Илҳом париси тарк етган рассом ҳикояси

SPORTS.uz Каталониянинг «Барселона» жамоаси собиқ сардори ва етакчиси Лионель Месси борасида фикр алмашади.

Илҳом париси тарк этган даҳо

0i32r0i230ir23

Дунёнинг энг кучли футболчиларидан бири Месси эканлигидан хабарингиз борми? Биласизми, мен ҳеч қачон у ва Роналдуни солиштиришни истамаганман. Роналду – супермен! У атлет ва мотивацияга бой инсон. У исталган жамоанинг ҳужум чизиғида ханжар сингари ҳаракат қилиши мумкин. Криш «қон кўрган» ва исталган учрашувга 100 фоиз концентрация билан туша олади. Месси эса футбол даҳоси! У қурол эмас. У кайфияти йўқ чоғларда ўз кучини йўқотади. Унда ҳеч ким олдида айбдор эмаслигига ишонч бор. Сабаби, у ҳеч кимга ҳеч нарса қарз эмас.

У аслида қандай футболчи эканлигини барчага исботлаб бўлди. Футбол даҳоси деганда, статистика, мушаклар ёки бошқа омиллар ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Футбол даҳоси илҳом парилари келганидагина «ижод» қилади ва улар амалга оширган «санъат» намунаси 100 йил давомида хотирланади. «Барселона» Месси билан ўртадаги шартномани 2 йил аввал куч билан сақлаб қолди, унинг жисмини сақлаб қолди, унинг оёқларини сақлаб қолди, аммо даҳонинг эркинлигини қўлдан бой берди. Ижодкорлар учун доимо чегараси йўқ эркинлик лозим. Афсуски, Мессини айнан шу нарсадан маҳрум қилишди. Агар, унга «ижод» қилиши учун керакли эркинлик тақдим этилса, яна майдонда «санъат» асарларини томоша қилишимиз мумкин. Акс холда, ундан ҳеч нарса талаб қилманг!

Емирилишнинг боши

fasofkjasofas

Аслида, Лео ҳаётда қандай инсон? У билан суҳбатлашган журналистлар, унинг дўстлари ва жамоадошларининг айтишича, Месси жуда ҳам камтарин, оддий, ҳотиржам ва яхши инсон. Шунингдек, унинг камгаплиги ва ўз қобиғида яшаши ҳақидаги фикрлар ҳам йўқ эмас. Бундан кўриниб турибдики, Лео ўз оламида истиқомат қилувчи инсонлар сирасига киради. Месси кабилар ўз олдига ҳаммани ҳам яқинлаштиравермайди. У сизга ишониши учун йиллар керак. Балки йиллар ҳам камлик қилар. Агар ўйлаб қарасак, ўтган 15 йил давомида Мессининг бирорта дўсти ҳақидаги хабар омма юзини кўргани йўқ. Шундай бўлса-да, барчаси секин-асталик билан ўзгариб борди. Бу Месси бирданига медиа одамга айланди, дегани эмас, албатта. Шунчаки, унинг оламида ўзи сингари ижодкорлар пайдо бўлишни бошлади. Хави ва Иньеста!

Улар ҳам Лео каби тинчликни ва ҳотиржамликни барча нарсадан устун қўювчи супер иқтидор эгалари эди. Ортиқча гап-сўзларсиз ҳам майдондаги вазифасини «санъат» даражасига олиб чиқувчи йигитлар билан Месси ўзини анча эркин ва ишончли ҳис этишни бошлади. Бу эса дарров унинг натижаларида ва «Барселона»нинг совринларида акс этди. Бошқачароқ қилиб айтганда, даҳо эркин ижод қилишни бошлади. Шунингдек, унга ўз таъсирини кўрсатган бошқа персонажларни ҳам унутмаслик лозим. Гвардиола, Пике, Пинто, Пуйоль, Бускетс ва Дани Алвес. Айнан уларнинг таъсир доираси остида қаҳрамонимизнинг характерида ўзгаришлар кўзга ташланишни бошлади. Бу йигитлар Мессининг «ижодини» ҳурмат қилишар, унинг эркинроқ бўлиши учун майдонда кўпроқ ҳаракат қилишга интилишарди. Гвардиола эса Мессининг «ижод» қилиши учун Ибрагимовични Италияга қайтариб юборишдан тап-тортгани йўқ. Футболчилар аҳил жамоа эмас, Гвардиола бошчилигидаги якдил механизм даражасида ривожланишни бошлашди. Шу боис, Месси юқорида номи зикр қилинган футболчилар орасида ўзини эркин ҳис этар, улар билан майдондан ташқарида ҳам босимсиз алоқа қиларди. Уларнинг барчаси қайсидир маънода унинг дўстларига айланиб кетди.Шундай бўлса-да, секин-асталик билан Месси ҳеч бирига бирданига яқинлашиш учун имкон бергани йўқ. Агар улар билан «Ла Масия»да бирга катта бўлмаган бўлса, албатта!

Пеп қўлига қандай «олмос» тушиб қолганини дарров фаҳмлади ва уни ишга солиш йўлларини ўйлаб чиқди. Шу тариқа, бутун жамоа бўлиб футболчилар Мессини ташқи таъсирдан ҳимоя қилиш услубида ҳаракат қила бошлади. Пеп «олмос»ни ташқи босимдан ҳимоя қилибгина қолмай, уни сайқаллаб борди. Бу «олмос» кўп ўтмай бутун дунё меҳрини қозонди. «Барселона»га узоқ йиллик орзуга айланган «олтин давр»ни қайтариб берди.

f2plf2ll2

Орадан йиллар ўтди. Жамоада янги футболчилар пайдо бўла бошлади. Ўз оламида истиқомат қилувчи қаҳрамонимиз одатларга содиқ қолди. Кимнидир юрагига яқин олди, кимгадир яхшилик қилишга уринди ва яна кимлар биландир шунчаки жамоадош бўлишга қарор қилди. Айнан шу омил унга Пеп Гвардиола кетгач ўз қобиғида қолишга кўмак берди. Ҳатто, уни ташқи омилдан ҳимоя қилган ички оламидан ўрин эгаллаган футболчилар клубни тарк этганида ҳам Месси ўзини йўқотиб қўймади. Сабаби, у ўзи учун тўлиқ чегараларни яратган ва айнан ўша чегаралар ортида ҳаёт кечиришни бошлаган эди. Афсуски, қаҳрамонимиз ўз дўстларини, ўз олами вакилларини бирин-кетин йўқотишни бошлади. Унинг ўрнини майдонда тўлдириш мақсадида ташриф буюрганлар эса Месси ўзи учун белгилаб олган чегаралардан уёғига ўта олмади. Бошқачароқ қилиб айтганда, Лео уларни ўз оламига қабул қилмади. Унинг бу қарорини тушуниш мумкин.

Уддалаганлар ҳам бор!

j1i2jijd

Кутилмаганда икки хил табиатга эга Жанубий Америкалик йигитлар унинг чегараларини бузиб киришди.Ўйинқароқ Неймар ва қийинчилик кўрган Суарес. Менталитет яқин бўлгани учун ҳам Мессининг чегараларини осонлик билан ҳатлаб ўтишди. Улар жамоага ташриф буюрганида, Месси аллақачон суперюлдуз мақомида эди. Неймар вазиятга тезда мослашди ва ҳеч қачон 1-рақам бўлишга интилмади. Суарес ҳам Мессининг энг яқин дўстига айланди. Бунинг учун уругвайлик футболчига кўп вақт талаб этилмади. Лео ўз оламида кириб келган 2 та футболчи билан биргаликда эркин ҳаракат қила бошлади Уларга боғланиб қолдию. Қарабсизки, «Барселона» яна требл қайд этмоқда! Дўстлик ва ҳурмат устига қурилган муносабатлар сабабли Лео уларга меҳр қўйишни бошлади. Бу меҳр тобора ортиб борди ва қалин дўстликка айланди. Бу йигитлар Ибрагимович ёки Вилья сингари Мессига қарши чиқишгани йўқ. Улар Леога мослашишга ҳаракат қилиди. Мана шу омил якунда МСН триоси пайдо бўлишига сабаб бўлди.

Кейин кетма-кет йўқотишлар серияси бошланди. Эски мактаб аъзолари, болаликдаги дўстлар Мессини тарк этди. Хави, Алвес, Неймар, Иньеста, Валдес... Бир зумда Леонинг шовқин-суронга бой ички олами ҳувуллаб қолди. Месси ўзи учун яратган оламда эскилардан Бускетс, Альба, Суарес қолди холос. Қаҳрамонимиз майдон ташқарисида деярли фақат шу йигитлар билан алоқа қилар, янгиларни ўз оламига яқин ҳам йўлатмасди.

Қулаб кетган олам

23r23r23rk

Бу вазиятда, Суареснинг кетиб қолиши Месси учун оғир зарба бўлди. Қолганлардан Пике, Альба ва Бускетс унинг ўз оламида у қадар катта ўрин эгалламаган инсонлар эди. Шу боис, ижодкор яккаланиб қолди. Бошқачароқ қилиб айтганда, жамоа ичида ўзини бегонадек ҳис эта бошлади. Афсуски, Бартамеу клубни кучайтириш мақсадида Мессининг атрофини «бегоналар» билан тўлдириб ташлади. Асосий вақтини видео ўйинлар учун сарфлайдиган Дембеле, ҳеч нарсани жиддий қабул қилмайдиган Гризманн, ноиложликдан харид қилинган Брейтуэйт, эркатой Коутиньо Месси ўзи учун белгилаб олган чегарага яқин ҳам келгани йўқ. Унинг ўзиникилар ичида ўзини «бегона» ҳис этиши жамоанинг натижаларига таъсир кўрсатмай қолмади.

okfwekowkef

Боз устига, янги мураббий – Рональд Куманнинг жамоа тепасига келиши футболчини руҳий босим остида қолиб кетишига сабаб бўлди. Нидерландиялик мутахассис Лео ва унинг оиласи учун жуда яқин инсонни клубдан кетказиб юборди. Бу эса Месснинг жаҳлини чиқарди. Суарес кетгач, унинг майдонда кўзлари ёниб тўп тепганини ҳеч ким кўрмади. У энди аввалгидек ўзини ҳимоялангандек ҳис этмаяпти. Шу боис, майдондаги «санъат» асарларидан дарак йўқ. Лео янги шедеврларни яратиш мақсадида Парижга йўл олмоқда. Каталонияда ўзи истаса ҳам бошқа шохасарлар ярата олмаслигини англаб етган кўринади. Унинг қарорини ҳурмат қилишдан бошқа чорамиз йўқ. Аҳир, санъат қурбонликни талаб қилади!

Яхёхўжа Улуғхўжаев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Ravshanov Sharofiddin
10/08/2021 15:23
Ajoyib maqola uqib mazza qildim.raxmat jurnalist akamizga.messini yiglaganini kurib oyoq qulim qaltirab qoldi.messi har qanday vaziyatda muxlislariga nur sochishdan tuxtamaydi.axir u uzga sayyoralikku.