
Пул бўлмаса, Файзуллаев ўйнамайди!
Ўзбекистонлик футбол ишқибозлари янги мавсумда Туркиянинг “Истанбул Башакшеҳир” жамоаси ўйинларини алоҳида эътибор билан кузатиб боради.
Чунки турк клуби ўз сафига Ўзбекистон миллий терма жамоасининг икки етакчиси – Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаевни қўшиб олди.
“Топ-5” таснифига кирувчи А Серияда пишган 30 ёшли ҳужумчимиз учун янги жамоага мослашиш ҳеч қандай қийинчилик туғдиргани йўқ. Шомуродов жамоанинг УЕФА Конференциялар лигасидаги дастлабки учта учрашувида захирадан ўйинга қўшилган бўлса, Норвегиянинг “Викинг” жамоасига қарши жавоб баҳсини бошланғич таркибда бошлади.
Жамоага киришиб кетган тажрибали легионеримиз голли пас узатиб, “Башакшеҳир”ни мағлубиятдан қутқариб қолишга ҳисса қўшди. “Башакшеҳир” бош мураббийи Чағдаш Атан Шомуродовнинг салоҳияти ва имкониятларидан ҳайратда эканини яшираётгани йўқ.
Бироқ Аббосбек Файзуллаев атрофида юзага келган вазият кўпчиликни безовта қила бошлади. ЦСКАдан “Башакшеҳир”га кўчиб ўтганига икки ҳафтадан ошган бўлса-да, 21 ёшли футболчимиз ҳали расмий дебютини ўтказгани йўқ.
“Истанбул Башакшеҳир” Москва клубидан Файзуллаевнинг трансфер сертификатини олгани йўқ. Бу ҳужжатсиз ўйинчи хизматидан фойдаланиб бўлмайди. Трансферни расмийлаштириш ишлари якунланиши учун Суперлига клуби “армиячилар” ҳисоб-рақамига музокараларда келишилган бадал пули – 7,5 миллион еврони ўтказиб бериши керак.
“Истанбул Башакшеҳир” раҳбарияти, хусусан, бош мураббий Чағдаш Атаннинг маълум қилишича, клубда трансфер учун етарли маблағ бор. Аммо Россияга сиёсий вазият туфайли қўлланилган санкциялар туфайли ЦСКАга тўғридан тўғри пул кўчириб бўлмаяпти.
“Башакшеҳир” хўжайинлари бу масалани тезроқ ҳал қилишга ҳаракат қиляпти, чунки клуб тарихидаги энг қимматбаҳо трансфер соҳиби шунчаки машғулотлар билан ўралашиб қолгани ҳеч кимни қониқтирмайди.
Бу томонда ЦСКА ҳам ғазнага тушум бўлишини кутяпти. Клубнинг коммуникациялар бўйича директори Кирилл Брейдо ҳам трансферни якунлашда муаммо борлиги ва у тез орада ечилишини маълум қилди.
- Трансфер шартномамиз ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланган ҳужжат ҳисобланади. Клуб ғазнасига пул тушмагунча, шартнома кучга кирмайди. Шу боис, пул кўчириш бўйича ишлар давом эттириляпти. Кутяпмиз, ҳаммаси жойида, - деди Кирилл Брейдо.
Ҳар икки клуб баёнотларидан хулоса қиладиган бўлсак, томонлар Россия футболига қўйилган санкциялардан келиб чиқиб, пул ўтказмаси масаласини ҳал қилиши шарт. Агар келишилган сумма ЦСКА ғазнасига туширилмаса, Аббосбек Файзуллаев “Башакшеҳир” учун ўйнай олмайди.
Ҳусанов бўйича Гвардиола янги режа тузиб қўйди
Шомуродов кутганимиздан ҳам зўр бўлиб чиқди! “Башакшеҳир” устози ўзбек легионерлари ҳақида яна нималар деди?
Ҳусанов ортида дунёнинг энг зўр дарвозабони тураган бўлди!
Ҳусановни “Манчестер Сити”га жойлаган мутахассис ишдан кетди!
Фикрлар