Илёс Зейтуллаев: "Натижа ҳақида гапиришни истамайман"

“Бунёдкор” – “Андижон” (1:3) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар устози Илёс Зейтуллаев иштирок этди.

- Мени наздимда “Бунёдкор” ютса ҳам, ютқазса ҳам кўпчиликка фарқи йўққа ўхшаяпти. Жамоани сақлаб қолиш учун ҳаракат қиламиз. Шундай экан, йигитларга яна бир бор раҳмат. Қийин ҳолатдамиз. Футболчиларга ва мураббийларга штабига раҳмат. Натижа ҳақида гапиришни истамайман. Барчамиз инсонмиз. Бу ерда руҳий, жисмоний ёки бошқа омиллар сабаб бўлиши мумкин. Иккита ўйин аламли бўлди ва асабий ҳолатлар учради. Олдиндаги иккита учрашувни яхши ўтказиб олишимиз керак ва шундан кейин Италияга боришим ҳақида ўйлаб кўришим лозим.

- Клубда молиявий муаммолар бўлишига қарамасдан жамоа кўрсатаётган натижалар яхши. Агар бугун ютганида кучли учликка кириши мумкин эди. Айтайлик, бошқа жойда бундай муаммолар бўлса жамоаси қуйи поғоналарда бўлади. “Бунёдкор”да эса бошқача. Бунинг сабаби нимада?

- Шу ўринда айтишим керакки, “Андижон”ни ғалаба билан табриклайман. Улар анча шаклланган ва кучли дейишим мумкин. Мавсум аввалида жамоа олдига совриндорлар қаторидан жой олиш вазифаси қўйилган. Бу ерда мени ҳеч нарса ажаблантирмади. “Андижон”да тажрибали ўйинчилар йиғилган. Биз ҳар 4-5 кунда ўйин ўтказяпмиз. Кўпчилик руҳан ва жисмоний жиҳатдан чарчаган. Бу ерда ҳеч қандай сеҳргарликка ўхшаган нарсалар йўқ. Кимки яхши ҳаракат қилиб, ишига профессионал тарзда ёндашса муваффақиятга эришади. Нима ҳам дердим, ўз ишимизга профессионал ёндашиб олдинга интилиб бораверамиз. Шунингдек, мураббийлар штабимга ҳам чуқур миннатдорчилигимни айтаман. Базада ишчиларга бир-икки марта кам бўлсада ойликларини беришди. Йигитларга қийинчиликларга қарамасдан яхши меҳнат қилишаётгани учун раҳмат айтаман. Агар ғалаба қозонганимизда учинчи ўринга чиқиб олишимиз мумкин эди. Бу албатта амалга ошганида мўъжиза юз берган бўларди. Клубда ишлаётган ходимларга ҳам меҳнат қилишаётгани учун миннатдорчилик билдираман. “Бунёдкор” ҳозир мана шундай қийин шароитда ишлаяпти.

- Яқинда ходимларни уч ойлик маоши тўлангани ҳақида хабарлар чиққанди...

- Яширмайман, барча “Бунёдкор”нинг ҳозирги ҳолатини билиб турибсизлар. Лекин бундай ҳолат биргина бизда эмас. Масалан, уй қурмоқчи бўлсангу, аммо белгиланган сумма берилмаса қандай ҳолатда бўлиш мумкин? Футболчилар ҳам инсон. Уларни ҳам оиласи, кредити ва яна бошқа ташвишлари бор. Бу ҳам бир бизнес. Сизларни ҳам ишингиз бизнес. Бу ерда ўтирибсиз, ёзяпсиз. Шуни орқасидан қандайдир даромад келади. Ҳеч қандай ойлик олмаётган футболчилар орқасидан сизлар ҳам даромад топишинглар мумкин. Вазият ўзгаришига ишонч ҳосил қиламан.

- Тўғри, молиявий қийинчиликлар борлигини билиб турибмиз. Лекин ўйинга келсак, ҳисоб 0:1 бўлиб турган пайтда пенальтидан гол ура олмадинглар. Клубнинг собиқ футболчиси гол уряпти. Охирги зарбаларни беришда аниқлик етишмаяпти. Жамоага омад етишмагандек бўлди.

- Ўйинимизга бефарқ қарамаганингиз учун раҳмат. Албатта, имкониятларимиз ҳам бўлди. Ҳисобни 1:1 қилганимизда балки кўп нарса ўзгариб кетиши мумкин эди. Бу ерда гап натижа ҳақида кетмаяпти. Шунчаки, футболчиларга ачиняпман. Ютсак ҳам, ютқазсак ҳам ҳеч кимга қизиғи қолмаяпти. Ўз ҳолимизга ташлаб қўйилганмиз. Бизда шундай футболчиларки, агар ўз устида тинмай меҳнат қилса терма жамоа даражасига чиқа оладилар. Ҳа, биз 4-ўриндамиз ва бу поғонада бўлиш осон эмас. Бизда ёш тажрибали ўйинчилар борлиги хурсанд қилади. Яна бир хурсанд қилгани томони шуки, Шаҳбоз Умаров майдонга тушди ва яхши ҳаракат қилди. Жамоа юқори ўринларда бўлишининг сабаби, бизда анча сифатли ўйинчилар йиғилган. Бизда молиявий муаммолар, жароҳатлар бор. Биринчи давра тугаганидан сўнг кўп нарса ўзгаради, деб умид қиламан.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!