Жаҳон чемпионатига чиқолмаган Италия Гвардиолани ёрдам чақиряпти
“Манчестер Сити” бош мураббийи Пеп Гвардиола 2026 йилги жаҳон чемпионати саралаш босқичидан ўтолмаган Италия миллий терма жамоаси бош мураббийига айланиши мумкин.
Жаҳон чемпионати саралашининг плей-офф ўйинларида, италияликлар Босния ва Герцеговинага ютқазганидан сўнг, Италия футбол федерацияси бош мураббийни алмаштириш ҳақида жиддий ўйлаб қолди.
La Gazzetta dello Sport маълумотига кўра, асосий номзодлардан бири Антонио Конте ҳисобланади, аммо унинг эҳтимолий тайинланиши “Наполи” билан амалдаги шартномаси туфайли қийинлашмоқда.
Шунингдек, номзодлар қаторида аввал Италия терма жамоасини “Евро-2020” ғалабасига олиб чиққан Роберто Манчини ҳам кўриб чиқилмоқда. Хабар қилинишича, федерация раҳбариятида ўзгаришлар бўлса, унинг қайтиш эҳтимоли ошади.
Бундан ташқари, номзодлар рўйхатида Массимилиано Аллегри ҳам бор, аммо уни “Милан” қўйиб юбормоқчи эмас. Бу мураккабликлар фонида федерация хорижлик мутахассис вариантини ҳам кўриб чиқа бошлади.
Номзодлардан бири сифатида “Манчестер Сити” бош мураббийи Пеп Гвардиола ҳам кўрилмоқда. Хабар қилинишича, агар испаниялик мутахассис жорий мавсумдан кейин Манчестер клубини тарк этса, Италия федерацияси уни миллий жамоага таклиф қилишга ҳаракат қилади.
Қайд этиш жоизки, Гвардиола жаҳон футбол тарихидаги энг муваффақиятли ва энг кўп соврин ютган мураббийлардан бири ҳисобланади. У фаолияти давомида “Барселона”, “Бавария” ва “Манчестер Сити”да ишлаб, 40 дан ортиқ соврин ютиб олган.
Энг катта муваффақиятга у 2008–2012 йилларда “Барселона” билан эришган. Бу вақт ичида жамоа 14 та мусобақада ғолиб чиққан, улар орасида икки марта Чемпионлар лигаси (2009, 2011), учта Испания чемпионлиги ва икки марта клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати бор.
“Бавария” билан (2013–2016) Гвардиола 7 та совринни қўлга киритган, жумладан Бундеслигада кетма-кет уч марта чемпионлик ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидаги ғалаба.
2016 йилдан буён Пеп “Манчестер Сити”да ишламоқда ва яқинда Англия лигаси кубогида зафар қучиб, 19 совринига эга чиқди.
Фикрлар