Илҳом Мўминжонов: "Янги ўйинчиларни кузатяпмиз, уларни биринчи даврадан кейин жамоамизга жалб қиламиз"
“Нефтчи” клуби бугун про-лиганинг навбатдаги тури доирасида ўз майдонида “Хоразм”ни қабул қилиб 5:1 ҳисобидаги йирик ғалабани қўлга киритди.
Учрашувдан кейин “Нефтчи” бош мураббийи Илҳом Мўминжонов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- Биринчи навбатда раҳбариятимизни, мухлисларимизни ва жамоамизни бугунги ғалаба билан табриклайман. Бугун жамоамизга нисбатан қўлланилган дисквалификация якунига етди ва мухлисларни стадионга қайтишига рухсат берилди. Улар келиб, бизни қўллаб-қувватлаганларига катта миннатдорчилик билдираман. Ушбу ғалабани уларга бағишлаймиз.
Бугун футболчиларга берилган юкламаларни улар аъло даражада бажаришди. Лекин 10- дақиқада ҳисоб 3:0 бўлиб турган пайтда ярим ҳимоячиларимиз ва ҳимоячиларимиз бироз бўшашдилар ва шуни эвазига гол ўтказиб юбордик. Биринчи бўлимдан кейин йигитлар билан гаплашиб олганимиздан сўнг, иккинчи бўлимда ўзларига келишиб, 2 та гол уришга эришдилар ва ҳисобни йирик кўринишига олиб келишди. Шунинг учун уларга раҳмат айтиб қоламан.
“Истиқлол” жамоаси 4 та ўйиндан кейин ПФЛга биринчиликдан чиқиб кетиш бўйича ариза билан чиқишди. Лекин, афсусдаман, чунки 3 очкодан айрилдик. Мана, ўша 3 очкодан айрилган бўлсак ҳам бугун ўша 3 очкони қўлга киритдик.
Илгари айтиб ўтганимдек, жамоамизда 25 та футболчи бор ва улар билан мавсумни якунлаймиз. Мураббийлар штабимиз селекция ишларини давом эттирмоқдалар. Ҳозирги кунда иккита ёш футболчиларни кузатишда давом этишмоқда. Насиб қилса, биринчи даврадан кейин уларни жамоага жалб қиламиз.
Отабек Зокировга келсак, савияси баланд, яхши ҳужумчи. У билан шартномамиз бор ва у бизга керакли ҳужумчи. Унга кейинги ўйинларда имконият берилади. Ҳозирги кунда эса олдинги чизиғимизда Обрадович, Ҳошимов ва Розиев каби ижрочиларимиздан фойдаланиб келмоқдамиз. Чемпионатимиз ва Кубок мусобақалари ҳали олдинда. Шунинг учун у билан ишлашда давом этамиз, - деди Мўминжонов.
"Нефтчи" матбуот хизмати.
Фикрлар