Иппон билан ютишимни ҳис қилиб тургандим, Европадаги йиғин катта ёрдам берди, рақиблар учун сюрпризлар тайёрлаб қўйганмиз - Улан-Батордаги "Катта дубулға" турнири ғолибаси Диёра Келдиёрова билан эксклюзив интервью

Бир неча кун олдин, Мўғулистоннинг Улан-Батор шаҳрида дзюдо бўйича "Катта дубулға" туркумига кирувчи турнир ортда қолди. Унда вакилларимиз 1 тадан олтин ва кумуш ҳамда 2 та бронза медални қўлга киритди. Биз SPORTS.uz ўқувчилари учун чемпион бўлган Диёра Келдиёрова билан эксклюзив интервью ташкил этдик. 

Авваламбор, "Катта дубулға" олтин медали муборак бўлсин. Ғалаба қозонган сониялардаги эмоциялар билан ўртоқлаша оласизми?

Табрик учун катта раҳмат! Эмоцияга келадиган бўлсак, бу турнирда нисбатан хотиржам курашдим. Чунки Гран-прининг муҳимлигини англаган ҳолда, унга яхши тайёргарлик кўргандим. Бир ой давомида Австрия ва Хорватияда ўқув-машғулот йиғинини ўтказдик. Шу боис, ўзимни катта баҳсларга руҳан тайёрлаб боргандим.

Энг қийин жанг қайси бири бўлди? Ва нима учун?

Албатта, ҳар бир спортчи учун энг қийин жанг бу биринчи босқичдагиси ҳисобланади. Чунки дастлабки беллашувда табиий равишда ҳаяжон бўлади. Шунингдек, татамига мослашиб олиш учун ҳам бироз муддат талаб этилади. Умуман олганда, бу катта турнир ва унда осон жангларнинг ўзи йўқ! Аммо нисбатан қийинроғи сифатида илк босқични кўрсата оламан.

Ўзингизга энг ёққан ғалаба-чи?

Иккинчи босқичдаги германиялик Маша Бальхаусга қарши жангим ўзимга жуда ёқди. Сабаби, ўша баҳсда эркин курашдим. Ўзим истаган усулларни қўллашим осон кечди ва шуниси билан ёдимда қолди.

photo_2022-06-24_19-11-21

Ярим финалдаги иппон ҳақида гапирсангиз. Ўша вазият учун қарийб 3 дақиқа тайёрландингизми?

Ярим финал учун тайёргарлигим жуда пухта эди. Бу қиз билан 3-бор тўқнаш келдик. Аввалги 2 баҳсда ҳам ғалаба қозонган эдим. Иппон баҳосига келадиган бўлсак, буни бажаришимни олдиндан ҳис қилиб тургандим. Вазият ҳам шунга қараб кетаётганди. Ўз навбатида, рақибам ҳам менинг ҳаракатларимни кузатиб, қарши усулларни қўллаётганди. Менимча, шу сабабдан бироз вақт кетди.

Мураббийлар тинмай кўрсатмалар бериб турди. Турнир давомида уларнинг қайси маслаҳатлари энг кўп фойда келтирди?

Ҳозирда мураббий Марко Шпитка қўл остида шуғулланяпман ва мусобақаларга ҳам айнан шу мутахассис тайёрлаяпти. У доим куми-ката (захват) усулларига кўпроқ эътибор қаратишим кераклигини таъкидлайди. Рақибнинг қайси қўлини зарарсизлантиришим кераклигини доим эслатиб туради. Шу маслаҳатлар менга жуда кўп ёрдам берди. Куми-катада ким кучлироқ бўлса, унинг ғалабага эришиш эҳтимоли юқори бўлади. 

Ўтган йилги жаҳон чемпионатида қўллаган "коренной" усулингиз ҳалигача фойда бермоқда. Аммо агар рақибларингиз буни ўрганиб, унга қарши чора топса, унинг ўрнига бошқа комбинация устида ишлаяпсизми?

Албатта, рақиблар учун сюрпризлар тайёрлаб қўйганмиз. Худо хоҳласа, Тошкент мезбонлик қиладиган жаҳон чемпионатида улардан фойдаланиб, янги ғалабаларга эришмоқчиман. Ҳар бир спортчининг ўз яширин усуллари бўлади. Чунки уни кузатадиган рақиблари қайси усуллардан фойдаланаётганини ўрганади. Шунинг учун ҳам рақиблар кутмаган томондан очко ишлаш йўлларини излаяпмиз.

IMG_20220702_125346

Турнирга Австрия ва Хорватиядаги ўқув-машғулот йиғини орқали тайёргарлик кўрдингиз. Бу қайси жиҳатларда фойда берди деб ўйлайсиз?

Шубҳасиз, жуда катта ёрдам берди, деб айта оламан. Чунки Европада дунёнинг энг кучли дзюдочилари билан бирга машғулот олиб бордик. Бу бизга фақат фойда берди. Ҳеч кимга сир эмас, дзюдо энг яхши ривожланган мамлакатлар ҳам айнан "кўҳна қитъа"да. Осиёда фақатгина Япония, Корея, Мўғулистон ва Ўзбекистонда яхши спортчилар бор. Европада эса, ҳамма бирдек кучли. Машғулотларнинг ҳар бирида камида 20 та давлатдан дзюдочилар иштирок этди ва бу бизга қўл келди. Улар билан тажриба алмашишимиз якунда бизнинг фойдамизга ишлади.

Эндиги режалар қандай? Олдинда қандай нуфузли мусобақалар бор?

Осиё чемпионати, Ислом бирдамлик ўйинлари ва энг каттаси Жаҳон чемпионати бор. Ҳозир уларга тайёргарлик кўряпмиз ва умид қиламанки, юртимиз ҳисобига медаллар шодасини тақдим этамиз!

Жавоҳир Азимов суҳбатлашди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!