Ислом Маматказин: "Навбаҳор"да совринлар ютиш ниятидаман"

CHERY AUTO

Хабарингиз бор, маҳоратли ҳимоячи Исломбек Маматказин янги мавсумда "Навбаҳор" шарафини ҳимоя қилади.

Tecno

Айни пайтда “Навбаҳор”нинг Туркиядаги ўқув-машғулот йиғинида иштирок этаётган футболчи клуб матбуот хизмати учун махсус интервью берди. Қуйида мазкур суҳбатни эътиборингизга ҳавола этяпмиз.

- Исломбек, Туркиядаги машғулотлар қандай кечяпти?

- Жуда яхши кечяпти. Шунингдек, бу ердаги йиғин давомида бир қатор назорат баҳслари ўтказишни ҳам режалаштирганмиз.

- “Навбаҳор”га ўтишингиз қандай юз берди? 

- Бу қарорга келишимга Тимур Тоҳирович Кападзедан кўп нарса ўрганиш мумкинлиги туртки берди. Футболчи сифатида янада ўсишим, ривожланишим учун Тимур Тоҳировичнинг қўл остида машғулотлар ўтказиш, ўйнаш кўп ёрдам беради, деган умидда “Навбаҳор” сафига қўшилдим.

- Жамоанинг кўплаб машғулотларида ҳам қатнашдингиз, янги муҳит сизда қандай таасурот қолдирмоқда? 

- “Навбаҳор” таркибига қўшилиб, машғулотларга киришдим. Таассуротлар яхши. Жамоадаги кўплаб футболчилар билан дўстмиз, муҳит эса кутганимдек, аъло даражада.

- Сиз водийни бир жамоасидан бошқа жамоасига ўтдингиз. Аввалги мавсумларда “Навбаҳор”га қарши кечган кўплаб “водий дербилари”да майдонга тушгансиз. Энди навбатдаги дербиларни қандай тасаввур этяпсиз? 

- Тўғри, “водий дербилари”да кўп қатнашганман. Дерби ўз номи билан дерби ва бундай ўйинлар қачон ҳамда қаерда бўлмасин, қизиқарли ва муросасиз тарзда кечган. Бу йилги “водий дербилари” эса аввалгиларидан ҳам қизиқроқ ўтишига шубҳа йўқ. Боиси, жорий йилда водий жамоаларининг ўз олдига юқори мақсадни қўяётгани бўлажак дербиларнинг жанговар ҳамда оловли  тарзда кечишидан далолат бермоқда.

- Нечанчи рақамни ёқтирасиз ва “Навбаҳор”да нечанчи рақамда ўйнамоқчисиз? 

- Менга 4-рақам ёқади ҳамда “Навбаҳор”да ҳам ушбу рақам остида тўп тепиш ниятидаман.

- Келажакдаги орзу ва режаларингиз? 

- “Навбаҳор” билан совринлар ютиш ниятидаман. Насиб этса, барчасига меҳнатларимиз орқали эришамиз.

- Фаолиятингиз давомида сизга кўп ташвиш туғдирган, зарарсизлантириш қийин бўлган ҳужумчи ким? 

- Фаолиятимдаги энг ноқулай ҳужумчи бу Москванинг ЦСКА жамоаси форварди Антон Заболотний бўлган. Москваликларга қарши ўртоқлик ўйини ўтказганимизда Заболотнийга қарши ўйнашда анча қийналганман. Унинг маҳорати ва даражаси анча юқори эканлиги, ўзгача даражадаги футболчи эканлиги билинганди.

- Мабодо, сизга танлаш имконияти берилганида, “Навбаҳор”га қайси футболчини таклиф қилардингиз? 

- Энди ўйинчиларни таклиф қилиш бизга боғлиқ эмас-ку, лекин шунақа танлов имконияти туғилиб қолса, албаниялик ҳужумчи Рубин Ҳебайни танлаган бўлар эдим. У билан “Андижон”да бирга ўйнаганмиз ҳамда Ҳебайнинг имкониятларини жуда яхши биламан ва бу “Навбаҳор”нинг янада кучайишига ёрдам беради, деб ўйлайман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!