“Интер” - “Ювентус”: Устоз севимли шогирдини имтиҳондан ўтказади (превью)

Бугун тунда Италия кубоги ярим финал баҳсларига старт берилади. Апеннин яриморолида ҳам финалчилар номини анча аввалдан аниқлаб қўйиш одат тусига кирган. Якуний ўйин йўлланмасини қўлга киритган жамоалар хотиржам тарзда еврокубоклар ва А Серияга эътиборини қаратиши мақсадида мана шундай тизим шакллантирилган бўлса, ажаб эмас.

Туннинг қоқ ярмида бугунги кун Италиясининг энг кучли икки жамоаси ўзаро тўқнаш келади. Амалда евромайдонни тарк этиб улгурган “нерадзуррилар” барча фронтларда реал имкониятга эга бўлган “кекса сеньора”ни қабул қилади. Ушбу учрашув мавсумнинг интрига тўлиб-тошган қоқ ярмида бўлиши бизга икки ҳисса завқ беради. Хўш, А Серия грандлари ушбу беллашувга қанчалик тайёр?

1500x500

“Интер”

Антонио Конте бошчилигидаги жамоа Италия кубогидаги иштирокини нимчорак финалдан бошлади. Илк беллашувдаёқ уларга “Фиорентина” рақиблик қилди. 120 дақиқа давом этган беллашувга 119-дақиқада Лукаку киритган гол якун ясади. Чорак финалда ҳамшаҳарлари “Милан”ни ҳам охирги дақиқаларда киритилган гол эвазига мағлуб этган “Интер”, “Юве” қаршисига анча ишонч билан чиқиб келмоқда.

А Сериядаги ҳолат ҳам “илонлар” учун қониқарли даражада. 20-тур якунларига кўра, 2-поғонада бораётган Конте шогирдлари “Милан”дан атиги 1 очко ортда бормоқда. 2 ҳафта аввал, А Серия доирасида кечган баҳсда “Ювентус” ишонч билан таслим этилганди. Аммо биз бугун умуман бошқа мусобақа қаршисида турибмиз. Миллий биринчиликни ёдга олишимизга бошқа сабаб мавжуд. Клуб Жозе Моуриньо эрасидан буён илк маротаба “олтин дубль”ни расмийлаштиришга яқин турибди.

“Жузеппе Меацца” эгаларида бир қатор футболчилар билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Аввало, жамоанинг асосий етакчиси Ромелу Лукаку бугун ўйнамаслигини айтиб ўтишга мажбурмиз. Ибрагимович билан бўлиб ўтган можаро сабаб, у битта ўйинга дисквалификация қилинган. Шунингдек, Ашраф Ҳакими ҳам бугун майдонда кўриниш бермайди. Унинг ўрнига Конте катта эҳтимол билан Маттео Дармианни туширади. Данило Дамброзионинг ҳам жароҳат олгани ҳақида хабар берилди. Қувончли хабарлар ҳам бор: Марсело Брозович жароҳатдан буткул соғайиб, сафга қайтган. Чап қанот ҳимоячиси позициясида ўйнашга мажбур бўлаётган Иван Перишич энди бемалол ҳужумлар билан машғул бўлса ярашади. Чунки Эшли Янг ҳам жамоа машғулотларига тўлиқ тартибда қайтди.

Тахминий таркиб: Ханданович, Шкриньяр, Де Врей, Бастони, Дармиан, Барелла, Брозович, Видаль, Янг, Мартинес, Санчес.

EtBJUMoXcAAeC0f

“Ювентус”

Пирло бугун Миланга бошқача иштиёқ билан ташриф буюради. Биринчи навбатда, у клубга бегона эмас. 1998-2001 йиллар мобайнида кўк-қора либосда ҳаракат қилган Пирло учун жамоа катта мактаб вазифасини ўтаб берган. 22 тагина учрашувда майдонга тушиб, бирор маротаба рақиб дарвозасини ишғол қила олмаган Андреа энг кўп голларини “Интер”нинг азалий душманлари либосида киритди. Аммо, барибир фаолиятининг илк даврида унга ўз бағрини очган жамоани бошқача ардоқлаши табиий.

“Нерадзуррилар”дан учралган мағлубиятдан сўнг, у ва шогирдлари ҳеч бир баҳсда мағлубиятга учрамади ва дарвоза тўридан бирорта тўп олиб чиқилмади. Балки, ўша мағлубият берган аччиқ сабоқ туфайли буёғига улар тўхтатиб бўлмас жамоага айланар.

“Ювентус”нинг Италия кубогидаги йўлини бирмунча осон ўтди, деб айта оламиз. Сабаби, “Женоа” ва СПАЛ Апеннин яриморолининг у қадар катта клублари сирасига кирмайди. Ҳа, генуяликларга қарши беллашувда 120 дақиқа вақт сарфлаб, аранг ғалаба қўлга киритилди. Аммо ушбу ўйинлар аллақачон тарихга айланиб бўлди. Энди улар олдида “Интер” турибди. Италиялик ёш мураббий ихтиёридаги баъзи футболчилар марказий қарама-қаршиликни ўтказиб юборишга мажбур бўлади.

Йўқотишлар мавзусида “Юве” мухлисларини энг кўп хафа қиладиган нарса - Пауло Дибаланинг майдонга тушмаётгани. Аргентиналик футболчи жароҳати сабаб, анчадан буён жамоасига ёрдам бера олмаяпти. Асосий таркиб футболчилари орасида бундан каттароқ йўқотишлар мавжуд эмас. Фақат, итальян нашрларининг маълум қилишича, бугунги баҳсда бош мураббий Моратага дам олиш имконини беради ва унинг ўрнида Кулусевски дастлабки дақиқалардан майдонда ҳаракат қилади. Якуний қарор эълон қилинмагунча, бу ҳақида аниқ гап айта олмаймиз.

Тахминий таркиб: Буффон, Куадрадо, Кьеллини, Де Лигт, Алекс Сандро, МакКенни, Бентанкур, Артур, Кьеза, Кулусевски, Роналду.

EtLTf-PXcAA662S

Мураббийлар

Антонио Конте: “Бу каби катта рақибларга қарши беллашувларда рўпарадаги жамоага нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш ва жиддий тайёргарлик кўриш жуда муҳим. Олдиндаги 180 дақиқалик ўйин ким каттароқ ўсишга эришганини кўрсатиб беради. Биринчи баҳс доим муҳим бўлиб келган. Ўтган мавсумда “Наполи”га 1:0 ҳисобида имкониятни бой берганмиз. Ўшанда, режаларимиз иш бермаганди. Биз энг кучли тарафларимиздан оқилона фойдалана олишимиз даркор.

Биз биринчи марта Лукакусиз ўйнаётганимиз йўқ. Лаутаро ва Санчес унинг йўқлигини билдирмасликка ҳаракат қилади. Ромелу “Беневенто”га қарши беллашувда 2 та гол урди ва кубок баҳсида дам олиши мумкин. Дисквалификацияси ҳақида гапирмоқчи эмасман: майдонда шунақаси ҳам бўлиб туради. Унинг кайфияти жойида”.

Op9vG_xx

Андреа Пирло: “Мен шогирдларимдан ўз кучига бўлган ишончни кутяпман. Бу 180 дақиқалик ўйиннинг биринчи тайми бўлади. Бу курашда мардонавор тура билишимиз муҳим. Сабаби, имкониятлар жуда кам бўлади. А Сериядаги мағлубият кўп нарсаларни ўргатди. Аввало, нотўғри йўлдан кетаётганимизни англаб олдик. Ўшандан буён, кетма-кет ўйинларда ғалаба қозонмоқдамиз.

Мен одатий “Интер”ни кутяпман: улар доим ўз ғояларини майдонда акс эттира олган. Биз рақиб жамоа мураббийи ҳақида етарлича маълумотга эгамиз ва шунга яраша тайёргарлик кўришга ҳаракат қилдик. “Интер” яхши ҳимояланади ва қарши ҳужумларга тез ўта олади. Биз майдонда нималарнидир исботлашга уруниб кўрамиз. “Жижи” дарвоза постига қайтади. Аммо Ремзи бу ўйинда бизга ёрдам бера олмайди. Кечаги машғулотларда у кичик жароҳат орттириб олди. Шанбагача ҳаммаси жойида бўлади, деб ўйлайман”.

EtJ2r-0XYAAzlAO

Хулоса ўрнида

Бугун жамоалар таркибини қисман оптимал, деб айта оламиз. Ҳа, бир нечта йўқотишлар бор. Бироқ, бу уларнинг бирини иккинчисидан кучли қилиб қўймайди. Яъни, иккала мураббий ҳам деярли бир хил муаммоларга дуч келяпти.

Пирло тўғри таъкидлаб ўтди: “Интер” яхши ҳимояланади. Андреа “катеначо” борасида Контега тенглаша олмаслиги аниқ. Майдон эгалари бугун анча эҳтиёткор тарзда ҳаракат қилиб, ўз имкониятларидан максимал фойдаланишга ҳаракат қилиши турган гап. Қанотларда, дарҳақиқат, тезкор футболчилар мавжуд. “Ювентус”да эса рақибининг шунча қуролларини бир сониядаёқ йўққа чиқариш салоҳиятига эга бўлган куч - Роналду бор.

Португалиялик ўзи иштирок этган ҳар қандай беллашувда ўйин сценарийсига таъсир кўрсата олишини биламиз. Биз шунчаки, жамоаларнинг умумий ҳолатидан келиб чиқиб, назарий фикрларни билдирмоқдамиз. Амалда, барчаси майдонда ҳал бўлади.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)