
Ҳусанов ўйнаган учрашувда Гвардиола нималар ёқмаганини айтди!
Абдуқодир Ҳусанов ўйнаётган “Манчестер Сити” Англия Премьер-лигасининг янги мавсумини йирик ғалаба билан бошлади. Хосеп Гвардиола шогирдлари “Вулверхэмптон” майдонида мезбонлар дарвозасини жавобсиз тўрт марта ишғол қилди.
Мавсумда тўпурарлик учун курашни бошлаб юборган Эрлинг Холанд дубль қайд этди. Қолган иккита гол янги ўйинчилар – Тижани Рейндерс ва Райан Шерки ҳисобига ёзилди. Нидерландиялик ярим ҳимоячи гол уришдан ташқари, ассист ҳам қайд этди.
Шу тариқа, Тижани Рейндерс клуб афсонаси Серхио Агуэро давридан бери дебют учрашувида ҳам тўп киритган, ҳам голли пас узатган биринчи ўйинчи сифатида номини тарихга ёздирди.
Учрашувнинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, Хосеп Гвардиоланинг янги шогирдлари – Тижани Рейндерс, Райан Айт-Нури, Райан Шерки ва дарвозабон Жеймс Траффорд “Манчестер Сити” сафида дебют қилди.
Абдуқодир Ҳусанов эса, 82-дақиқада захирадан ўйинга қўшилиб, жамоа дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолишда иштирок этди.
Учрашувдан кейин Хосеп Гвардиола фикр-мулоҳазаларини билдириб, жамоа ўйини ва ўзига маъқул келмаган жиҳатлар ҳақида ҳам гапирди.
- Мен жамоанинг биринчи бўлимдаги ҳаракатлари ва учрашув натижасидан қониқдим. Баҳснинг иккинчи ярмида биз ўзимиз истаган ишларни амалга ошира олмадик. Лекин биринчи ўйин учун бу нормал ҳолат, дейиш мумкин.
Умуман олганда, ўйин менга ёқди, “бўрилар” иккинчи бўлимда бироз яхшироқ ҳаракат қилди. Биз уларни тезкор қарши ҳужумларда жазоладик. Чунки бизда Оскар Бобб, Тижани Рейндерс ва Эрлинг Холанд каби юқори темпда ҳужумга ўта оладиган ажойиб ижрочилар бор.
Бу қуролимиздан мавсум давомида аввалги йилларга нисбатан ҳужумларни тезкор ташкил қилиш учун кўпроқ фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Аммо биринчи ўйинда жамоа ўзини қандай тутиши доим ноаниқ бўлиб келган. Премьер-лигада ҳеч қачон осон бўлайди. Мени шунисига ҳам хурсандман.
Жамоадаги вазият мени қониқтирмаяпти. Сабаби – бизда ўйинчи жуда кўп. Биринчи ўйин қайдномасига Родри, Фил Фоден, Матео Ковачич, Эдерсон ва Савио киритилмади. Натан Аке ва Илкай Гюндоған каби тажрибали ўйинчилар захирада қолиб кетди.
Менга барча турнирларда иштирок этишимиз учун кифоя қиладиган таркиб бўлса етарли. Мен кимдир жамоадан ва таркибдан ташқарида қолиб кетишини истамайман. Чунки бунақада жамоа ичида соғлом рақобат ва жанговар руҳни таъминлаб бўлмайди.
Клуб бу ҳақида ўтган мавсумдан бери билади. Лекин вазият аввалгидек қолмоқда. Олдиндаги ҳафта давомида биз ўйинчилар ва уларнинг агентлари билан чиқиш трансферлари масаласида иш олиб борамиз. Биз таркибни қисқартиришимиз шарт, агар бундай қилмасак, жамоавий руҳни ушлаб туриш жуда қийин бўлади, - деди Хосеп Гвардиола.
“Манчестер Сити” жамоаси Премьер-лигадаги иккинчи учрашувини 23 август куни “Этихад” аренада ўтказади. Турнинг марказий учрашувларидан бирида Хосеп Гвардиола шогирдлари “Тоттенхэм” билан куч синашади.
Комментарии