Ҳусановнинг даври келди
“Манчестер Сити” мавсумнинг энг қизғин палласида яна жароҳатлар эпидемиясига йўлиқда. Турли сабабларга кўра, асосий таркибнинг тўққиз нафар ўйинчиси жамоага ёрдам бера олмайди.
Айниқса, ҳимоя чизиғи катта талафот кўрди. Мунтазам ҳимоя марказида ўйнаб келган Йошко Гвардиол ва Рубен Диаш “Челси”га қарши учрашувнинг иккинчи бўлимида жароҳат туфайли захирага олинди.
Айни пайтда Хосеп Гвардиола бу вазиятдан қандай чиқиши мухлису мутахассисларни қизиқтирган энг долзарб масалалардан бирига айланган.
Sports.uz портали нуфузли манба – esteemedkompany.com портали эспертлари бу вазиятни қандай таҳлил қилгани ва қайси ечимларни берганини ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳақола этади.
- “Манчестер Сити”нинг ёш марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановга имконият берадиган пайт келди.
Хосеп Гвардиола ишонган футболчилари – Рубен Диаш, Йошко Гвардиол ва Жон Стоунзнинг жароҳатларидан сўнг “Манчестер Сити” марказий ҳимоячилар етишмовчилигини бошдан кечирмоқда.
Айни пайтда фақат Натан Аке ва Абдуқодир Ҳусанов яхши жисмоний ҳолатда қолмоқда ва Пеп Гвардиола “Сити” мудофааси марказини айнан уларга топшириши мумкин.
Айниқса, Абдуқодир Ҳусановга келадиган бўлсак, у жамоанинг энг истиқболли ҳимоячиларидан бири бўлиб қолмоқда. Энди жамоа энг кўп муҳтож бўлган пайтда унга ўзини кўрсатиш имкониятини бериш вақти келди.
“Манчестер Сити” Абдуқодир Ҳусанов билан барқарорликни сақлашига тўғри келади. “Челси”га қарши ўйинда 21 ёшли ўзбек легионери захирадан майдонга тушиб, жуда таъсирли ўйин кўрсатди. У 51-дақиқада Йошко Гвардиолни алмаштирди, чунки хорватиялик ҳимоячи жароҳат олиб, ўйинни давом эттира олмади.
Ҳусанов “Челси” ҳужумчиси Лиам Делапнинг тезлиги ва жисмоний кучига яхши қаршилик кўрсатди ҳамда одатдагидек яккакурашларда фаол иштирок этди. Агар “Этихад”да ўтган кечаги баҳсда Энцо Фернандес 94-дақиқада ҳисобни тенглаштирмаганида, Ҳусановнинг саъй-ҳаракатлари “Манчестер Сити”нинг ғалабасида ҳал қилувчи аҳамият касб этиши мумкин эди.
Бу мавсумда Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити” сафида бор-йўғи 10 та ўйин ўтказди, шундан 6 таси Премьер-лигага тўғри келади. Сентябрь ойида “Арсенал” билан 1:1 ҳисобидаги дуранг бўлган ўйинда олинган жароҳат Ҳусановнинг муайян вақт майдонга тушишига тўсқинлик қилди.
Ҳусанов – ҳали тўлиқ сайқалланмаган ноёб истеъдод эгаси бўлиб, баъзи пайтларда яккакурашларга ҳаддан ташқари таваккал билан киришади. Албатта, у ҳозирча Йошко Гвардиол даражасида эмас, аммо унинг ўйинидаги бу жиҳат аста-секин яхшиланиб бормоқда. Буни биз “Челси”га қарши учрашувдаги айрим эпизодларда ҳам яққол кўрдик.
Энди “Манчестер Сити” марказий ҳимоячи танлаш имконияти чекланган бир пайтда, Пеп Гвардиолага Ҳусановни майдонга тушириш ва унинг салоҳиятидан фойдаланиш вақти келганини эслатиб ўтиш лозим.
Табиийки, Рубен Диаш ва Йошко Гвардиолнинг йўқотилиши “Манчестер Сити” учун жуда катта зарба. Бироқ айнан шу жароҳатлар Абдуқодир Ҳусановга асосий таркибда мустаҳкам ўрин эгаллаш имкониятини бериши мумкин.
Ўзининг кучи, тезлиги, иштиёқи ва тўп учун курашиш маҳорати туфайли Ҳусанов доим “Сити” ўйин схемаси ва тизимида муваффақият қозона оладиган марказий ҳимоячи сифатида кўриниб келган. Энди эса унга ўзини кўрсатиш, жамоага оғир дамларда ёрдам бериш ва каттароқ масъулиятни ҳис қилган ҳолда футболчи сифатида ўсиш имкониятини бериш вақти келди, - деб ёзди esteemedkompany.com портали эксперти Адам Мерретт.



Фикрлар