"Ифтихор"нинг собиқ мураббийига қўйилган айбловлар олиб ташланди
2018 йилнинг 1 июнида Олтиариқнинг “Ифтихор” футбол клуби собиқ мураббий ёрдамчиси Нодир Қўзибоев футболга алоқадор ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан четлаштирилган эди.
Бунга сабаб Қўзибоев мазкур клуб футболчилари Турсунбой Ҳусанов ва Ҳасанбой Эргашевларга тазйиқ ўтказиб, уларни калтаклашда иштирок этган, деб топилганди. Олтиариқ туман ИИБ Тергов бошқармасининг олиб борган суриштирувлари натижасида Нодир Қўзибоевнинг айбсизлиги аниқланди ҳамда унинг иши бўйича тергов ҳаракатлари тугатилди. Бу ҳақда ПФЛ расмий сайти хабар бермоқда.
ЎФА Этика қўмитаси шу асосда Қўзибоевга нисбатан қўлланилган интизомий жазо чорасини бекор қилди.
“Ифтихор” футбол клубининг собиқ мураббий ёрдамчиси Нодир Қўзибоевнинг ҳатти-ҳаракатлари юзасидан жиноят иши тугатилганлиги, бунда унинг айби мавжуд эмаслиги ҳамда унга нисбатан белгиланган жазо чораси етарлича суриштирувга асосланмаганлиги сабаб Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Профессионал футбол лигаси Қўзибоевнинг футбол фаолияти билан шуғулланишига қаршилик кўрсатмади.
Шу сабабдан Нодир Қўзибоев иккинчи давра учун ПФЛда рўйхатдан ўтказилди ва мавсум сўнггига қадар А Про-лига иштирокчиси "Ифтихор" клуби билан шартнома имзолади.
Фикрлар