Жамшид Саидов: "Қизилқум"ни бу иккинчи таркиби деб ёзишганига гувоҳ бўлдим. Бунга бир қатор сабаблари бор эди"
Ўзбекистон Кубоги чорак финалидан ўрин олган “Қизилқум” – “Андижон” (0:3) учрашувидан сўнг навоийликлар бош мураббийи Жамшид Саидов саволларга жавоб қайтарди.
- Биз иккинчи таркибимиз билан майдонда ҳаракат қилдик. “Андижон”га етарлича қаршилик кўрсатдик, деб ўйлайман. Бугун бир қатор ёш футболчиларимизга имконият бердик. Иккита фронтда тенгма-тенг курашиш анча мушкул. Шу боис бугунги учрашувда ёшларга ҳам кўпроқ имконият беришга қарор қилдик. Кўрдинглар, иккинчи таркибимиз ҳам имкон қадар яхши ўйин кўрсатишга ҳаракат қилди. Лекин жамоамизда ўхшамади. Энди барча эътиборимизни чемпионат ўйинларига қаратамиз. “Қизилқум”ни бу иккинчи таркиби деб ёзишганига гувоҳ бўлдим. Бунга бир қатор сабаблар бор эди. Ёшларимиз ўйинида камчиликлар кўзга ташланди. Бироқ улар мана шундай учрашувлар орқали тажриба орттиришади, деб ўйлайман. Ўйлайманки, ёмон ўйин кўрсатишмади. Йигитларга миннатдорчилигимни билдираман. Бир қанча вазиятларда ёшларимизни тажрибасизлиги ҳам панд берди.
- “Андижон” чемпионатда 19 очко, “Қизилқум” эса 18 очко тўплаб турибди. Аммо “Андижон” ўз олдига мақсад қўйиб Кубокда муваффақият қозониб Осиё майдонларига чиқмоқчи...
- Тўғри, жамоалар чемпионатда ёнма-ён. Лекин бизни олдимизга Кубокда аниқ мақсад қўйилмаганди. Шу боис иккинчи таркибимизга ҳам имконият беришга қарор қилдик. Ёшларга имконият бериш орқали Кубокнинг ўтган босқичида сафарда “Машъал”ни мағлубиятга учратиб чиқдик. Мана шундай беллашувлар орқали ёшларимизга имконият тақдим этиб боряпмиз. Иккинчи давра анча оғир ва қийин ўтиши кўриниб турибди.
- Раҳбарият олдингизга Кубокда аниқ мақсад қўймагандир, аммо мухлислар учун ўзинглар Кубокда ҳам ҳаракат қилиб кўрсанглар бўлмасмиди?!
- Сизга яна бир марта айтаман: буни ўзига яраша сабаблари бор. Ўйлайманки, биз тўғри қарор қабул қилдик. Боя айтдим, аммо сиз яна қайтадан шу саволни беряпсиз. Буни ўзига яраша сабаблари бор. Биз иккинчи таркиб билан майдонга тушдик, лекин ўхшамади, тамом. Бу нарсани яна такрорлашни ҳожати йўқ.
- Ёшлар билан ҳам ютишингларга ишонганмидингиз?
- Албатта, ишонгандим. Ҳар бир мураббий жамоасининг ғалабасига ишонади. Футболчилар ҳаракат қилишди ва улар яхши ўйнашди. Қаердадир ўхшамади, қаердадир тажриба етишмади. Ўтказиб юборилган голларда ёш болаларча хатоларга йўл қўйдик. Биринчи ва икинчи голларда шундай хатоларга йўл қўйдик. Таркибимиздаги 4-5 нафар футболчиларимиз биринчи марта бундай даражадаги ўйинда майдонга тушишди. Уларда ҳаяжон бўлди ва баъзида қаерга югуришни ҳам билмай қолдилар. Тажрибаси йўқлиги кўриниб турди. Бундай ўйинлар орқали малакаси ошиб боради. Эртага Суперлига ўйинларида майдонга тушиб яхши натижа кўрсатишлари учун мана шундай учрашувларда тажриба орттиришлари керак, деб ҳисоблайман.
Фикрлар