Жамшид Саидов: "Эътибор берган бўлсангиз, биз ҳужумчисиз майдонга тушяпмиз"

Суперлига 2-туридан ўрин олган Қизилқум – Сурхон (2:1) учрашувидан сўнг навоийликлар бош мураббийи Жамшид Саидов ўз фикрларини билдириб ўтди.

"Ғалабага эришганимиздан хурсандман. Қаторасига иккинчи ўйинки, иккинчи бўлимда яхши ҳаракат қила олмаяпмиз. Менимча, бу психологияга боғлиқ. "Бунёдкор" билан беллашувда танаффусга қадар 3:0 ҳисобида олдинда эдик. Иккинчи таймда эса йигитлар ғалабага эрта ишониб қўйишмоқда. Шунга қарамай, 3 очкони қўлга кирита олдик. Бу ерда жисмоний тайёргарлик ёмон демаган бўлардим. Бу жиҳат келгуси турларгача изига тушиб кетади.

"Қизилқум" олдига ўтган йилгидан яхши натижа қайд этиш вазифаси қўйилган. "Насаф" ва "Локомотив"га қарши учрашувларда ҳам бор кучимиз билан ўйнашга интиламиз. Чемпионатда енгил ўйинлар йўқ.

Эътибор қаратган бўлсангиз, биз ҳужумчисиз майдонга тушяпмиз. Ғиёсов ва Лобжанидзе жароҳати сабаб жамоамизга ёрдам бера олмаяпти".

ЎзПФЛ матбуот хизмати.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!