Жаъфар Ирисметов: "Терма жамоа биргина Шомуродовдан иборат эмас"

Ўзбекистон миллий терма жамоамиз кеча Осиё Кубогининг 2-турида Ҳиндистонни 3:0 ҳисобида таслим қилди. Илк турдаги дурангдан кейин бу ғалаба албатта зарур эди. Терма жамоамиз собиқ футболчиси Жаъфар Ирисметов Sports.uz сайтига ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

"Барибир соф ҳужумчи бўлгани бошқача"

- Менимча, кўнгил тўладиган таркиб бўлди. Биринчи ўйиндан сўнг танқидлар кўп бўлганди. Дастлабки учрашувда иккала жамоа эҳтиёткорлик билан ўйнади, деб ўйлайман. Ҳиндистон билан баҳсда деярли 100 фоиз ютишимизга ишонганман. Ҳар қандай ҳолатда ҳам биринчи беллашувга нисбатан бу сафар яққол ҳужумчи билан чиқдик. Ўзим ҳужумчи бўлганим учун аниқ айта оламанки, барибир соф ҳужумчи бўлгани бошқача. Ҳиндистон бошида муносиб қаршилик кўрсатиб, яхши ўйин бошлади. Рақибни жуда бўш жамоа деб айтмаган бўлардим. Бизнинг футболчилар муносиб ўйин кўрсатиб, ҳақли ғалаба қозонишди. Биринчи ўйинга нисбатан ҳужумкор таркибни туширдик. Сурия билан баҳсдан аввал мен тахмин қилган схема тўғри чиқди. Иккинчи учрашувда ҳужумкор таркиб танлангани боис натижа ҳам яхши бўлди. Лекин ҳозирдан ғалабани нишонлашга эрта. Чунки Ҳиндистонни даражаси у қадар хурсандчиликка берилиш ҳолатида эмас. Кейинги учрашувда терма жамоамизнинг асосий кучини кўрамиз, деб ўйлайман.

терма жамоа1

"Ҳозир ҳеч кимга осон эмас"

- Австралия олдинги даражасида эмас, деб ўйлайман. Кейхилга ўхшаган ёрқин ўйинчилар йўқ. Барибир жамоавий ўйини бор. Гуруҳимизда Ўзбекистон билан Австралия кучли. Бошқа гуруҳлардаги ўйинларни ҳам кўряпман. Масалан, Таиланд ҳам кучайган. Олдин бўшроқ бўларди. Ҳозир ҳеч кимга осон бўлмайди. Уммонни Саудияга қарши учрашувини кўрдик. Ўртача терма жамоалар кучайишган. Кечаги ғалабадан кейин терма жамоамиз гуруҳдан чиқди. Аммо кейинги босқичларда қийинроқ бўлиши мумкин. Олдин ҳам терма жамоамиз Австралияга қарши яхшироқ ўйнаганида ҳам рақиб стандартлардан гол уриб кетган. Менимча, уларга қарши беллашувда стандартларга эътибор берилса, бизга қулайроқ бўлиши мумкин.

терма жамоа

"Сергеев Шомуродов ўрнини максимал ёпади"

- Ҳамма нарсани Элдор Шомуродовга боғлаб қўйяпмиз. Терма жамоа биргина Шомуродовдан иборат эмас. Тўғри, у ҳамма таъкидлаётгандек, терма жамоа учун жуда керакли футболчи. Асосий ҳужумчимиз эди. Бизда Игорь Сергеев ҳам бор. У ўзига қандай имконият берилса, бундан фойдаланиб голлар уряпти. Ўзбекистон учун Игорь ҳам муносиб ҳужумчи. Бобур Абдуҳолиқов ҳам бор. Бошқа ёшларимизга ҳам эътибор қаратиляпти. Норчаев эса “Алания”га кетиб ўзини кўрсата олмади. Ҳозирги кунда Шомуродовдан кейин асосий ҳужумчи Сергеев. Лекин Элдор футболчиларни қўллаб-қувватлаб, жамоадошларини руҳлантириб турибди. Шомуродов жароҳат оламан, деб ўйламаган. Менимча, Игорь Сергеев унинг ўрнини максимал даражада ёпади. Ҳиндистон билан учрашувда унга гол уриш қобилиятини ҳис қила олиши ҳам қўл келди ва ўша вазиятда гол уриб кетди. У қора ишни кўп қилади. Бўлажак рақибимиз сафида бўйдор ўйинчилари бор. Сергеев янада фойдалироқ бўлади.

терма жамоа2

"Осиё Кубогини ютишга қодирмиз"

- Ватанпарварлигимиз учун албатта Ўзбекистонни финалгача боришини ва Кубокни ютишини жуда хоҳлайман ва буни айта оламан. Биз тахмин қиламиз, ният қиламиз, у ёғи Аллоҳдан. Менимча, бу таркибимиз охирги йиллардаги энг кучлиси. Айтилганидек, Шомуродов етишмаётгани бор гап. Бироқ, жамоамиз максимал даражада юқорига кўтарилади, деб ўйлайман. Минимум кучли тўртликка ҳақлимиз. Максимал эса Осиё Кубогини ютишга қодирмиз. Йигитларга ишончимиз баланд. Барчаси максимал даражада курашади. Фақат иккита ўйинчи йўқ. Менимча, Азиз Ғаниев ҳам керак эди. Бу бизни фикримиз, бош мураббий Катанецни эса ўз режалари бор. Биз жамоамизга ишонамиз ва ёрқин ғалаба билан қайтишади.

Шуҳратбек Жўраев.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
АБВГДейка
19/01/2024 13:10
Азиз Ганиев керак эди