшимча дам олиш имконияти берилгани душанба куни бўладиган оғир ўйин олдидан муҳим аҳамият касб этади.
“Эвертон” ҳужумчиси Бето охирги уч ўйинда тўрт гол ва бир ассист қайд этди, жумладан “Челси”га қарши дубль ҳам қилди. Шунинг учун бўлажак баҳсда Абдуқодир Ҳусанов ва Марк Гехини жиддий синов кутяпти.
Нико О'Райли
“Бёрнли”га қарши баҳсда Нико О'Райли ярим ҳимояда ўйнаганди, аммо “Эвертон” билан бўладиган учрашувда у чап қанот ҳимоясига қайтиши эҳтимолга яқин.
Райан Айт-Нури сўнгги икки ўйинда қатнашиб, ҳужумни жонлантирди. Бироқ ҳал қилувчи вазиятларда О'Райлининг хотиржамлиги ва ишончлилиги Гвардиоланинг унга бўлган ишончини оширган.
21 ёшли футболчи 2025 йилдаги дебютидан бери жуда тез ўсди ва ҳозир ҳал қилувчи паллада ишониш мумкин бўлган футболчига айланди. Кўпчилик уни Англия терма жамоасининг жаҳон чемпионати асосий таркибида кўришни истамоқда.
Нико Гонсалес
“Олтин тўп” соҳиби Родри болдир мушаги жароҳатидан тикланаётгани сабабли Нико Гонсалес марказда майдонга тушиши мумкин. Ахир айнан унинг ажойиб зарбаси “Саутгемптон” устидан ғалабани таъминлаганди.
Матео Ковачич ва Тижани Рейндерс “Уэмбли”да яхши ўйнаган бўлса-да, Нико Родрининг асосий ўринбосари ҳисобланади.
Бернарду Силва
Бернарду Силва эҳтимол “Манчестер Сити” сафидаги сўнгги олти ўйинининг барчасида асосий таркибда тушади. 31 ёшли португалиялик плеймейкер шундай иштиёқ ва энергия намойиш этмоқдаки, бунга камдан-кам спортчи тенглаша олади.
Айнан шу садоқат уни тўққиз йил давомида ҳам мухлислар, ҳам Гвардиола учун севимли футболчига айлантирди.
Бернарду клубдаги фаолиятини еттинчи Премьер-лига чемпионлиги ва иккинчи ички требл билан якунлашни жуда хоҳлайди.
Райан Шерки
Райан Шерки сўнгги ойларда асосий таркибдан жой оляпти. У дебют мавсумида Премьер-лигада 28 ўйинда 14 та самарали ҳаракат амалга оширди.
Франциялик ҳужумчи мавсумнинг бир қисмида захирада қолган бўлса-да, ҳозирги формаси билан уни таркибдан чиқариш қийин.
Фил Фоден, Ковачич ва Рейндерс каби вариантлар бор, аммо ҳозир Шерки асосий номзодлардан бири.
Жереми Доку
Жереми Доку “Саутгемптон”га қарши захирадан тушган бўлса-да, айнан у финалга чиқишда ҳал қилувчи роль ўйнади. Бельгиялик футболчининг тезлиги, кучлилиги ва техникаси рақиб ҳимояси учун жуда оғир бўлди. У душанба куни асосий таркибда ўйнаши кутилмоқда.
Эрлинг Холанд
Ҳужумда эса, албатта, Эрлинг Холандни кўрамиз. У айни пайтда энг керакли вақтда формасига қайтгандек: барча мусобақаларда сўнгги беш ўйинда беш гол урди.
Ҳатто гол урмаган пайтларида ҳам Холанднинг тўпни сақлаб туриши ва рақиб диққатини ўзига қаратиши жамоа учун жуда муҳим.
Антуан Семеньо
Айримлар Антуан Семеньонинг сўнгги ўйинларда самарадорлигини танқид қилмоқда, аммо унинг чемпионлик пойгасига таъсири катта.
У январда “Борнмут”дан келганидан бери “Сити” сафида Премьер-лигада 12 ўйинда 5 гол ва 1 ассист қайд этди. Бу унинг “шаҳарликлар” жамоасидаги фаолиятининг жуда яхши бошланганини кўрсатади.
Ҳозирча бошқа вариантни тасаввур қилиш қийин. Савио яхши ўйин кўрсатмоқда, аммо Семеньонинг гол уриш иқтидори унга асосий таркибдан жой беришга етарли.
Тахминий асосий таркиб:
Доннарумма; Нуньеш, Ҳусанов, Гехи, О'Райли; Нико, Бернарду, Шерки; Доку, Холанд, Семеньо
Захирадагилар:
Траффорд, Стоунз, Аке, Айт-Нури, Ковачич, Фоден, Рейндерс, Мармуш, Савиньо

Fikrlar