"Иложи йўқ нарсани ўзи йўқ" ёхуд Про лига тўпурари Суперлигада ҳам тўпурарликни кўзлаяптими?
“Динамо” клуби янги мавсум учун таркибига бир қатор янги ўйинчиларни қўшиб олаётганидан хабарингиз бўлса керак. Улардан бири “Қўқон-1912” таркибида тўп сурган Анвар Ҳожимирзаев.
Бу футболчи ўтган мавсумда Про лига тўпурарига айланган ҳужумчига қизиқишлар бисёр эди. Якунда эса футболчи “Динамо” клубини танлади.
- Анваржон «Динамо»ни танлашингиз нима билан боғлиқ? Билишимча, сизда яна бошқа вариантлар ҳам бор эди.
- Жамоа бош мураббийи Вадим Карленовични менга бўлган ишончи ва Суперлигада ўйнаш иштиёқи, деб айтган бўлардим.
- Вадим Абрамов билан суҳбат қандай ўтди ва сизга нималар деди?
- Қисқачасини айтадиган бўлсак, ҳаракат қил, меҳнат қил ва ўйна деди. Мен бор кучимни ишга соламан.
- Ўтган йили про лигада тўпурар бўлдингиз. “Динамо”да қандай мақсад қўйдингиз? Суперлига анча қийинроқ, у ерда ҳам тўпурарликни кўрсата олишингизга ишончингиз комилми?
- Қийин бўлиши аниқ, лекин иложи йўқ нарсани ўзи йўқ. Албатта, ишонаман. Менинг мақсадим ўзгармайди.
- Қўқондан кетишингизни сабаби яна про лигада қолиб кетгани билан боғлиқми?
- Биласизми, ўзимни бошқа клубда синаб кўрмоқчиман. Қўқон клуби раҳбарияти, мураббийлар штабига мени тўғри тушунишгани учун раҳмат айтаман ва уларга омад тилайман.
- Янги клубингизда дўстларингиз борми? Сизни қандай қабул қилишди?
- Албатта, бу ерда ҳаммаси ака-укаларим. Жамоадаги барча мени илиқ кутиб олишди. Худога шукр, янги клубимда ҳаммаси яхши.
- Анчадан бери про лигада эдингиз. Энди Суперлигада ўз сўзингизни айтиш вақти келдими?
- “Қўқон-1912” жамоасида 2 йил Супер лигада ва охирги йили про лигада ўйнадим. Энди эса Суперлигада олдимга қўйган мақсадларим сари курашаман.
- Янги клубда қайси рақамни танладингиз ва нима учун?
- Ҳали рақам танлаганим йўқ. Менга рақамни фарқи йўқ. Муҳими, мухлисларимизни хурсанд қилсак бўлгани.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар