Икки супербоксчи ўзаро тўқнашувга кўнди. Гонорар даҳшатли бўлади...
Бокс оламининг энг кутилган жангларидан бири ниҳоят ҳақиқатга айланмоқда. Собиқ жаҳон чемпионлари Тайсон Фьюри ва Энтони Жошуа жорий йилда рингга кўтарилиш бўйича шартнома имзолашди.
Икки британиялик боксчи ўртасидаги рақобат ўн йиллардан бери давом этиб келади ва уларнинг узоқ кутилган тўқнашуви Буюк Британиядаги исталган стадионни тўлдириши мумкин. Бироқ жанг қаерда ўтказилиши ҳозирча аниқ эмас.
Sky Sports нашрига берган интервьюсида Эдди Хирн Фьюри ва Жошуа жанги бўйича фикр билдирди.
Унда жангни қабул қилиш учун Буюк Британия асосий номзод бўлиб турибди.
- Менимча, Буюк Британия ҳозирча асосий вариант. Аммо якунда ҳар икки боксчи ҳам жуда катта гонорар олади ва барча харажатларни Турки Ал аш-Шайх қопламоқда, - деди Хирн Sky Sports нашрига.
Шу билан бирга, промоутер жанг АҚШ ёки Саудия Арабистонида ўтказилиши эҳтимолини ҳам истисно қилмади.
- У жанг қаерда ўтказилиши мантиқан тўғри бўлишини ҳисобга олиши керак. Менимча, ҳақиқий бокс мухлиси сифатида Турки Ал аш-Шайх ҳам бу жанг Буюк Британияда бўлишини истайди. Аммо Америка ёки Саудия Арабистони вариантларини ҳам рад этмаган бўлардим, - деди Хирн.
“Туманли Альбион”даги машҳур ареналар орасида “Уэмбли”, Кардиффдаги “Principality Stadium” ҳамда “Tottenham Hotspur Stadium” жанг учун муносиб майдон сифатида кўрилмоқда. Айниқса, Кардифф стадиони ёпиладиган том қисмига эга экани билан ажралиб туради.
Хирннинг таъкидлашича, жанг ноябрь ойида бўлиб ўтиши режалаштирилган.
- Фьюри ва Жошуа ўртасидаги жанг учун ноябрь ойи белгиланган. Турки Ал аш-Шайх жамоаси бир нечта эҳтимолий ареналарни кўриб чиқмоқда. Қарор ҳам улар томонидан қабул қилинади, чунки молиявий томонни улар таъминламоқда.
Ишонаманки, улар ҳам жангнинг Буюк Британияда бўлишини хоҳлашади. Албатта, ноябрь ойи баъзи чекловларни келтириб чиқаради, аммо жанг қаерда бўлишидан қатъи назар, биз тайёр бўламиз, - деди промоутер.
Жангдан аввал ҳар икки боксчи тайёрлов баҳсларида иштирок этиши кутилмоқда.
Энтони Жошуа 25 июль куни Ар-Риёдда Кристиан Пренгага қарши рингга кўтарилади. Хирннинг айтишича, Тайсон Фьюри ҳам август ойи бошида тайёрлов жанги ўтказиши мумкин.
- Кўпчилик Жошуа Пренгадан осонгина ўтиб кетади, деб ўйлаяпти. Аммо у яхши боксчи. Балки элита даражасида эмасдир, лекин 21 та ғалабасининг 20 тасини нокаут билан қўлга киритган. У ҳам ўзича: “Агар Энтони Жошуани нокаут қилсам, катта натижага эришаман”, деб ўйлаётган бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам тўлиқ эътиборни жамлаш керак, - деди Хирн.
Унинг қўшимча қилишича, Жошуа ва эҳтимолий Фьюри жанги олдидан жамоани иккита жуда муҳим ва ҳаяжонли баҳс кутмоқда.
- Ҳозирча барча эътиборимиз Пренгага қарши жангга қаратилган. Аввало ишни бажариб олишимиз керак. Шундан кейин катта жангга ҳамма тайёр бўлади, - деди промоутер.
Шу тариқа, бокс мухлислари узоқ йиллардан буён кутиб келаётган Тайсон Фьюри ва Энтони Жошуа ўртасидаги тўқнашувни ташкил этиш бўйича муҳим қадам ташланди. Томонлар ўртасида келишувга эришилгани жангнинг амалга ошиш эҳтимолини сезиларли даражада оширди. Энди асосий масалалардан бири баҳснинг қаерда ва қайси шартларда ўтказилишини аниқлаш бўлиб қолмоқда.
Фьюри ва Жошуа ўртасидаги эҳтимолий тўқнашув нафақат Буюк Британия, балки жаҳон боксидаги энг муҳим воқеалардан бири сифатида баҳоланмоқда. Агар жанг режага мувофиқ ташкил этилса, у сўнгги йиллардаги энг катта тижорий ва спорт воқеаларидан бирига айланиши ҳақиқатдан узоқ эмас.
Мазкур баҳс икки собиқ жаҳон чемпиони ўртасидаги кўп йиллик рақобатга якун ясаши мумкин.Жангга бўлган қизиқиш юқори экани сабабли чипталар савдоси ва трансляция ҳуқуқлари бўйича катта талаб кутилмоқда.
Мутахассислар ушбу тўқнашувни замонавий бокснинг энг муҳим қарама-қаршиликларидан бири сифатида баҳоламоқда.
Жангнинг расмий санаси ва манзили бўйича якуний қарор яқин ҳафталар ичида эълон қилиниши кутилмокда
Ҳар икки боксчи олдида ҳали муҳим синовлар турибди. Мухлислар эса уларнинг рингга соғлом ва юқори спорт формасида чиқишини кутмоқда. Тайсон Фьюри ва Энтони Жошуага келгуси баҳсларида омад тилаймиз.
Мафтуна Жўраева тайёрлади

Фикрлар