Ҳусанов, жой сенга қолди
Англия чемпионлиги учун курашаётган “Манчестер Сити” клуби Премьер-лиганинг 20-турида “Челси” билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаб, икки очко йўқотишдан ташқари, икки марказий ҳимоячи – Йошко Гвардиол ва Рубен Диашдан ҳам айрилди.
Ҳар икки футболчи жароҳат туфайли захирага олиниб, ўрнини Абдуқодир Ҳусанов ва Натан Акега бўшатиб берди.
51-дақиқада Ҳусановга алмаштирилган Йошко Гвардиол қўшимча чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилганида унинг ўнг оёғи болдир суяги сингани аниқланди.
Энди хорватиялик футболчи шу ҳафтада операция қилинади. Тўлиқ тикланиш муддатини аниқлаш учун қўшимча текширувлар давом этмоқда.
- Клубдаги барча Йошкога тезроқ соғайиш тилайди ва “Манчестер Сити” унинг реабилитация жараёни ҳақида мунтазам маълумот бериб боради, - дейилади хабарда.
Сўнгги маълумотларга қараганда, Йошко Гвардиол бу мавсумнинг қолган қисмини ўтказиб юбориши эҳтимоли катта. Бу хабарни Daily Mail нашри журналисти Жек Гоган ҳам тасдиқлади.
Англия футболи манбалари ва экспертлари қолган ўйинлар давомида Гвардиолнинг ўрнини асосан Абдуқодир Ҳусанов босиши кераклигини таъкидламоқда.
- Йошко Гвардиолнинг жароҳати – “Манчестер Сити” учун жуда оғриқли зарба бўлди. Чунки хорватиялик ҳимоячи ўз ўйини билан Хосеп Гвардиола жамоасининг муҳим бўлагига айланиб бўлганди.
Айниқса, 23 ёшли Йошко Гвардиолнинг ҳимоя марказидаги ишончли ўйини ва тўпни назорат қила олиш қобилияти “Сити” ўйин механизмидаги аҳамияти жуда юқори.
Ана шундай ўйинчининг сафдан чиқиши мавсум натижаларига таъсир ўтказадиган даражадаги йўқотиш ҳисобланади. Буни бошқача баҳолаб бўлмайди.
Энг ачинарлиси, “Манчестер Сити”да Гвардиолнинг жароҳатига боғланиб қолиш учун ҳеч қандай вақт йўқ. Олдинда “Брайтон” билан бўладиган оғир учрашув кутиб турибди.
Йошко Гвардиолнинг жароҳати Абдуқодир Ҳусановга ўзини кўрсатиш ва асосий таркибдаги мавқеини мустаҳкамлаш имконини беради. Ўзбек легионери жамоага ёрдам бериш учун бу имкониятдан унумли фойдаланиб қолиши керак, - деб ёзди esteemedkompany.com сайти.
21 ёшли Абдуқодир Ҳусанов жорий мавсум “Манчестер Сити” таркибида Премьер-лига, Англия лигаси кубоги ва Европа Чемпионлар лигасида жами 10 маротаба майдонга тушди. Иқтидорли ўйинчи ҳимоянинг ўнг қаноти ва марказида ишончли ўйнай олиш қобилиятига эга.
Ўзбек футболчисининг Европа клубига трансфери расман эълон қилинди
Ҳусановнинг даври келди
Жанжалга ва иккита сариқ карточкага сабабчи бўлган Ҳусановнинг ўйини қандай баҳоланди?



Фикрлар