"Ички муҳит яхши эмасди, емаган сомсамиз учун пул тўладик, шу боис Европага кетдим". "Бухоро"ни тарк этиб легионерга айланган футболчимиз ҳақида
Бухоролик иқтидор эгаси Хуршид Олимов мавсумни “Бухоро” клубида бошлаганди. Бироқ кўп ўтмасдан у ерда кетишга мажбур бўлди.
Айни чоғда ярим ҳимоячи Қрим футбол иттифоқи тасарруфидаги Керчнинг “Океан” жамоаси сафида тўп суряпти.
Олимов “Машъал” академиясида таҳсил олган. Кейин “Пахтакор” ёшлар жамоасида тўп сурди. Шунингдек, омадини Тожикистон чемпионатида ҳам синаб кўрди. Ўзимизни чемпионатга қайтгач, “Қизилқум” шарафини ҳимоя қилди ва охирги марта “Бухоро” учун ўйнади.
Мана, кўриб турганингиздек, Хуршид Олимов “Океан” сафида ўйнаяпти. Куни кеча ушбу футболчи Sports.uz сайти журналисти Шуҳратбек Жўраевнинг саволларига жавоб қайтарди.
- Хуршид, фаолиятингизни легионер сифатида четда давом эттиряпсиз. Аслида ҳаммаси қандай юз берди?
- “Бухоро”да шуғулланиб юрганимда четдан айрим таклифлар бўлди. Арманистон, Қирғизистон ва ҳозирги “Океан” клубидан қизиқиш бор эди. Мен эса шу клубни танлашга қарор қилдим ва фаолиятимни шу ерда олиб боряпман.
- "Бухоро"да тўп суриб келаётгандингиз. Легионерга айланиш олдиндан режангизда бормиди ёки барчаси кутилмаганда юз бердими?
- “Бухоро” клубида мен учун ўйин амалиёти кам бўлгани сабабли биринчи даврани ўзидаёқ маслаҳатлашиб легионерга айланишни хоҳлагандим.
- Нега айнан “Океан” клубини танладингиз? Бошқа таклифлар сизни нимаси билан қониқтирмади?
- Нима десам бўлади? “Океан” жамоаси менга 100 фоизлик шартнома юборгани учун шу клубни танладим. Қирғизистон чемпионати қанақалигидан ўзингизни ҳам хабарингиз бор. Шу сабабли у томонлар билан қизиқиб ўтирмадим. Бошқа вариантларда 100 фоизлик аниқ таклиф бўлмагани учун мен “Океан”дан тушган реал таклифни қабул қилдим.
- Янги жамоа ва янги чемпионат қандай таассурот қолдиряпти? Мослашиш қандай кечяпти?
- Жамоамиз яхши, ёшлардан ташкил топган. Чемпионат Ўзбекистон биринчилигидан қолишмайди. Шароитлари ҳам зўр. Мослашишга келадиган бўлсам, бошида русчани яхши билмагани учун бироз қийналаман деб ўйлагандим. Аммо бу ерга келганимда аҳил жамоалигини кўрдим ва мени ўзларига жуда илиқ қўшиб олдилар. Ҳозир барчаси яхши, бу ерга келганимдан хурсандман.
- У ерда асосий мақсад нима? Мураббий сиздан қандай фойдаланяпти?
- Ҳозирги жамоам олдинги йили чемпионатда охирги ўринлардан бирини эгаллаган. Лекин энди вазият ўзгарган. Бу йилги мақсадимиз чемпион бўлиш. Айни пайтда 3-ўриндамиз. Мураббий мендан ҳужум чизиғига қўшилишимни ҳамда ҳужумларни бошлашимни айтяпти. Унинг кўрсатмаларини тўлиқ бажаришга ҳаракат қиляпман.
- Нега ўзимизни чемпионатда қолишни хоҳламадингиз?
- Албатта, ўзимизни чемпионатда тўп суришни хоҳлайман. Ўз уйимизда, юртимизда ва мухлислар олдида ўйнаш ҳаммага ҳам ёқса керак. Фақат биринчи даврада “Бухоро”да тозалаш ишлари олиб борилди. Таркибда яхши футболчилар йиғилмаганлиги учун жамоани орқага тортишди. Хабарингиз бор, дадам клубда бош директор. Шу сабабдан мен ҳам жамоадан кетишга мажбур бўлдим. Биласиз, одамлар оёқда эмас, тилида юради. Ҳар хил гап-сўзлар...Тўғриси, емаган сомсамиз учун пул тўладик. Шу боис Европага кетишни маъқул кўрдим. Ўзимизда айрим ёши катта ўйинчилар футбол ўйнагани беришмайди. Биринчи даврада ички муҳит яхши эмасди. Футболчилар бир-бири билан унчалик келиша олмасди. Албатта, яхши ўйинчилар ҳам бор эди. Лекин жамоа иккига бўлинганди. Ҳозир ҳаммаси яхши, клубда бўлмасам ҳам йигитлар билан гаплашиб тураман.
- Ўзингиз айтганингиздек, “Бухоро” тозаланди. Мана шундай аҳил жамоада қолиш ҳақида ўйлаб кўрмадингизми?
- Албатта, “Бухоро”да қолишни хоҳладим. Ҳозир яхши жамоа йиғилган, ўйинчилар аҳил. Аммо кеч қолгандим. У пайтда “Бухоро” мени рўйхатдан чиқариб бўлганди. Шу боис иложи бўлмади. Аммо “Бухоро” Суперлигага чиқса, шу таркибдаги йигитларни яна клубда қолишини истайман.
- Про лигани кузатяпсизми? Интрига сиз кутгандекми ва “Бухоро”нинг имкониятини қандай баҳолаяпсиз?
- Албатта, про лигадаги барча учрашувларини кузатиб бораман. Жуда ҳам қизиқарли кечяпти. “Бухоро”ни имконияти бор. Қолган ўйинларни ютадиган бўлса, албатта Суперлигага чиқади.
- Дарвоқе, “Океан” билан қанча муддатга шартнома туздингиз?
- “Океан” билан 1,5 йилга шартнома тузганман. Европа футболига қизиққаним учун ҳам шу ерга келганман.
Фикрлар