Жаҳонгир Ўрозов: "Гол уриш ва терма жамоага ёрдам бериш ҳар доим ёқимли"
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Габон ҳамда Венесуэлага қарши ўтказилган ўйинларида футболчиларимиз орасида Жаҳонгир Ўрозов ҳам ўзидан илиқ таассурот қолдирди.
“Динамо” ҳимоячиси Фабио Каннаваронинг ишончини қозониб бораётгани кўриниб турибди.
Куни кеча Sports.uz журналисти Ўрозов билан суҳбатлашди.
- Жаҳонгир, авваламбор FIFA Series даги ғолиблик билан табриклайман. Таассуротларингиз қандай бўлди?
- Авваламбор, ассалому алайкум. Табриклар учун раҳмат. Таассуротлар албатта ижобий.
- Ушбу муваффақиятда сизнинг ҳам муносиб ҳиссангиз бор. Масалан, Габонга қарши учрашувда гол урдингиз ва охирги дақиқада жамоамизни муқаррар голдан қутқардингиз. Ўша ҳолатни қандай изоҳлайсиз?
- Албатта, гол уриш, терма жамоага ёрдам бериш ҳар доим ёқимли. Мен ўз вазифамни бажардим.
- Венесуэла билан учрашув билан Габон билан баҳсни таққослаганда қандай фарқлари кўринди?
- Габон терма жамоасини ҳам кучсиз дея олмайман, лекин Венесуэла Жанубий Америка жамоаси ҳисобланади. Бу жамоа ЖЧ саралашида Бразилия, Аргентина каби рақибларга муносиб қаршилик кўрсатган жамоа. Биз бу жамоа билан муносиб ўйнаб ғолиб бўлдик, демак терма жамоамиз ҳар бир рақиб билан чиройли футбол ўйнашини кўрсата олдик.
- Венесуэлага қарши ўйинда Абдуқодир Хусанов билан ҳимояда тандем ҳосил қилдингиз. У билан ҳимоядаги тандем ҳақида нима дея оласиз?
- Абдуқодир тенгдошим дўстим, биз бир-биримизни бир қарашда тушуна оламиз, жуда ҳам яхши тандем бўлиб яхши ўйин ўтказдик.
- Хусанов билан бирга ўйнаш сизга яна қайси томонлама манзур бўлди?
- Тажрибали, яхши футболчи. Лекин ҳар бир футболчини ўз ўйин услуби бор. Мураббий берган кўрсатмаси бор, биз ўз ишимизни бажарамиз.
- Доим сизга трансфер ойнаси вақтида четдан жиддий таклифлар бўлаётгани ҳақида эшитяпмиз. Ўзингизни қачон легионер сифатида четда тўп суришга тайёрман деб ўйлайсиз?
- Бу савол ҳар доим берилади. Ёқимли, албатта. Жавобим ҳар нарсани ўз вақти соати бор. Аввало, Аллоҳни изни билан бўлади, ҳар нарса. Ёзги трансфер ойнасида янгилик бўлиб қолиш керак. Бу борада менежерларим иш олиб боряпти. Менга ҳар томонлама тўғри келадиган жамоа топади, деган умиддаман.
Фикрлар