Жаҳон чемпионатидаги ғалати рекорд, мундиалга чиқиш учун ирода кўрсатган "аждарлар" — Уэльс терма жамоаси ҳақида

"ЖЧ-2022" стартига тобора оз вақт қолмоқда. Мухлис ва мутахассисларни интизорлик билан куттираётган турнир тез орада бошланади.

Қайси терма жамоалар "ЖЧ-2022"да иштирок этишини яхши биласиз. Агар ҳамон бундан хабардор бўлмасангиз яна бир  бор эслатиб ўтиб кетамиз.

Мундиаль стартига 25 кун қолган ва биз кетма-кетликда термалар билан сизни таништириб ўтамиз. Демак, "B" гуруҳининг сўнгги вакили Уэльс орқали ўзига хос "челленж"имизни давом эттирамиз.

Жамоа ҳақида

Уэльс Футбол Ассоциацияси (FAW). Лақаби — “аждарлар”.

Ташкил топган йил: 1876 йил, 8 февраль (ФИФАга 1910 йил аъзо бўлган)
Жамоа бош мураббийи: Роб Пейж
Жамоа сардори: Гарет Бэйл

Илк расмий учрашуви: Шотландия – Уэльс 4:0 (1876)
Энг йирик ғалаба: Ирландия – Уэльс 0:11 (1888)
Энг йирик мағлубият: Шотландия – Уэльс 7:0 (1878)

Уэльс терма жамоаси айни пайт ФИФА рейтингининг 19-поғонасини эгаллаб турибди. Барча даврлардаги энг яхши натижаси эса 8-ўрин бўлиб, 2015 йилда мазкур ютуққа эришган. 2011 йиллар атрофлари эса “аждарлар” учун қийин даврлар бўлган. Ўшанда Уэльс терма жамоаси рейтингдаги энг ёмон натижаси қайд этган, яъни улар ўша йилнинг август ойида нақ 117-поғонага тушиб кетган.

Уэльс терма жамоаси 1950 йилдан буён барча жаҳон чемпионатлари саралашида қатнашади, аммо шу кунгача фақат икки марта мусобақа йўлланмасига эга чиққан — 1958 ва 2022 йиллар.

1958 йилда улар турнир чорак финалига қадар етиб бориб, Бразилия томонидан мусобақадан чиқариб юборилди. Шундан кейин улар ҳар доим саралаш босқичида қатнашган, бироқ мусобақа чиптасини қўлга кирита олмаган. Орадан 64 йил ўтиб, Уэльс терма жамоаси ниҳоят яна мундиаль иштирокчисига айланди. Яна ҳам қизиқ томони шундаки, “аждарлар” турнирга йўл олган сўнгги иштирокчилардан бири ҳисобланади.

Турниргача босиб ўтган йўли

Уэльс терма жамоаси жаҳон чемпионати саралаш турнирида “Е” гуруҳидан жой олди ва Бельгия, Чехия, Эстония ва Беларусь жамоалари билан бирга Қатар йўлланмаси учун курашди. Охирги тургача плей-оффга ким бориши маълум эмасди. Бельгиядан кейинги ўринга Уэльс ҳамда Чехия терма жамоалари даъвогарлик қилишди.

Сўнгги турда мундиалга тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритиб бўлган Бельгия сафарда уэльсликлар билан тўқнаш келди. Чехия терма жамоаси ўз майдонида Эстонияни қабул қилди. Чехлар эстонияликларни мағлуб этиши ва Бельгия Уэльс устидан ғалаба қозонишига умид қилиши керак эди. Якунда эса Гарет Бэйл бошчилигидаги жамоа юлдузли бельгияликлар билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаб, керакли очкони қўлга киритди. Бу Роб Пейж шогирдларига чехлардан бир очкога ўзиб кетишга ҳамда плей-офф йўлланмасини қўлга киритиш имконини берди.

Қуръа натижасига кўра, Уэльс термаси Австрия билан тўқнаш келиши, агар уларни мағлубиятга учратса, Шотландия - Украина жуфтлиги ғолиби билан ҳал қилувчи саралашда ўйнаши керак эди.

Австрияликларга қарши беллашувнинг асосий қаҳрамони Гарет Бэйл бўлди. У Кардиффда дубль қайд этиб (2:1), жамоасини ҳал қилувчи босқичга олиб чиқди.

Якуний баҳсда Уэльс терма жамоаси плей-оффнинг ярим финалида шотландлардан 3:1 ҳисобида устун келган Украина термаси билан тўқнаш келди. Ёмғирли тунда бўлган учрашув натижасини битта эпизод ҳал қилди. Учрашувнинг 34-дақиқасида Бэйл жарима зарбасини ижро этгандан кейин украинлар ҳимоясидаги пала-партишликлар юзага келди ҳамда ўша вазиятда Андрей Ярмоленко ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди. Мазкур натижа баҳс охиригача ўзгаришсиз қолди ва Уэльс терма жамоаси Қатардаги жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Жамоа етакчилари

Уэльс терма жамоасида АПЛ ва Англиянинг қуйи дивизионлари ҳаракат қиладиган футболчилар Уэльс терма жамоасининг асосий фигуралари ҳисобланади. “Аждарлар” таркибида Англия элит дивизиони вакиллари - “Тоттенхэм”, “Челси”, “Лестер”, “Лидс”, “Ноттингем Форест”, “Фулхэм” ва “Борнмут” шарафини ҳимоя қиладиган футболчилар бор. Ўтган йил давомида Уэльс терма жамоаси таркибида “Бёрнли”, “Шеффилд”, “Уимблдон”, “Суиндон”, “Портсмут” ва “МК Донс”да ҳаракат қиладиган футболчилар ҳам чақирув олди. Терма жамоага Уэльс клубларидан фақат битта ўйинчи жалб қилинади - "Суонси"да ўйнайдиган 32 ёшли ярим ҳимоячи Жо Аллен.

“Аждарлар” сафида энг кўп ўйин ўтказиш бўйича рекорд “Уимблдон”нинг ўнг қанот ҳимоячиси Крис Гарнетга тегишли. 33 ёшли футболчи терма жамоада 108 та ўйин ўтказган. У мазкур кўрсаткич бўйича Гарет Бэйлни икки ўйинга ортда қолдирмоқда. Учинчи ўрин эса Уэльс терма жамоаси посбони Уэйн Хеннессига тегишли. Кипер ҳозиргача терма жамоа сафида 103 та ўйин ўтказган.

Жаҳон чемпионатига чиққанидан кейин Уэльс терма жамоаси ўзига хос рекорд ўрнатди. Дунёнинг ҳеч бир жамоасида жаҳон чемпионатларида қатнашиш ўртасида бунчалик узоқ танаффус бўлмаган. Олдинроқ айтилганидек, “аждарлар” учун Қатардаги жаҳон чемпионати 64 йил ичидаги биринчи мундиал бўлади.

“Transfermarkt” маълумотларига кўра, Уэлс терма жамоасининг умумий қиймати 139,2 миллион еврони ташкил қилади. Бу кўрсаткич бўйича улар жаҳон чемпионатининг барча иштирокчилари орасида 20-ўринни эгаллаб туришибди.

"ЖЧ-2022"даги тақвими

21 ноябрь. Уэльс — АҚШ
25 ноябрь. Уэльс — Эрон
29 ноябрь. Уэльс — Англия

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!