Ислом Кенжабоев: "Кучли бешликка киришга ҳаракат қиламиз"

Хабарингиз бор, Навоийнинг “Қизилқум” клуби ҳам янги мавсумга тайёргарликни Туркиянинг Анталия шаҳрида олиб бормоқда.

Таркибда етакчилар футболчилар ҳам бор. Улардан бири шубҳасиз Ислом Кенжабоев бўлиб, у янги мавсумда ҳам яна навоийликлар шарафини ҳимоя қилади.

Клуб матбуот хизмати эса ушбу футболчидан қисқача интервью олди.

- Аввало, “Қизилқум” жамоасини янги мавсумга кўрилаётган тайёргарлиги ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

- Тайёргарликни Навоийда бошладик. У ерда бир ҳафта шуғулландик. Иккинчи босқични Тошкентда ўтказдик. Мана, ҳозирда Туркияга етиб келганмиз. Иккита назорат учрашувини ўтказдик. Тайёргарлигимиз яхши, ёмон эмас. Худо хоҳласа, янги мавсумга 100 фоиз тайёргарлик билан етиб борамиз. Жамоага янги ўйинчилар ҳам қўшилишган. Улар билан ҳам тез орада тил топишамиз, яхши жамоа бўлади. Жамоа ўзаги сақлаб қолингани ҳам яхши бўлди. Бу футболчиларга ҳам, мураббийга ҳам анча осон бўлади. Чунки ўтган бир йил давомида биргаликда ҳаракат қилдик. Бу йил ўзаро келишишимиз, майдондаги ҳаракатларимиз ҳам анча яхши бўлади, деб ўйлайман.

- Бошланадиган янги мавсумда ҳам сиз яна “Қизилқум”дасиз. Бунинг сабаблари қандай бўлди?

- Биринчи навбатда мени яна бир йил шартномам бор эди. Шунга қарамасдан 2-3 та жамоадан таклиф бўлди. Мураббийим, ота-онам билан маслаҳатлашдим. Бу ўзимни севимли жамоам, ўзимга ёқади. Яна бир йиллик шартномам давомида яхши ҳаракат қилиб, ўзимни кўрсатмоқчиман ва шундан кейин кетиш ҳақида ўйласам бўлади. Ҳозир эса кетиш ҳақида ўйлаганим йўқ.

- Жамоани ўтган йилги иштирокига нима дейсиз ва янги мавсум учун мақсад қандай?

- Иштирокимиз унча ёмон бўлмади. Биринчи даврани охирига келиб жамоа анча пастки ўринларда эди. Иккинчи даврага тайёргарлик кўрдик ва охирига келиб ёмон натижа кўрсатмадик. Юқори поғоналарда тугатдик. Худо хоҳласа, кучли бешликка киришга ҳаракат қиламиз. 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!