Иброҳим Ибрагимов: "Аввалги мураббийларга нисбатан, Каннаваро давридаги машғулотларда темп юқори"
"Пахтакор" ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Иброҳим Ибрагимов бугунги машғулотлар олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Дастлабки йиғин ҳақида ўз фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз:
"Йиғин яхши кайфиятда бошланди. Терма жамоада муҳит аъло даражада. Келгуси ўйинларга тайёргарликни бошлаганмиз ва биринчи ўйин учун кўплаб нарсаларни кўриб чиқмоқдамиз".
Фабио Каннаваро ўтган сафар терма жамоага янги футболчиларни чақириб кўрди. Бу футболчилар қаторига сиз ҳам кирасиз. Умуман олганда шу 2 та йиғиндан бери ўзаро суҳбат қургандирсиз, шу ҳақида айтиб берсангиз.
"Албатта, биринчи йиғинда биз гаплашдик. У менга кўпроқ ҳаракат қилишимни, кўпроқ ўзимни кўрсатишимни ҳамда жисмоний тарафлама янада ўсишимни маслаҳат берди".
Мураббийлар алмашганда уларнинг тактикалари майдонда сезиларли даражада билинади. Яхши ёки ёмон томонга ажратиш шарт эмас, фақатгина сиз қайси жиҳатларини эътироф этган бўлар эдингиз?
"Албатта, унинг даражаси юқори. Жаҳон чемпионатини кўрган, ўйнаган ва ютган мураббий ҳисобланади. Назаримда, олдинги мураббийларга қараганда, машғулотларда темп юқори. Тўғри, олдин мен бу ерда бўлмаганман, лекин кузатиб борганман".
"FIFA Series" Жаҳон чемпионати олдидан қандай таъсир кўрсатади деб ўйлайсиз?
"Мен яхши томонлама таъсир кўрсатади деб ўйлайман. Бу бизга қаерда камчилигимиз борлигини кўриб олиш учун яхши имконият".
Фикрлар