Илк турданоқ етакчиликни қўлга олган “Навбаҳор” бу гал ҳам ўз ўрнини ҳеч кимга бермади
8-11 март кунлари 2-тур баҳслари ўтказилди. Натижалар билан сайтимиз орқали хабар бериб бордик.
Ушбу турда бир қатор қизиқарли ўйинлар, ўзига хос қарама-қаршиликлар кузатилди.
“Металлург” Олмалиқда “Сўғдиёна” билан нурсиз дурангга имзо чекди. “Пахтакор” ва “Насаф” ўртасидаги турнинг марказий беллашувида ҳам шундай натижа кузатилди.
“Олимпик”нинг бу йилги режалари ҳозирча ўхшамаяпти. Кападзе шогирдлари кетма-кет иккинчи учрашувда мағлубиятни тан олди. “Навбаҳор” фаворит кўринган ўйинда ОКМКни енга олмади. “Андижон” “Бунёдкор” устидан тарихий ғалабага эришди. “Бургутлар” илк бор “қалдирғочлар”ни таслим этди.
“Динамо” устунликка эришган баҳсда “Нефтчи” ғалабани илиб кетди. “Қизилқум” ҳам кетма-ет 2 турда ғалаба қозонган ҳолда фарғоналиклар билан қўшҳокимликни юзага келтирди.
Энди эса турга оид қизиқарли маълумотларни тақдим этамиз. Яъни анъанамизга содиқ қолган ҳолда тур мухлислари статистикаси билан таништирамиз.
2-турда стадионларимизга жами 26954 томошабин ташриф буюрди. Бу ҳар бир беллашувга ўртача 3851ни ташкил қилади.
Илк турданоқ томошабинлар статистикаси бўйича етакчиликни қўлга олган “Навбаҳор” бу гал ҳам ўз ўрнини ҳеч кимга бермади. Наманганликларнинг ОКМК билан ўйинига 10362 ишқибоз ташриф буюрди.
Тарихий натижа қайд этилган Водийдаги яна бир беллашувда ҳам деярли шундай кўрсаткич. “Андижон” ўз уйидаги илк учрашувга 10140 томошабин жамлади.
“Пахтакор” – “Насаф” ўртасидаги марказий қарама-қаршилик кутилганидек қизиқиш уйғотмади, чоғи. Стадионга бор йўғи 3220 ишқибоз келди холос. Бу балки ўйин 8 март санасига тўғри келганидандир ёки бошқа сабаб билмадик, ҳар ҳолда авваллари учрамайдиган ҳолат бўлмоқда. Олдинги мавсумлар стартида стадионларимизда одамлар гавжум бўларди....
Биринчи турни баҳорнинг илк кунларидаги совуқ ва қорли ҳаво билан боғладик. Иккинчи турда байрам арафаси дедик. Ишқилиб ҳар турни шундай баҳоналар билан ўтказмайлик!!!
Энг кам томошабин Тошкентда. “Олимпик”нинг “Локомотив”га қарши ўйинига 310 та одам келди.
Қуйида Суперлиганинг ушбу турига ташриф буюрган мухлислар статистикаси билан танишинг (мухлислар сони ПФЛ сайтидан олинди):
“Навбаҳор” – ОКМК 1:1. 10362 томошабин
“Андижон” – “Бунёдкор” 5:1. 10140 томошабин
“Пахтакор” – “Насаф” 0:0. 3220 томошабин
“Динамо” – “Нефтчи” 0:1. 1672 томошабин
“Металлург” – “Сўғдиёна” 0:0. 723 томошабин
“Қизилқум” – “Сурхон” 2:1. 527 томошабин
“Олимпик” – “Локомотив” 0:1. 310 томошабин
Фикрлар